Жаҳон | 22:15 / 10.10.2025
4690
3 дақиқада ўқилади

Қайта тикланадиган энергия манбалари кўмирни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик электр энергияси манбаига айланди

Таъкидланишича, тоза энергетикага ўтишнинг яна бир энг муҳим ютуғи шундаки, жаҳонда янги энергияга бўлган ялпи талаб 100 фоиз қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қопланмоқда.

Хитой / Фото: AFP

Қуёш ва шамол энергияси каби қайта тикланадиган энергия манбалари йилнинг биринчи ярмида бошқа энергия манбаларига, шу жумладан кўмирга қараганда кўпроқ электр энергиясини ишлаб чиқарди. Бу ҳақда Goodnews хабар берди.

Таъкидланишича, тоза энергетикага ўтишнинг яна бир энг муҳим ютуғи шундаки, жаҳонда янги энергияга бўлган ялпи талаб 100 фоиз қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қопланмоқда.

Кўмир сўнгги 50 йил ичида дунёда энг кўп истеъмол қилинадиган энергия манбаи бўлиб келган. У бу мақомни ўтган йилгача сақлаб қолди. Аммо 1975 йилдан бери қуёш энергияси бозоридаги нархларнинг 99,9 фоизга пасайиши билан ундан энергия манбаи сифатида фойдаланиш паст ва ўрта даромадли мамлакатлар учун анча фойдали бўлиб бормоқда.

Хитой қайта тикланадиган энергия манбаларини фаол ўзлаштиришни давом эттирди, ўтган йили бутун дунёдан кўра кўпроқ тоза энергия ишлаб чиқарди ва кўмир электр станциялари парки кенгайишига қарамай, қазиб олинадиган ёқилғи истеъмолини 2 фоизга камайтирди.

Фото: Getty Images

Ушбу маълумотлар Ember энергетика таҳлилий маркази томонидан тақдим этилган бўлиб, унинг катта таҳлилчиси Маргарита Вятрос-Мотика 2025 йил «тоза энергия талабнинг ўсиши билан бирга борадиган ўтиш даврининг бошланиши» эканини таъкидлади.

Қуёш энергиясининг асосий қисми (58 фоизи) ҳозир паст даромадли мамлакатларда ишлаб чиқарилмоқда. Айниқса, қуёш энергияси арзонлашган ҳозирги пайтда, иссиқлик электр станцияларини молиялаштириш ва қуриш талаб қилганидек, 10, 20 ёки 30 йилга сармоя киритишдан кўра, янги тармоқ қувватларини кенгайтириш анча тезроқ.

Аксарият мамлакатлар қазиб олинадиган ёқилғи ишлаб чиқармайди, аммо уларнинг барчаси қуёш ва шамолдан фойдаланиш имкониятига эга ва шунинг учун қайта тикланадиган энергия манбаларига таяниб, кўмир, нефт ёки табиий газни импорт қилиш имкониятига эга бўлиш учун хорижий валюта бозорларига киришлари шарт эмас.

«Масалан, Покистон 2024 йилда 17 гигаватт (ГВт) қуёш энергиясини ишлаб чиқара оладиган қуёш панелларини импорт қилди, бу ўтган йилга нисбатан икки баравар кўп ва мамлакатнинг ҳозирги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватининг тахминан учдан бир қисмига тенг», деб хабар берди BBC.

Жанубий Африка, Жазоир ва Ботсвана ҳам қуёш энергияси афзалликларидан фойдаланди.

Шамол турбиналари ва улар билан боғлиқ инфратузилма қуёш энергияси каби арзонлашмади, бу эса Буюк Британия ва Норвегия каби «шамол минтақаси» деб аталадиган мамлакатлар учун тўсиқ бўлиши мумкин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид