Ўзбекистон | 10:26 / 14.04.2021
4165
3 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги тузилмасида Капитал бозорини ривожлантириш департаменти ташкил этилади

Президент “Капитал бозорини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2021 йил 1 майдан бошлаб Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилади. Тугатилаётган Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг қимматли қоғозлар бозорини, шу жумладан, қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини тартибга солиш, шунингдек, корпоратив бошқарувни ривожлантириш ҳамда лотереяларни ташкил этиш фаолияти бўйича вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилади.

Молия вазирлигига капитал бозорини ривожлантириш соҳасида қуйидаги вазифалар юклатилди:

  • қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, ривожлантириш, тартибга солиш, назорат қилиш ва корпоратив бошқарув соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • қимматли қоғозлар амалиёти билан шуғулланувчи инвесторлар ҳамда қимматли қоғозлар эгалари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
  • қимматли қоғозлар бозори, акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини назорат қилиш;
  • маҳаллий капитал бозори ривожланиш ