Жаҳон | 11:59 / 06.10.2021
40261
6 дақиқада ўқилади

«Пандора қутиси» ўзи нима ва у нега ҳамиша қизиқишларга сабаб бўлади?

«Пандора ҳужжатлари» деган ном остида дунё бўйлаб коррупцион схемалар ошкор қилиниши катта қизиқиш ўйғотмоқда. Айниқса унда Ўзбекистон, аниқроғи Гулнора Каримовага алоқадор катта пуллар ҳақида ҳам гап кетиши кўпчиликнинг диққатига сазовор бўлди.

Фото: ICIJ

Хўш, «Пандора қутиси» нима?

Гарчи «Пандора ҳужжатлари»да қути сўзи келтирилмаса-да, аслида Пандора ва қути сўзлари  ҳамиша биргаликда келади ҳамда бу афсоналарга қоришиб кетган азалий атамадир. Инсоният бу атама қачон ўйлаб топилганини билмайди, лекин унинг қисқа мазмуни шуки, Пандора қутиси топилса ва очилса, ёвузликка қоришган улкан қудрат ундан чиқиб кетади ва борлиқни ағдар-тўнтар қилиб ташлайди.

Вақти-вақти билан ошкор қилиб турилувчи «Пандора ҳужжатлари» муаллифлари ҳам бу рамзий номдан усталик билан фойдаланишган ва шундоқ ҳам катта қизиқишга сабаб бўладиган дунёвий коррупцияга оид хабарлар янада кўпроқ шов-шув бўлишига эришишган.

Аслида, «Пандора қутиси» деган атаманинг ўзи нотўғри. Умуман, одатда эътиқодга зид келувчи қадимги юнон мифологиясига кўра Пандора заминдаги дастлабки аёл бўлиб, у ўз қўлида жом, яъни идиш билан келган. Идишни очиб юбориш орқали Пандора Ер юзи бўйлаб қатор ёвузликларни тарқатиб юборади ва унинг тубида фақат бир эзгулик – умид қолади. Бу ҳақда қадим юнон шоири Гесиод ўзининг «Меҳнат ва ҳаёт» достонида куйлайди.

Аммо кейинчалик одамлар жом, яъни идиш атамасидан воз кечиб, қутини қўллай бошлайдилар ва «Пандора жоми» «Пандора қутиси»га айланади. Достондаги бошқа жиҳатлар унутилади ва жуда кўпчилик аллақаерда «Пандора қутиси» мавжудлигига, у топилса ва очиб юборилса, дунё остин-устун бўлиб кетишига ишониб яшайди.

Бугун бевосита кўпчиликни қизиқтираётган «Пандора ҳужжатлари» номи ҳам турлича – «Пандора досьеси», «Пандора архиви» каби вариантларда ҳам қўлланади.

«Пандора ҳужжатлари» Халқаро журналистлар консорциумининг кўп йиллик меҳнатига асосланган бўлиб, унда давлат раҳбарлари ёки уларнинг оила аъзолари, йирик амалдорлар, соядаги шахсларнинг оффшор компаниялар орқали йирик коррупцион схемалари фош қилинади. Аксарият ҳолларда бу ҳужжатлар рад этиб бўлмас далилларга таянмайди ва одатда тахминлар мақомида бўлади. Лекин шунга қарамай уни тайёрлаган журналистлар ҳам, маълумотлар манбалари ҳам сир сақланади. Тахминларга кўра манбалар бу шахсларнинг ички душманлари, ҳакерлар ва маълум ҳақ эвазига маълумот сотувчи банкирлардир.

«Пандора ҳужжатлари»да 11,9 миллион ҳужжатлар, 2,9 терабайт маълумот жамланган. Архивда солиқлардан қочилган ва ювилган камида 32 триллион доллар маблағ ҳақида сўз боради ва бунга кўчмас мулк, заргарлик буюмлари, санъат асарлари, яхталар ҳамда қимматбаҳо автомобиллар каби бойликлар киритилмаган.

Бу архивда 35 давлатнинг амалдаги ёки собиқ раҳбарлари ҳамда 100дан ортиқ мамлакатнинг 400 нафардан ортиқ расмий шахслари, 100 нафардан ортиқ миллиардер ва 29 мингдан ортиқ оффшор ҳисоб рақамлари ҳақида сўз боради.

2021 йилнинг 3 октябрида ошкор қилинган бу маълумотлар ўз ҳажми жиҳатидан айни шу каби эълон қилинган «Панама архиви»ни ортда қолдирди. 2016 йилда эълон қилинган «Панама архиви» 1977-2015 йиллар оралиғидаги йирик коррупцион ҳаракатлар акс этган 11,5 млн ҳужжатдан иборат ва унда ҳам Ўзбекистонга оид ҳужжатлар ҳам бўлган.

«Панама архиви» ҳажм жиҳатдан «Пандора ҳужжатлари»дан ортда қолса-да, унда қилинган меҳнат кўлами жуда катта бўлган. Қолаверса, 1977 йилдан бошлангани ва деярли 40 йиллик даврни қамраб олгани, глобал тармоқлар, интернет ривожланмаган ўша пайтларда ҳар бир маълумот учун қанча меҳнат қилинганини тасаввур қилиш қийин эмас. Шунингдек, «Панама архиви» ОАВ вакиллари томонидан эмас, Панамада жойлашган, дунёнинг 40дан ортиқ давлатларида ваколатхоналарга эга Mossack Fonseca ҳуқуқий компанияси томонидан жамланган ва 2015 йилда Süddeutsche Zeitung немис нашри томонидан қўлга киритилган. Шундан сўнг ишга Халқаро журналистлар консорциуми аралашади ва бир йил давомида ҳужжатлар танлов ёрдамида ўрганилади. Маълум даражада асосларга эгалиги ҳақида хулосага келинганидан кейингина омма эътиборига ҳавола қилинади.

Қизиғи, «Пандора ҳужжатлари» ва «Панама архиви» халқаро коррупцион схемаларни акс этган ягона тўпламлар эмас. Бундай маълумотлар турли манбалардан ва турли ҳажмларда мунтазам эълон қилиб турилади. 2013 йилда «Оффшор можароси» деган шартли ном остида ҳам маълумотлар тарқатилган ва бу маълумотлар кейинчалик «Панама архиви»га асос қилиб олинган.

Гарчи бу каби ҳужжатлар рад этиб бўлмас далилларга асосланмаса-да, улар ортидан жиддий чоралар кўрилмаса-да, расмий шахсларни сергакликка, порадан тийилишга чақириб туради. Шунингдек, замонавий дунёда ноқонуний ҳаракатлар оммавий ахборот воситалари назаридан четда қолмаслигини таъминлайди, коррупцияни жиловлашга хизмат қилади.

Аброр Зоҳидов

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид