Ўзбекистон | 08:39 / 21.11.2020
10273
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилоятида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилади

Қашқадарё вилояти ҳудудида кўчмас мулк объектлари, шу жумладан ер участкалари ҳисобини тўлиқ ва аниқ юритиш мақсад қилинган.

Фото: Fotolia

Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилояти ҳудудида ер ҳисобини юритиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Қашқадарё вилояти бўйича ер ҳисобини юритиш ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари қониқарсиз олиб борилган.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар:

Қашқадарё вилоятида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказади;

Қашқадарё вилоятида мавжуд бино ва иншоотлар ҳамда ер турлари, ўлчами, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотлар Кадастр агентлигининг онлайн геопорталига киритилишини ташкил этади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ Қашқадарё вилоятида:

а) 2020 йил 25 ноябрдан бошлаб 2021 йил 1 мартга қадар:

  • хатлов жараёнида кўчмас мулк объектларига яшил, сариқ ва қизил кадастр йиғмажилдини (паспортини) тайёрлаш тизими жорий этилади;
  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган кўчмас мулк объектларига яшил кадастр йиғмажилди (паспорти) тайёрланади;
  • ер участкаси, бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган кўчмас мулк объектларига сариқ кадастр йиғмажилди (паспорти) тайёрланади;
  • ҳуқуқи белгиланмаган ва ер участкаларидан ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларсиз фойдаланилаётган, ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларга қизил кадастр йиғмажилди (паспортини) тайёрланади;
  • кўчмас мулк объектларига тайёрланган қизил ва сариқ кадастр йиғмажилди (паспорти) фақатгина рўйхатдан ўтказувчи органларида ҳисобга олиш ва маълумотлар базаси шакллантириш ҳамда ушбу кўчмас мулк объектларига солиқ солиш мақсадида фойдаланилади ва кўчмас мулкни олди-сотди қилиш, айирбошлаш, мерос, ҳадя ва бошқа турдаги бегоналаштириш, шунингдек, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланмайди;
  • Кадастр агентлиги ҳузуридаги Давлат кадастрлари палатасининг Қашқадарё вилояти бошқармасига кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни бирламчи кадастр йиғмажилдини (паспорти) истисно тариқасида ариза олмасдан тайёрлашга рухсат берилади;

б) 2021 йил 1 апрелга қадар:

  • моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган жисмоний шахсларга кадастр йиғмажилдларни (паспортларни) тайёрлаш бепул асосда амалга оширилади;
  • жисмоний ва юридик шахсларга хатлов даврида кадастр йиғмажилдларни (паспортларни) тайёрлаш учун тўлов миқдорлари қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан 50 фоизга камайтирилган ҳолда амалга оширилади;
  • жисмоний шахсларга, фермер ва деҳқон хўжаликларига тегишли кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бирламчи давлат рўйхатидан ўтказиш бепул асосда амалга оширилади.

Мавзуга оид