Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Марказий Осиё 100 йилдан кейин қанақа бўлади?
Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат, хавфсизлик, иқтисодий ва маданий соҳаларда ягона муҳитга бирлашиши, умумий ахборот маконининг яратилиши, репрессив ташқи кучларга бўйин эгмайдиган эркин жамиятларни қуриш учун халқ иродасини ифода этадиган элиталарнинг майдонга келиши – бутун минтақа учун кейинги юз йилда суверенитет ва миллатларнинг ўзлигини сақлаб қолишнинг муҳим шартидир.
Kun.uz суҳбатлашган сиёсатшунослар минтақавий интеграцияга ички ва ташқи тўсиқларни, эҳтимол ҳозирги элиталар тўла англаб етмаётган, англаса-да сукут сақлаш билангина жавоб бераётган таҳдидларни санаб ўтди.
Демак, Kun.uz'нинг “Геосиёсат” кўрсатуви навбатдаги мавзуси – Марказий Осиёдада чуқур интеграциянинг зарурати. Суҳбатдошларимиз – сиёсатшунослар Наргиза Умарова, Зокир Усмонов ва Камолиддин Раббимов.
— Бугунги суҳбатимиз мавзуси Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатлар учун жуда муҳим ва оғриқли мавзулардан бири. Марказий Осиё республикалари интеграциясини шубҳа остига олувчи экспертлар ҳам йўқ эмас. Тўсқинлик қилувчи омиллар сирасида кўпроқ иқтисодий ривожланиш ёки ташқи сиёсий векторлардаги тафовутлар, чегаравий низолар ва шу каби бошқа зиддиятлар тилга олинади. Минтақада интеграциялашув нега ўтган ўн йилликларда амалга ошмади ёки жараёнлар суст кечди: бунда минтақавий ва глобал омиллар қайсилар?
Наргиза Умарова: Ўзбекистондаги иккинчи ҳокимият давридан бошлаб ташқи сиёсатда Марказий Осиё устувор бўла бошлади. Марказий Осиёдаги ҳозирги жараёнларни интеграциялашувнинг иккинчи тўлқини деб атаган бўлардим. Биринчи тўлқин 90-йилларда бўлган. Ўша вақтда тузилган Марказий Осиё иқтисодий иттифоқи 2005 йили ташқи омиллар таъсирида тугатилгач, интеграция жараёни 10 йилга музлади.
2018 йилдан бошлаб ҳар йили Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари бўлиб ўтяпти. Бунинг асосий ташаббускори – Ўзбекистон. Интеграция жараёни тиклангани яхши ҳолат, лекин ҳали бу борада экспертлар якдиллиги йўқ. Марказий Осиё интеграцияси амалга ошмайдиган нарса, дейдиганлар ҳам бор.
Ҳозир Марказий Осиё давлатларининг асосий мақсади – иқтисодни ривожлантириш, савдо ҳажмини ошириш. Илгари Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан савдо алоқалари ўта даражада паст эди, лекин сўнгги 5-6 йил ичида ўзаро савдо-сотиқ жонланяпти. Умуман, интеграция бўйича ҳозирги кун тартиби иқтисодий омиллар асосига қурилган.
Зокир Усмонов: Марказий Осиё давлатлари интеграцияси биринчи навбатда миллий иқтисодиётларни ўстиришга имкон беради. Собиқ иттифоқ даврида Марказий Осиё давлатлари бир-бири билан иқтисодий жиҳатдан кўпам боғлиқ бўлмаган, улар асосан Москва билан боғланган. Қолаверса, минтақа давлатлари иқтисодиёти ўз вақтида асосан хомашё етказиб беришни кўзлаб қурилган. Масалан, ЕИ давлатларида жон бошига ялпи ички маҳсулот миқдори бир-биридан катта фарқ қилмайди.
Камолиддин Раббимов: Интеграциядан мақсад фақат иқтисодий ўсиш эмас. Хавфсизлик ва ўзлик масалалари бор. Минтақамизда Россия босқинидан олдинги даврда бўлганидек, туркистонлик ёки марказий осиёлик деган ўзлик шаклланиши керак. Бунинг учун иккита муҳим бирлаштирувчи омил бор: ислом дини ва туркий ўзлик.
Иттифоқ парчалангач, бу беш республика суверенитетга тўйиниш даврини бошдан кечирди, яъни изоляциялашиш даври бўлди. Лекин давлатлар шуни тушундики, интеграция бўлмаса, муаммолар кўпайиб бораверади. Бутун дунёда имкониятларни бирлаштириш жараёни кетяпти. Масалан, ЕИда биз бирлашмасак, катта давлатлар томонидан ютилиб кетаверамиз, деган қараш бор ва шунга кўра ҳаракат қилишади. Чунки АҚШ ё Хитойда ЕИни ўзига боғлаб олишга қаратилган лойиҳалар йўқ эмас.
Марказий Осиё давлатлари аҳолиси зўрға 80 млндан ошади. Атрофимиздаги катта давлатлар бўлган Россияда 150 млнга яқин, Хитойда қарийб 1,5 млрд аҳоли бор. Шунинг учун ҳам бизда интеграция, бирлашишдан бошқа чорамиз йўқ.
— Марказий Осиё мустақил иқтисодий-энергетик ва транспорт-логистика ҳабига айланиши мумкинми? Рақобатда минтақа мамлакатларини бирлаштирувчи ва ажратувчи сабаблар юзага чиқиши мумкинми?
Наргиза Умарова: Биз илгари бир-биримизни рақобатчи сифатида кўрганмиз. Экспертлар ҳам Ўзбекистон лидерми ёки Қозоғистон деган масалаларни қўйиб вазиятни, сунъий чайқатиб турган. Соғлом бўлмаган у рақобат. Бугунги интеграция эса бир-биримизни тўлдирувчи бўлиб хизмат қиляпти. Транспорт-логистика масаласини Марказий Осиё давлатлари бир неча йил олдин кўтарганди. БМТнинг 75-ассамблеясида Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё минтақасида транспорт-логистика халқаро маркази яратишни таклиф қилган эди. Рейтингларда Марказий Осиё транспорт боғлиқлиги 60 фоиздан ошмайди, бу – жуда ёмон кўрсаткич. Бу – иқтисодиёт ва интеграцияга тўсиқ бўлувчи омил. Бугунги кунда транспорт боғлиқликни таъминлаш бўйича ташаббус кўрсатилаётгани ҳам бежиз эмас.
Марказ тузиш таклифидан мақсад – бундан кейинги транспорт-логистика йўллари минтақа давлатлари билан мувофиқлаштирилиши. Юк ташув жараёнларида Марказий Осиё учун ягона сертификатлар мавжуд эмаслиги каби муаммолар ҳам бор. Божхона тизимлари мураккаблиги, тарифлар масаласи ҳам бор.
Минтақадаги ички эҳтиёждан ташқари, ташқи омиллар ҳам мавжуд бу борада. Украина урушидан кейин Россия шимолий йўлларида логистика масаласи қийинлашди, бу эса бошқа йўл излашга туртки бўлди. Марказий Осиё давлатлари бу вазиятдан самарали фойдаланишни мақсад қилган.
Зокир Усмонов: Марказий Осиё иқтисодиётлари ҳалигача хомашё ресурсларига боғланиб қолган. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида чегара муаммоси бор. Бундан ташқари, трансчегаравий дарёлар масаласи ҳам энг долзарбларидан.
Транспорт-логистикада муаммолар етарли, лекин буларни ечса бўлади. Биринчи ўринда иқтисодиётларни ривожлантириш, хомашё экспортидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтишни тезлаштириш – иқтисодиётни мураккаблаштириш керак. Бунда Ўзбекистоннинг ўрни катта. Минтақа марказида жойлашганимиз учун бизнинг иқтисодиётимиз ривожланиши ўз-ўзидан атрофдаги давлатлар билан интеграция бўлади. Евроиттифоқ интеграцияси асосида ҳам айнан иқтисодиёт ётади. Марказда жойлашган Германиянинг иқтисодий қудрати ўз-ўзидан иттифоқчиларга манфаат олиб келган.
Транспорт-логистика ҳам муҳим, Марказий Осиё беркилиб қолган эди бу борада. Агар биз денгизга чиқадиган йўлларни очсак, Марказий Осиёнинг мавқейи кескин ошади. Жозибадорлик ошиб боравериши керак.
Камолиддин Раббимов: Ҳозирги айтилаётган иқтисодий интеграция ҳали интеграциянинг ярим даражаси. Умумий пировард мақсад кучли сиёсий бирлик бўлиши ва унинг замирида хавфсизлик масаласи туриши керак. Минтақа давлатларининг икки катта ҳамкори туркий давлатларга тажовуз қилган давлатлар – Россия, ХХР.
Биз иқтисодий томондан дунёдан узилолмаймиз ва бу бизнинг манфаатларга тўғри келмайди. Иқтисодий масалалар ва геосиёсий мустақиллик, ўзлик ўртасида маълум бир зиддиятлар бор. Фикримча, интеграциядан асосий мақсад умумий мудофаа бўлиши керак. Шу даражага келишимиз керакки, 5 та республика ўртасида рақобатлар минимал даражага тушиб, ўртадаги ҳамжиҳатлик жамиятлар даражасида ҳам бўлиши лозим. Лекин бугун зиддиятлар мавжуд. Жамиятлар ўртасида ишончсизлик ҳам бор, бу борада социологик тадқиқотлар олиб борилиши керак. 2010 йил воқеалари, Тожикистон ва Қирғизистон муносабатларини олиб қарасак, биз ҳали жамият даражасидаги интеграциядан узоқмиз.
Минтақани бирлаштирувчи ахборот майдони мавжуд эмас. Бундан ташқари, Марказий Осиё учун умумий тадқиқотлар, институтлар ҳам йўқ. Миллатчилик каби муаммоларни кўриб турибмиз. Давлат даражасида Украина урушига нисбатан позициялар фарқ қилади. Яқин келажакда дунёнинг энг қудратли иқтисодиётига айланувчи Хитойга нисбатан қандай позицияда бўлишимиз бўйича на жамиятларда, на давлатларда аниқ бир ёндашув йўқ.
Иқтисодий масалалар ечиб бориляпти. Лекин биз аср охирига бориб ягона кучга айланишимиз керак, деган вазифа қўйиши керак минтақа давлатлари.
— Минтақа раҳбарлари маслаҳатлашув учрашувлари доирасида аввалбошдан асосий эътиборни савдо-иқтисодий муносабатларни чуқурлаштиришга қаратяпти. Ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун яна қандай механизмларга зарурат бор?
Наргиза Умарова: — Бундан олдин хавфсизлик масаласи ҳақида ҳам гапирсак. Марказий Осиё давлатлари интеграциясида бошқа қудратли давлатлар билан муносабатлар масаласи очиқ қоляпти. Масалан, Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларда Хитойнинг фаоллиги ошди. Сиан шаҳридаги саммитда ХХР раиси биз Марказий Осиёни ҳимоя қиламиз, деган мазмунда гапирди, рангли инқилобларни тилга олди. Аввалроқ Си Жинпингнинг Москвага ташрифи чоғида ҳам шундай баёнот берилганди. Лекин иккала сафар ҳам Марказий Осиё давлатлари муносабат билдирмади. Бундай жимлик шахсан мени ташвишга солади. Мустақил давлатларга нисбатан бундай баёнот бериш ғалати ҳолат, муносабат билдирилмаслиги эса янада ғалати. Кутяпмизки, балки сентябр ойидаги маслаҳатлашув кенгашида бу масала кўтарилар.
Сиандаги саммит жуда кўтаринки руҳда ёритилди. Лекин бу вазиятда Хитой ўз масаласини ечяпти. Хўш, Хитой ўз таъсирини оширар экан, Марказий Осиё давлатларининг интеграцияси нима бўлади? Суҳбат бошида айтилган интеграциянинг биринчи тўлқини тугашига сабаб ички ишларга бошқа давлат (Россия) қўшилгани бўлди-ку. Хитой ҳам шундай тўсқинлик қилиши мумкин балки, потенциал хавф бу. Минтақа давлатлари бир томондан интеграцияга интиляпти, бошқа томондан эса қудратли бир давлатга хайрихоҳлик билдиряпти. Лекин хавфсизлик масаласи оддий нарса эмас.
