Жаҳон | 22:00 / 11.10.2025
14377
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Тожикистонни Путинни ҳибсга олиш бўйича ХЖС буйруғини бажармаганликда айблади

ХЖС 2023 йил март ойида Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган эди.

Фото: kremlin.ru

Европа Иттифоқи Тожикистонни Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун берилган ордер бўйича мажбуриятларни бажармаганликда айблади.

Тегишли баёнот Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) томонидан тарқатилди, деб ёзди Deutsche Welle.

Тожикистон, эслатди EEAS, ХЖС Рим статутига аъзо давлат ҳисобланади.

Европа Иттифоқи, дейилади баёнотда, «Украинада ХЖС прокурори томонидан олиб борилаётган терговларни қўллаб-қувватлашда давом этади ва барча давлатларни ҳамкорликка чақиради».

Путин 9-10 октябр кунлари Тожикистон пойтахти Душанба шаҳрида бўлиб ўтган саммитда иштирок этди.

ХЖС 2023 йил март ойида Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда айблаб, Владимир Путин ва Россия болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган. Россия Халқаро жиноий суднинг юрисдикциясини тан олмайди.

Путин 2024 йил сентябр ойида ХЖС Рим статутини ратификация қилган Мўғулистонга ташриф буюрган эди. Мўғулистон ҳам Россия президентини ХЖС ордери бўйича ҳибсга олмади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид