Ўзбекистон | 11:52 / 09.04.2021
17408
4 дақиқада ўқилади

Президентнинг Россия ва Жанубий Корея ташрифига тайёргарлик кўрилмоқда – Шерзод Асадов

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин ойлар ичида Россия ва Жанубий Корея ташрифини амалга оширади. Кейинги ҳафтада Ўзбекистонга ЕХҲТ раиси келади, шунингдек, Покистон бош вазири билан видеомулоқот ўтказилади.

Бугун, 9 апрел куни президент матбуот котиби Шерзод Асадов ва оммавий ахборот воситалари иштирокида брифинг ўтказилди. Тадбирда давлат раҳбарининг бир ҳафта давомидаги фаолиятига оид маълумотлар ва келгуси режалар эълон қилинди.

Микрофон кўтарган аёл / Telegram

Россия ва Жанубий Кореяга сафарга тайёргарлик

Бу ҳафта тадбирларга бой бўлди. Давлатимиз раҳбари хорижий делегацияларни қабул қилди, муҳим йиғилишлар ўтказди.  

5 апрел куни Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф билан учрашув бўлиб ўтди.

Эрон – бизнинг анъанавий шеригимиз, катта иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат. Кейинги йилларда икки томонлама алоқалар фаоллашди. 2019 йилдан Эрон учун соддалаштирилган виза тизими жорий қилинди.

Учрашувда 2020 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо 250 миллион долларни ташкил этгани, қўшма корхоналар сони 3 баробар ортгани, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика каби соҳаларда умумий қиймати 61 миллион долларлик қатор янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди.

Хавфсизлик ва терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди. Вазир Зариф 15-16 июл кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этишини тасдиқлади.

5 апрел куни президентимиз Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Тошкентда илк бор «Иннопром» йирик саноат ҳафталиги бўлиб ўтди. Ушбу кўргазмада мамлакатимиз корхоналари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар россиялик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотди.

Жорий йилда эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб президентимизнинг Россияга расмий ташрифини ташкил этиш режалаштирилаётгани, бўлажак музокараларга томонлар пухта тайёргарлик кўраётгани қайд этилди.

6 апрел куни бўлиб ўтган Корея Республикаси парламентининг Миллий Ассамблея Спикери Пак Бён Сок бошчилигидаги делегация билан мулоқотда мамлакатларимиз кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашда қатъий эканликлари таъкидланди.

Жанубий Корея парламенти нуфузли делегациясининг ташрифи Ўзбекистон президентининг ушбу мамлакатга ташрифига тайёргарлик кўришнинг босқичларидан бири бўлди, деб айтиш мумкин.

Видеоселектор

Кеча [8 апрел куни] Президент раислигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва бандлик масалалари бўйича видеоселектор бўлиб ўтди.

Хабарингиз бор, йиғилиш жуда жиддий, танқидий бўлди. Қўйилган вазифаларни уддалай олмаган кўплаб раҳбарлар лавозимидан озод этилди, айримларига ҳайфсан берилди.

Президентимиз тадбиркорликка ва умуман ислоҳотлар дастурини амалга оширишга тўсқинлик қилган раҳбарларни хиёнатчи деб атаб, бундайларга нисбатан муроса бўлмаслигини, қонун устувор, жазо муқаррар эканини таъкидлади.  

Келгуси ҳафтадаги муҳим тадбирлар

13-14 апрел кунлари мамлакатимизга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линденинг ташриф буюриши кутилмоқда.

Шунингдек, келаётган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси президентининг Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан видеомулоқоти мўлжалланган.

2020 йил якунларига кўра, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 123 миллион доллардан ошган. Ўзбекистон савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор.

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид