Жамият | 13:40 / 23.04.2022
17912
3 дақиқада ўқилади

Экофаолларни мукофотлаш: Тизим қандай ишлайди ва қачон ишга тушади?

Хабар берганимиздек, экологик ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганларга пул тўланадиган бўлди. Хўш, дарахт кесилиши, сув, ҳаво, тупроқ ифлосланиши, чиқинди ташлаш ва бошқа кўплаб қонунбузарликлар билан боғлиқ ҳолатларни фото ва видеога олиб, қаерга жўнатиш керак? Масалага мутахассисдан жавоб олдик.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Экологик ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш мультимедиа маркази директори Даврон Абдуллаев бизга қуйидагиларни маълум қилди.

“Ўзбекистон президентининг 2021 йил 30 декабрда тасдиқланган 46-сонли фармонига кўра, 2022 йил апрель ойидан бошлаб экология соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган фото ва видеоматериалларни Давлат экология қўмитаси ягона портали – “Эконазорат” тизимига юбориш белгиланган эди. Бугунги кунда бу тизим синов тариқасида Тошкент шаҳрида ишга туширилган. Атроф-муҳитга зарар етказиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани туфайли жамоатчилик ёрдами муҳим. Жамоатчилик вакилларини эса ўз навбатида рағбатлантириш давлат раҳбари томонидан топшириқ берилган.

Тизимни ишга тушириш айрим муаммолар туфайли бироз кечикди. Бош прокуратура ва ИИВ билан ҳамкорликда бу тизимни 1 май санасидан бошлаб бутун республика бўйлаб ишга тушириш белгиланган. Android тизимида махсус илова орқали (тез орада Play Market'га жойланади), шунингдек Telegram-бот орқали фото ва видеолар жўнатиш мумкин. (iOS тизимида ҳам илова ишлаб чиқиляпти). Тизимга келиб тушган фото-видеолар орқали ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланади, кейин қарор ва баённомалар тасдиқланади”, дея маълум қилди Абдуллаев.

Даврон Абдуллаев

Мурожаат қабул қилинганидан сўнг ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланишига 5 кундан 15 кунгача вақт кетади. Баённома расмийлаштириш учун эса 1-3 кун. Сўнгра ҳуқуқбузарга SMS тарзида маълумотлар юборилади. 15 кун ичида жаримани тўласа, чегирмаси бор. Келиб чиқадики, мурожаатчи мукофотни мурожаат қилингандан кейин чамаси 1 ҳафтадан 1 ойгача муддатда олиши мумкин.

Атроф-муҳит ва экологияга зарар келтирганлик учун белгиланган жарима миқдорининг 15 фоизи ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар қилган одамга тўланади. Дарахт кесиш ҳолати бўйича эса хабарчига БҲМнинг 1 баравари миқдорида рағбатлантирувчи пул тўланади.

Демак, 1 майдан бошлаб, фуқаролар сув, ҳаво, атроф-муҳитни ифлослантираётган бирор шахс, завод, фабрика, цех – неки субъект бўлса, керакли манзилга мурожаат қилиб, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш ёки жазолашда иштирок этиши, бу билан атроф-муҳитни асраб қолишда муҳим рол ўйнаши мумкин.

Муаллиф:  Бобур Акмалов

Мавзуга оид