Бошқа механизмларга келсак. Иқтисодий кооперациялар томонидан яхши натижалар қўлга киритяпмиз. Чўлпонотадаги кенгашда Ўзбекистон президенти чегара олди савдо ҳудудлари ташкил этиш таклифи билан чиқди. Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон билан шундай савдо ҳудудлари ташкил этишга киришдик. Бу шундай механизмки, бунда ҳам ишлаб чиқариш, ҳам савдо, ҳам транспорт-логистика масаласи ечилади. Ва энг асосийси, таннарх арзонлашишига олиб келади. Бундай таклиф 2004 йилда ҳам бўлган эди. Ўзи умуман, интеграциянинг биринчи тўлқинида яхши лойиҳалар бор эди. Минтақавий савдо ҳудудларини ҳам йўлга қўйсак, ажаб эмас.
Саноат кооперацияси ташкил этиш масаласи ҳам бор, аммо бу мураккаб. Чунки минтақа давлатлари хомашё етказишга ихтисослашган кўпроқ, саноат кооперациясида эса кимдир хомашё етказиб беради, кимдир қайта ишлайди, кимдир тайёр маҳсулот ҳолига келтиради. Лекин бундай занжирга ихтисослашган компаниялар йўқ. Саноат кооперацияси яхши йўлга қўйилса, Марказий Осиё савдо айланмаси 10 йил ичида 2 баробарга ошиши мумкинлиги ҳақида ҳисоб-китоблар қилинган.
Зокир Усмонов: Хавфсизлик учун ҳам иқтисодий қудрат керак бўлади. Иқтисодий кучли бўлган мамлакат билан бошқалар ҳам ҳисоблашишга мажбур бўлади. Сиёсий мустақиллик иқтисодий мустақилликка таянади. Агар биз кооперацияни кучайтирсак, Хитойга ҳам, Россияга ҳам боғлиқлик, қарамлик камаяди.
Камолиддин Раббимов: — Си Жинпингнинг Сиандаги баёнотига нисбатан ўша ернинг ўзида Марказий Осиё давлатлари президентлари дипломатик тарзда жавоб бериши мумкин эди. Лекин бундай қилинмади. Дипломатия шундай нарсаки, унда кенг жамоатчилик тушунмайдиган, оҳиста шаклда сигналлар бериш мумкин. Бизнинг минтақада, Фарҳод Толипов айтганидек, кичик давлат комплекси шаклланиб қолган. Бу нарсадан чекиниш керак. Глобаллашган дунёда давлатларнинг мустақиллиги кафолатланган нарса эмас, одатда мана шундай кичик-кичик баёнотлар билан йўқотиб бошланади мустақиллик. Хитойнинг Франциядаги элчиси СССР расман тарқалганини шубҳа остига олганига Болтиқбўйи давлатлари ва Украина тезлик билан муносабат билдирди, лекин Марказий Осиё давлатлари ҳеч нарса демади. Ваҳоланки, постсовет ҳудудидаги энг катта минтақа – Марказий Осиё.
Демократия масаласи яна ўртага чиқади бу ерда. Демократлашишнинг ўзи ташқи дунёга катта бир сигнал. Чунки демократик жамиятларни ютиб юбориб, бўйсундириб бўлмайди.
Юқоридаги каби ҳолатларда агар битта давлатда якка ўзи баёнот билан чиқишга эҳтиёткорлик қилса, Марказий Осиё давлатлари бирлашган ҳолда ташқи дунёга сигнал бериши керак. Хитой ва Россиянинг гўёки Марказий Осиёни кафиликка олгандек баёнотлари жавобсиз қолмаслиги жуда муҳим.
- Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видеода томоша қилишни тавсия этамиз.
Нормуҳаммад Али суҳбатлашди.
Мавзуга оид
11:25 / 11.01.2026
🔴 LIVE: “Орешник” билан зарба ва ҳибсдаги рус кемалари | "Геосиёсат"
21:16 / 10.01.2026
Эрондаги намойишлар: хариталар устида шарҳ
15:20 / 09.01.2026
Украинадаги истеъфо ва тайинловлар: талаб ёки зарурат? | “Геосиёсат”
15:11 / 08.01.2026