Ўзбекистон | 17:25 / 15.09.2022
9926
3 дақиқада ўқилади

Эксперт янги темирйўл ҳақида: Хитойнинг қарашлари ўзгараётгани бу лойиҳа аҳамиятини оширади

Самарқандда ўтказилаётган ШҲТ саммити доирасида жуда муҳим битим – “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темирйўли қурилиши тўғрисидаги уч томонлама ҳужжат имзоланди. Кўпдан бери диққат марказида бўлиб турган лойиҳанинг аҳамияти тўғрисида саммит экспертларидан бири, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти Рустам Маҳмудов билан суҳбатлашдик.

Фото: 24.kg

– Рустам Баҳодирович, “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темирйўли қурилиши тўғрисида кўпдан бери гапирилади, бироқ шу пайтга қадар жиддий қадамлар кўзга ташланмаганди. Айнан ШҲТ доирасида қатъий қадам қўйилишига нима туртки бўлди?

– Авваламбор сиёсий ирода, давлатлар раҳбарларининг қатъияти ва ўзаро ҳамкорликнинг жиддийлиги. Лойиҳанинг тезкор татбиқ этилмагани ёки бугун унга жиддий қаралаётганига бошқа сабаблар ҳам бор. Бир неча йил аввал Хитойнинг асосий иқтисодий вектори йирик давлатларга қаратилганди. Сўнгги йилларда бу давлатнинг ғарб билан, хусусан АҚШ билан муносабатларидаги мураккабликлар ҳатто савдо уруши даражасига чиқиб кетди. Бу албатта йўналишлар ўзгаришига сабаб бўлади, яъни Хитойнинг қарашлари ўзгараётгани лойиҳа аҳамиятини кескин оширди.

Албатта, ҳозир ҳам Хитойнинг йирик давлатлар билан савдо ҳажми жуда улкан. Умуман, Хитой дунёнинг энг йирик экспортёри ва барча давлатлар билан алоқалардан манфаатдор. Саволга қайтадиган бўлсак бу лойиҳа Хитой учун жадал ривожланаётган, аҳолиси кўпайиб бораётган Марказий Осиё ҳудуди учун янги имкониятларни очади.

Лойиҳани фақат Хитой учун манфаатли деб тушунмаслик лозим, у барча учун, ҳатто алоқадор бўлмаган давлат учун ҳам фойдали. Ўзбекистон экспорти муттасил ошиб бормоқда, Хитойдек йирик давлат бозорига ягона транспорт тизими орқали тезкор ва арзон кириб бориш жуда муҳим.

– Лойиҳадаги учинчи томон – Қирғизистоннинг ўрни ҳақида нималарни айта оласиз?

– Юқорида айтганимдек “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темирйўли деган жумланинг ўзиёқ барча бирдек манфаатдорлигини англатади. Қирғизистон ўз ҳудудидан коридор бериши йўл атрофидаги ҳудудлар ривожига таъсир қилади, қурилиш даврида ва ундан кейин иш ўринлари яратилади, савдо-сотиқ ривожланади.

Бандан ташқари Қирғизистон ҳам саноатини фаол диверсификация қиляпти. Қўшниларимизда ҳам тўқимачилик, туризм каби соҳалар ривожланяпти, экспорт ҳажми ошяпти. Шундай экан, ҳужжатда ўз имзоларини акс эттирган ҳамма томонларнинг хурсандчилигига тўла асос бор.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Муаллиф:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид