Ўзбекистон | 13:48 / 30.11.2019
48268
11 дақиқада ўқилади

Олий таълим тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди. Қатор ўзгаришлар кутиляпти

Фото: Fotolia / WavebreakmediaMicro

Олий таълим тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Олий таълим узлуксиз таълим тизимининг мустақил тури бўлиб, олий таълим муассасаларида умумий ўрта (11-синф), узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим асосида амалга оширилади.

Олий таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

олий таълимни иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳалари учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга қаратилганлиги;

таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги;

олий таълимни умумий ўрта, узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълимлар билан узлуксизлиги ва узвийлиги;

таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;

давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;

таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;

билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;

олий таълим тизимида давлат ва жамият бошқарувини уйғунлаштириш;

олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш.

Олий таълим муассасаси олий таълимнинг таълим дастурларини амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, ўзининг устави ҳамда мазкур Низом асосида фаолият юритади.

Олий таълим муассасасининг устави олий таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органи томонидан тасдиқланади ва маҳаллий ҳокимият органларида рўйхатдан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлат фуқароларига ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга олий таълим муассасасида ўқитилаётган мавжуд таълим тилини ихтиёрий танлаш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси олий таълимни давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда олишни таъминлайди.

Олий таълим муассасаларига қабул кадрларга бўлган эҳтиёжларни ўрганиш асосида давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Абитуриентлар билим даражасини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиб-қоидаларига мувофиқ тест, касбий (ижодий) имтиҳон, суҳбат ва бошқа турдаги синовлар натижалари асосида амалга оширилади.

Давлат грантлари асосида олий маълумот олган кадрлардан фойдаланиш давлат эҳтиёжлари ва битирувчиларни фуқаролик ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Фуқаролар иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни шартнома асосида олишга ҳақлидирлар.

Мамлакатнинг истиқболини ҳисобга олган ҳолда замон талабларига жавоб бера оладиган малакали, рақобатбардош, юксак билимли, республиканинг илм-фан, маданият, санъат, иқтисод, ижтимоий соҳаларини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшадиган, мустақил фикрлай оладиган, юксак маънавиятга эга бўлган юқори салоҳиятли мутахассисларни тайёрлаш олий таълимнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Олий таълимнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва ўқув фан дастурларига мувофиқ ўқитиш сифатини таъминлаш;

ўқув жараёнини (жумладан амалиёт, стажировка) кадрлар истеъмолчиларининг таклифларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш;

олий малакали мутахассислар, шунингдек илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;

илм-фан, маданият, санъат, техника, технологиялар, иқтисоднинг замонавий ютуқлари, мамлакатнинг иқтисоди ва маданиятининг ижтимоий истиқболини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш услубларини тизимли такомиллаштириш;

ёшларда инсонпарварлик руҳиятини шакллантириш, уларнинг тарбиясига миллий ватанпарварлик ғояси асосида умуминсоний қадриятларни ҳамда Ватанга, жамиятга, оилага ва атроф-муҳитга муҳаббатни сингдириш;

ўқитишнинг интерфаол усулларини, инновацион педагогик ҳамда ахборот коммуникацион технологияларини, мустақил таълим олиш, масофавий таълим тизимини амалиётга жорий қилиш;

олий таълимда фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш;

илмий-педагогик кадрлар ва таълим олувчиларнинг илмий-ижодий фаолияти, илмий тадқиқотлари ёрдамида фан, техника, технологияларни ривожлантириш, олинган натижаларни мамлакат иқтисодиётида ва таълим жараёнида қўллаш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларини ривожлантириш асосида таълим хизматлари бозорида рақобатни юзага келтириш;

олий таълим муассасаларини бошқаришни такомиллаштириш ва мустақиллигини кенгайтириш, жамоат бошқарувини васийлик кенгашлар шаклида олиб бориш;

таълим ва кадрлар тайёрлаш сифатини таъминлаш борасида илмий, услубий тадқиқотларни олиб бориш, битирувчиларни касбга йўллаш ҳамда меҳнат билан бандлиги мониторингини олиб бориш;

олий таълим соҳасида ўзаро фойдали халқаро ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш.

 Олий таълим тизими қуйидагилардан иборат:

давлат таълим стандарти ва малака талабларига мувофиқ таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таълим дастурларининг бажарилишини таъминлайдиган давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари;

олий таълимни норматив-ҳуқуқий ва илмий-услубий таъминоти бўйича тадқиқот ишларини олиб борувчи илмий-педагогик муассасалар;

олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари, шунингдек уларга бўйсунувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар.

Олий таълим икки босқичдан иборат: бакалавриат ва магистратура.

Олий таълим муассасаларида бакалавр ва магистрларни тайёрлаш “Олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари Классификатори”га мувофиқ олиб борилади.

Олий таълим муассасаси Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари Классификаторига мувофиқ меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, бакалавриатнинг янги таълим йўналиши ва магистратуранинг янги мутахассислигини очиш бўйича таклифлар бериш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасида олий таълим муассасаларининг қуйидаги турлари мавжуд: университет, академия, институт (қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мақоми (статуси) уларга тенглаштирилган бошқа олий таълим муассасалари).

Университет:

таълимнинг барча билим ва таълим соҳалари хамда барча таълим йўналишларида олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим беради;

турли соҳалардаги мутахассисларни малакасини оширади ва қайта тайёрлайди;

фаннинг турли йўналишларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни амалга оширади;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлашни амалга оширади;

тааллуқли илм соҳаси бўйича таянч илмий-услубий марказ ҳисобланади.

Академия:

Муайян билим соҳасининг таълим соҳасида маълум белгиланган олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим беришга мўлжалланган таълим дастурларини бажаради;

муайян соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни амалга оширади;

фан, маданият ёки санъатнинг аниқ соҳаларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни амалга оширади;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлашни амалга оширади;

фаолияти соҳасида етакчи илмий ва услубий марказ ҳисобланади.

Институт:

таълим соҳасида маълум бир таълим йўналишларида олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг айрим дастурларини амалга оширади;

маълум бир соҳада мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланади;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлашни амалга оширади;

фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқот ишларини олиб боради.

Олий таълим муассасасида кадрлар тайёрлаш йўналишлари ва таълим бериш шакллари бўйича факультетлар, кафедралар, ўқув, ўқув ва илмий лабораториялар, технопарклар ва бошқа таркибий бўлинмалар шакллантирилиши мумкин.

Олий таълим муассасаси факультет ва кафедралари фаолияти турлари олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан, таркибий бўлинмалар фаолияти турлари олий таълим муассасаси томонидан белгиланади.

Олий таълим муассасаларида таълим соҳалари бўйича давлат таълим стандартлари ва таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича малака талабларини бажарилиши ҳамда кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, олий таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикасида давлат олий таълим муассасаси, хорижий олий таълим муассасаси ёки унинг филиали Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ташкил этилади ва тугатилади.

Ўрнатилган тартибда ташкил этилган олий таълим муассасалари биринчи аттестациядан ўтгунга қадар аккредитацияланган деб ҳисобланади ҳамда уларнинг аттестацияси биринчи битирув якунларига кўра таълим олувчиларни тайёрлаш даври тўла тугагандан сўнг ўтказилади.

Нодавлат олий таълим муассасаларининг таълим бериш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳамда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари асосида ўрнатилган тартибларда белгиланади.

Олий таълим соҳасидаги таълим хизматлари таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда асосий таълим дастурларида назарда тутилмаган йўналишлар ва курслар бўйича тўлов-шартнома асосида, асосий таълим дастурларини бажарилишига тўсқинлик қилинмаган ҳолда олиб борилиши мумкин.

Кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга ўқишдан бўш вақтларида (ярим ставкадан ортиқ бўлмаган ҳажмда) меҳнат шартномаси бўйича олий таълим муассасасида ёки бошқа ташкилотларда ишлашга рухсат берилади.

Талабаларнинг бошқа ҳуқуқлари ва мажбуриятлари амалдаги қонун ҳужжатларида ҳамда олий таълим муассасаси Уставида белгиланиши мумкин.

Олий таълим муассасасининг Устави, ички тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқ қоидаларини бузган талабаларга қуйидаги интизомий жазолар қўлланиши мумкин: ҳайфсан, олий таълим муассасаси талабалари сафидан четлаштириш.

Интизомий жазо чоралари ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин бир ойдан кўп вақт ўтмасдан ва у содир этилганидан кейин олти ойдан кўп вақт ўтмасдан қўлланилади, бунга талабанинг касал ёки таътилда бўлган вақти кирмайди. Талабани соғлиғини тиклаётган даврида (касаллиги тўғрисида тиббиёт маълумотномасини тақдим этса), ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ таътили даврида талабалар сафидан четлаштириш мумкин эмас.

Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда (сиртқи, махсус сиртқи ёки кечки таълим шаклида) таълим олаётган талабаларга уларнинг асосий иш жойидан амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган имтиёзлар берилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид