Ўзбекистон | 09:21 / 11.12.2020
6038
4 дақиқада ўқилади

Жиззахда Н.Пирогов номидаги Россия тиббиёт университети филиали ва филиал клиникаси ташкил этилади

Республика иқтисодиётининг соғлиқни сақлаш соҳаси тармоқлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш мақсад қилинган.

Фото: medvestnik.ru

Вазирлар Маҳкамасининг “Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва “Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Жиззах шаҳрида “Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий текшириш тиббиёт университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси филиалини ва “Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси филиали клиникасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Филиал ва Филиал клиникаси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

  • республиканинг соғлиқни сақлаш соҳаси тармоқларидаги муҳим тиббий-касбий ва тиббий-технологик вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали тиббиёт кадрларни тизимли-узлуксиз халқаро таълим стандартларига мувофиқ тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • даволаш иши, педиатрия иши, стоматология, фармация ва тиббиётнинг бошқа соҳаларида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш;
  • соғлиқни сақлаш соҳасида тиббиёт кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;
  • тиббий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг яқин интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;
  • илмий-педагогик салоҳиятнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини фаол такомиллаштириш;
  • клиникада, клиник, ўқув ва ўқув-амалиёт базаларида талабалар амалий кўникмаларини самарали ўзлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш;
  • тиббий таълим ҳамда илмий-техникавий соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва бизнес ҳамжамияти билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

Белгилаб қўйилишича:

  • Филиал ва Филиал клиникаси – юридик шахс мақомига эга давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга бўлган, тасарруфидаги пул маблағлари ва мол-мулки билан ўз мажбуриятлари бўйича жавобгар ҳисобланади;
  • Филиал директори ва Филиал клиникаси бош шифокори Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Бош муассаса билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
  • Филиал клиникаси муассиси Филиал ҳисобланади ҳамда Филиал клиникаси фаолияти Филиал томонидан мувофиқлаштирилади;
  • Филиал тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда ўқитишнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган асосий бакалавриат йўналишлари (магистратура ва клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари) бўйича барча даражалардаги мутахассисларни, шу жумладан, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширади;
  • Филиалда ўқитиш рус тилида, Россия Федерациясининг федерал таълим стандартларига мувофиқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Бош муассаса томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларга мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади;
  • Филиалнинг таълим фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади;
  • Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университет дипломи берилади.

Филиал Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри, Х.Носиров кўчаси, рақамсиз уйда жойлашган, ҳозирда бўш турган Жиззах авиасозлик касб-ҳунар коллежи биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид