Жамият | 18:00 / 17.04.2018
25165
8 дақиқада ўқилади

Ҳаётга қайтаётган қадимий мерос: Ўзбекистонда ҳунармандчилик ривожланяптими?

Маълумки юртимизда ҳунармандчилик қадимдан тараққий топган, турли бежирим буюмлар яратиш, кундалик ҳаётда асқатадиган жиҳозлар тайёрлаш, шу орқали ўз меҳнати билан одамларга наф келтириш қадрият даражасига кўтарилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар (ишлар, хизматлар) йўналишлари 25тадан 34тага етди. Ҳозирда улар ички ва ташқи бозор учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришмоқда. Бу маҳсулотлар ўзининг сифати, бадиий жиҳатдан юксаклиги, табиийлиги ва миллий ўзлигимиз, тарихий анъаналаримизни ўзида уйғунлаштиргани билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Жаҳон билан ҳамнафас

Ҳозирги кунда ҳунармандчилик маҳсулотларини четга экспорт қилиш ва ҳунармандлар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида 2018 йилда дунёнинг 20дан ортиқ давлатида (Германия, Швейцария, Россия, Италия, Англия, Корея, Малайзия, Озарбойжон, Латвия, Финляндия, Ҳиндистон, Франция, Греция, Туркманистон, Эрон, АҚШ, Украина, Туркия, Хитой, Испания) 113та кўргазма ва ярмарка ўтиши режалаштирилган.

ПФ-3393 - сонли Қарорнинг 5-бандида Ўз.ССП, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳунармандчилик маҳсулотларини узоқдаги туман (шаҳар)лардан сотиб олиш ва келгусида йирик шаҳарларда сотиш ҳамда экспорт қилиш учун “Ҳунарманд” уюшмаси ҳузурида савдо-харид корхоналари ташкил этиш вазифаси қўйилган.

 

Уюшма таъсисчилигида “Сraft and art” МЧЖ ташкил этилган бўлиб, мазкур корхона келгусида Республиканинг туристик объектлари, диққатга сазовор жойлари, ҳудудлардаги ҳунармандчилик марказларида ҳамда бир қатор бозорларда “Арт салон”лар яъни амалий ва тасвирий санъат асарларининг савдо харид ишлари билан шуғулланувчи дўконлар ташкил қилишни режалаштирган. Бундан ташқари корхона чет эл ваколатхоналари, галереялар ва туристик фирмалар билан ҳамкорликда иш олиб бориш, чет элларда ўз филиалларини очиш ҳуқуқига хам эгадир.

Янги низом

Шунингдек, бир қатор ташкилот ва вазирликлар билан ҳамкорликда “Хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, танлов, ярмаркаларда намойиш этиш учун ҳунармандчилик маҳсулотларини олиб чиқишнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги Низом”ни ишлаб чиқиш белгиланган.

Низомда қиймати 5000 АҚШ долларигача бўлган ҳунармандчилик маҳсулотлари “Ҳунарманд” уюшмаси Бадиий Кенгаши хулосаси ва Маданият вазирлиги ҳузуридаги Бадиий экспертиза бошқармасининг тегишли сертификати асосида ҳеч қандай божхона декларациялари ва юк хати расмийлаштирмасдан олиб чиқилиши белгиланди. Маҳсулотларнинг қийматини аниқлаш ҳамда кўргазма ҳақида маълумотлар бериш Бадиий Кенгаш зиммасига юклатилди ҳамда Кенгаш хулосаси юк хати сифатида қабул қилинди. Эндиликда хорижга чиқмоқчи бўлган ҳунармандлар тўғридан-тўғри “Ҳунарманд” уюшмасига мурожаат қилиб, Уюшманинг ўзида Бадиий Кенгаш хулосаси ва Бадиий экспертиза сертификатини расмийлаштириб божхона органига тақдим этилишига тайёр ҳужжатлар билан боради.  

 

Уюшма фаолиятига назар

Бугунги кунда “Ҳунарманд” уюшмасининг республика ҳудудларида 13та вилоят бошқармаси ва 92та бўлимлари мавжуд бўлиб, уюшма аъзолари сони 20 761 нафарни ташкил этади. 3735 нафар ҳунармандларга имтиёзли кредитлар олиб беришга кўмаклашилди. 2017 йил декабрь ҳолатига уюшма аъзолари сони 10 247 нафар бўлиб, 2018 йилнинг ўтган тўрт ойи давомида 10000дан ортиқ ҳунармандлар уюшмага аъзо қилинди.

2017 йилда ҳудудий бўлинмаларда 1326та “Уста-шогирд” мактаблари ташкил этилди, унда 3846 нафар ёшларга ҳунар ўргатилди. 2018 йилнинг биринчи чорагида уста-шогирд мактаблари сони 2000тага кўпайди. Шогирдлар сони эса 7356 нафарни ташкил этди.

Фарғонада миллий матолар тўқилишининг йўлга қўйилиши (Расулжон Мирзаҳмедов ташаббуси билан), Оқдарё туманида ёғоч ўймакорлиги мактабининг шаклланиши ва ривожланиши, Ўзбекистон халқ устаси хаттот Салимжон Бадалбоев томонидан ёш йигит қизларга хаттотлик сир асрорлари бўйича, ўрда ҳунармандлар марказида гиламчилик, каштадўзлик, кулолчилик сир-асрорлари бўйича касб ҳунар ўрганиб келишмоқда.

Уста-шогирдлар қонун ҳимоясида

Бугунги кунда уюшма томонидан уста-шогирд мактаблари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Уста ҳунарманд ва шогирд ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ишлаб чиқилди.  Эндиликда уста ва шогирд ўртасидаги муносабатлар қонуний кучга киради.

Уюшманинг барча ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида меҳнатга лаёқатли ва ҳунар эгаллаш истагини билдирган хотин-қизларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда доимий янгилаб бориш ишлари олиб борилмоқда.

Хаттотчилик санъатига эътибор

Уюшма ташаббуси билан жорий йилнинг 1–3 февраль кунлари пойтахтимиздаги “Ёшлар Ижод саройи” биносида “Ҳикматлар олами” деб номланган I Республика хаттотлик фестивали ўтказилди.

Мазкур фестиваль доирасида 100 нафарга яқин хаттотлар ва ҳунармандларнинг ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда “Энг моҳир хаттот”, “Янги ёзув турини яратган энг моҳир хаттот”, Амалий санъат асарларида хаттотлик намуналаридан фойдаланган энг моҳир ҳунарманд”, “Энг ёш хаттот”, “Насх хати бўйича энг моҳир хаттот”, “Настаълиқ хати бўйича энг моҳир хаттот”, “Сулс хати бўйича энг моҳир хаттот”, “Девоний хати бўйича энг моҳир хаттот”, “Хаттотлик бўйича энг моҳир устоз”  каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди ва уларга уюшманинг махсус сертификатлари ва дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

Ҳаётга қайтаётган қадимий мерос

Марғилонлик ҳунармандларимиз энг қадимги матоларимиздан Банорас ва адрасларни унутилиб кетган Кудин усулида ишлаб чиқаришни йўлга қўйдилар. Буюк соҳибқирон Амир Темур давридаги сипоҳларнинг тагига тўшалган гилам Фарғоналик ҳунармандлар томонидан қайта тикланди. Бундан 100 йил илгари ипакдан тўқиладиган Ғажари бўғжама Бойсун ҳунармандлари томонидан қайта тикланди.

Самарқанд вилояти “Ҳунарманд” бошқармаси аъзоси Холмамат Исматиллаев томонидан ўрта асрларда ишлатилган бир томонида пилик учун чўзинчоқ бурунчаси бўлган ёғ чироқлар Қора чироқлар) ва ўша даврда ишлатилган сиёҳдонлар қайта яратилди. Қадимий услубда ишланган сув қайнатиш учун самовар нусхаси самарқандлик уста-мисгар Меҳриддин Хаитов томонидан қайта тикланди.

Уста-ҳунарманд Шариф Азимов II- III асрларда йўқолиб кетган Кушон давлати даврида яратилган кулолчилик маҳсулотларини қайта тиклади. Бу маҳсулотларга оёғи узун қадаҳлар, турли шаклдаги ва ҳажмдаги косалар ва кўзалар киради. Бу маҳсулотларнинг асл нусхалари Сурхондарё вилояти ҳудудидаги Кушон ва Афросиёб харобаларида олиб борилган қазилма ишлари вақтида топилган ҳамда Республика музейларида сақланмоқда. Ўрганиш ишларини олиб борган Шариф Азимов Кушон подшолиги даврига хос 40га яқин асарлар яратди ва у бу кулолчилик асарларини яратиш вақтида уларга ранг ва безак бериш усулларини ҳам тиклади.

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида 1925-1952 йиллар даврида фаолият юритган 1952 йилдан бошлаб унутилиб кетган читгарлик ҳунари (Солижон ота Ахмадалиевлар оиласи асос солган) қайта тикланди, Хива туманидан гилам тўқувчи ҳунарманд Мадрим Маткаримов ва бир гуруҳ хивалик ҳунармандлар томонидан истеъдодли рассом Бегзод қаламига мансуб бўлган тасвир акс эттирилган гилам қайта тикланди. Ушбу дизайн XV аср миниатюрасидан олинган бўлиб, шеърият ва тарихий китобларнинг нусхаларига безак бериш учун ишлатилган, бизнинг дизайнларимиз томонидан бир қанчаси 500 йил ичида биринчи марта қайта жонлантирилди.

Соҳибқирон Амир Темур давридаги бадиий асарларга  чизилган миниатюра асарлари қайта тикланиб 30дан ортиқ турдаги халқ амалий санъати асарлари пойтахтдаги Амир Темур музейига совға қилинди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид