Жаҳон | 09:46 / 25.07.2025
6798
5 дақиқада ўқилади

Франция Фаластин давлатини тан олади — Макрон

Франция президенти Эммануэл Макрон Яқин Шарқда тинчликка эришиш мақсадида БМТ Бош Ассамблеясининг сентябрь ойидаги йиғилишида Фаластин давлатини тан олишини маълум қилди. Бу режа АҚШнинг кескин норозиликларига сабаб бўлди, Исроил эса Францияга огоҳлантириш берган.

Фото: AFP

Макрон ушбу қарорини эълон қилар экан, Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббосга юборган мактубини ҳам эълон қилди. Унда Франциянинг Фаластин давлатини тан олиш ва бошқа иттифоқдош давлатларни ҳам бунга ундаш нияти билдирилган.

«Яқин Шарқда адолатли ва барқарор тинчлик йўлида тарихий мажбуриятимизга содиқ қолган ҳолда, мен Франция Фаластин давлатини тан олишини ҳал қилдим,» — деди Макрон. «Бу расмий баёнотни мен келаси сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида эълон қиламан».

Европадаги энг йирик яҳудий ва мусулмон диаспорасига эга Франция шундай йўл тутган Ғарбдаги биринчи йирик давлатга айланиши мумкин — Фаластин давлатини тан олаётган давлатлар асосан Исроилга танқидий муносабатда бўлган, кичик давлатлар бўлиб келмоқда.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху бу қарорни «Исроилнинг энг яқин иттифоқчиларидан бири ва G7 аъзоси бўлган давлат» томонидан берилган «террорчиликни рағбатлантирувчи» ҳаракат деб атади. Исроил мудофаа вазири Исроил Катс эса бу қарорни «уятли ва терроризмга таслим бўлиш» деб атади ҳамда «Исроил хавфсизлигига таҳдид солувчи Фаластин тузилмаси яратилишига йўл қўймаслигини» таъкидлади.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио бунга жавобан шундай деди: «АҚШ Франциянинг БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини тан олиш режасини қатъий рад этади. Бу хавфли қарор фақат Ҳамаснинг тарғиботини кучайтиради ва тинчликка бўлган ҳаракатни орқага тортади. Бу 7 октябрь қурбонларига урилган тарсакидир».

Бундан аввал, Канада ҳам Исроилни тинчлик излашга чақирган эди. Бош вазир Марк Карни Ғазодаги тез ёмонлашаётган гуманитар фалокатни «олдини олмасликдаги муваффақиятсизлик» деб танқид қилди ва икки давлатли ечим тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади.

Карни, шунингдек, Исроилнинг уруш гирдобидаги Фаластин ҳудудларига Канада томонидан молиялаштирилаётган гуманитар ёрдамни тўсиб қўйишини халқаро ҳуқуқни бузиш деб атади. «Канада барча томонларни ҳалол музокаралар орқали дарҳол ўт очмасликка чақиради. Биз Ҳамасдан барча гаровдагиларни дарҳол озод қилишни, Исроил ҳукуматидан эса Ғазо ва Ғарбий Соҳил ҳудудларининг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни талаб қиламиз,» — деди у.

New York Times'нинг ёзишича, АҚШ президент Доналд Трампнинг ўзи ҳам икки давлатли ечим борасида шубҳалар билдирган. У февраль ойида Ғазони АҚШ назоратига олиш режасини илгари сурган эди. Бу режа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, араб давлатлари, фаластинликлар ва БМТ томонидан «этник тозалаш таклифи» сифатида кескин танқид қилинди.

Макрон бир неча ойлардан буён Фаластин давлатини тан олишга интилиб келаётганди. Бу орқали у икки давлатли ечим ғоясини сақлаб қолмоқчи, гарчи унга бундай қадамни ташламаслик бўйича кучли босимлар бўлган бўлсада.

Reuters нашрига кўра, Франция расмийлари бу қарорни дастлаб БМТ конференцияси арафасида эълон қилишни режалаштирганди. Франция ва Саудия Арабистони ушбу конференцияни июнь ойида ўтказиб, Фаластин давлатчилиги учун йўл харитасини ишлаб чиқиш ва Исроил хавфсизлигини таъминлаш режасини тақдим этмоқчи эди. Бироқ АҚШ босими ва Исроил-Эрон ўртасидаги 12 кунлик ҳаво уруши туфайли, бу анжуман бекор қилинди — ҳудуддаги ҳаво макони ёпилгани сабабли айрим араб давлатлари вакиллари у ерга бора олмади.

Мазкур анжуман иккинчи босқич эса сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида давлат раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтади.

Макрон бу эълонни конференциядан қилиш орқали Франция делегациясига бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиш учун дипломатик асос яратмоқчи — уларнинг айримлари Фаластин давлатини тан олишни кўриб чиқмоқда, бошқалари эса иккиланмоқда.

Дипломатларнинг айтишича, Макрон Британия ва Канада каби иттифоқчиларнинг қаршиликларига дуч келмоқда. Келаси ҳафта Нью-Йоркда тахминан 40 та ташқи ишлар вазири йиғилади. Исроил расмийлари эса ойлар давомида бу ташаббусга тўсиқ қўйиш учун дипломатик ҳаракатлар олиб бормоқда. Айримлар бу тан олинишни «икки томонлама алоқалар учун ядро бомбаси» деб атаган.

Мазкур масала билан таниш манбалар Исроил Францияга огоҳлантиришлар берганини билдиради — бу огоҳлантиришлар разведка маълумотларини улашишни чеклашдан тортиб, Парижнинг минтақадаги ташаббусларини мураккаблаштиришгача бўлган таҳдидларни ўз ичига олган. Ҳатто Ғарбий Соҳилнинг айрим қисмларини аннексия қилиш эҳтимоли ҳам шама тарзида илгари сурилган.

Францияга миннатдорчилик билдирар экан, Фаластин маъмуриятининг вице-президенти Ҳусайн ал-Шейҳ Макроннинг қарорини «Франциянинг халқаро ҳуқуққа содиқлиги ва Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳамда мустақил давлат тузиш ҳуқуқига қўллаб-қувватлови» деб атади.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид