Ўзбекистон | 08:15 / 22.11.2022
32926
6 дақиқада ўқилади

“Тўраевми Туарефф?” – Ўзбек Тўраев Францияда Мишель Туарефф бўлиб кетгани ҳақида ҳаётий ҳикоя

Инсон тақдири қизиқ, ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди. Бир қарашда ўзбек ва француз турлича миллатлар. Аммо иккинчи жаҳон уруши даврида қисмат тақозоси билан ўз юртидан айро тушиб, французларга қўшилиб кетган сурхондарёлик Ўзбек Тўраев бу икки миллатни ўзида мужассам этгани билан эътиборга молик. Ўзбекистон президентининг Францияга ташрифи кунларида бу ҳаётий ҳикоя кўпчиликни қизиқтиради деб ўйлаймиз.

Сурхондарёнинг кичик темирйўл станцияларидан бири ёнида 1923 йилда туғилган Ўзбек Тўраев (Ўзбек – исм) оиладаги 5 фарзанднинг тўнғичи эди. У оилавий шароит оғирлиги учун бешинчи синфдан ишлай бошлайди. Темирйўл станциясида руслар жуда кўп ишлашгани учун Ўзбек русчани яхши ўрганиб олади.

Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, Ўзбекистонда ҳам сафарбарликка киришилганида 16 ёшли Ўзбек Тўраевни ҳам фронтга жалб қилишади. Аниқроғи, унинг ўзи фронтга жўнаш ҳақида ариза беради. Ота-онасини эса фақат кетиш кунида хабардор қилади. Қисқа муддатли сержантлик мактабида тайёргарликдан ўтган Ўзбек Тўраев жанг майдонига, Сталинградга жўнатилади.

Ҳали қурол тутиб кўрмаган, уруш нималигини билмаган қишлоқ боласи учун бу ҳақиқий шок эди. СССРнинг ўша пайтдаги тактикасига кўра Германиянинг ҳарбий технологик устунлигига сон-саноқсиз аскарларни қарши қўйиш орқали натижага эришиш мўлжалланганди. Ўзбек Тўраев ҳам ана шу талатўпларга тушиб қолади ва ҳали жангларга кўникиб улгурмай бу жараёнларга қўшилиб кетади. Лекин шунга қарамай мардларча жанг қилади ва жасорати учун лейтенантлик унвонига ҳам сазовор бўлади. Пулемётчилик қилаётган Ўзбек билан бирга бир гуруҳ аскарлар Сталинград остонасида асир тушиб қоладилар.

Немислар коммунистлар ва яҳудийларни дарҳол отиб ташлашади. Қолганларни эса Украина ичкарисига ишлаш учун юборишади. Поездларни таъмирлашга жалб қилинган қаҳрамонимиз шу ерда ҳам тинч юрмайди ва душманни ичдан емиришни ният қилган диверсантлар гуруҳига қўшилади. Аммо кўп ўтмай бу гуруҳ фош этилади ва аъзолари отиб ташланади. Ўзбек ва унинг дўсти Николай қочишга муваффақ бўлишади.

Аммо яна қўлга тушиб қолганларида иккилари ҳам отувга ҳукм қилинади. Николай ўлади, Ўзбек эса ўликлар орасида жон сақлаб қолади. Қоронғи тушиши билан чуқурдан чиққан Ўзбек яна қочишга ҳаракат қилади. Бироқ бу сафар ҳам қўлга тушиб, Франциянинг Эльзас шаҳридаги концлагерга жўнатилади.

У асирликка кўникмаган, мағрурлиги туфайли ўлимдан қўрқмай қочишни ўйларди. Бу ердан ҳам қочиб кетади. Немислар ҳам анойи эмасди, қўлга туширадилар. Яхшики ит эгасини танимайдиган пайтлар эди. Тўраевнинг шунча марта қочганини билишса, дарҳол қатл қилишарди. Бироқ уни шахтага, мураккаб шароитга ишга жўнатадилар. Иш шу даражада оғир эдики, ҳар куни 30-40 кишининг ўлиги чиқарди.

Бу тарзда ўлим топишни истамаган Тўраев уч нафар французларга қўшилиб бу ердан ҳам қочади ва француз партизанларига бориб қўшилади. Бу партизанлар орасида руслар ва ҳатто туркманлар борлиги уни ҳайратда қолдиради.

Ғалабани Ўзбек Францияда кутиб олади. Уруш якунланганидан кейин у юртига қайтиши мумкин эди, ватанини ниҳоятда соғинганди. Аммо асирлар СССРда қандай кутиб олинаётгани, қамоққа ташланаётгани ёки отилаётганини эшитиб, фикридан қайтади. Француз қизга уйланади, ўғил кўради. Лекин оилавий ҳаёти бир текис кечмайди, ажрашадилар.

Француз дўстлари уни фермага ишга жойлаштириб қўйишади. Кейинчалик у собиқ ҳарбий офицер сифатида Франциянинг Хорижий легионига хизматга боради. Ундан исм-шарифини сўраганларида “Ўзбек Тўраев” деб жавоб беради. Аммо французлар қулайлик учун унинг ҳужжатини Мишель Туарефф деб расмийлаштирадилар. Шу тарзда Ўзбек расман Мишелга айланиб қолади.

Хорижий легион мунтазам урушларда қатнашарди. Мишель ҳам Вьетнамда, Африка қитъасидаги қатор давлатлардаги жангларда 7 йил иштирок этади ва Франция шарафини ҳимоя қилади. Бу вақт оралиғида у ватанига бир нечта мактуб ва суратлар йўллайди, аммо жавоб олмайди.

Францияга қайтганидан кейин у бадавлат фермернинг гўзал қизи билан танишиб қолади ва унга уйланади. Бахтли оила икки фарзандни вояга етказадилар. Аммо хотинининг умри қисқа эди, ракдан вафот этади.

Узоқ йиллар ҳарбий хизматдан сўнг Мишель Туарефф 1989 йилда полковник мақомида истеъфога чиқади. 1994 йилда у илк бор ватанига боради Самарқанд, Бухороларни зиёрат қилади. Аммо Болдир станцияси, Ворошилов колхозидан бошқа нарсани эслаб қолмаганди. Уйини тополмайди ва гуруҳдан ажрала олмай Францияга қайтиб кетади.

1999 йилда у иккинчи марта Ўзбекистонга келади ва гидларга ўзи ҳақида батафсил маълумот беради ҳамда уйини топишда ёрдам сўрайди. Бу сафар омади келади, узоқ суриштирувлардан сўнг у ўз укаси Жўрани топади. Орадан деярли 60 йил ўтиб учрашган ака-укалар бир-бирини қучоқлаб йиғлашади. Жўра Тўраевнинг маълум қилишича, хориждан келган хатлар учун уни НКВДга чақиришади ва қийноққа солишади. Ҳар қандай хат қабул қилишни тақиқлаб, акаси бедарак йўқолган деб эълон қилинганини билдиришади.

Ўзбекистонда бир ой яшаган Ўзбек-Мишель яна Францияга қайтиш ҳаракатига тушади. Уни қолишга кўп ундайдилар, бироқ оиласи, болалари, уй-жойини ўйлаб қайтишга қарор қилади. Қолаверса, унинг бутун онгли ҳаёти Франция билан боғланиб қолганди.

Ўзбек Тўраев Францияда вафот этган ва шу ерга қўйилган. Унинг фарзандлари бу давлат аҳлига қўшилиб кетишган.

Аброр Зоҳидов, Париж.

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид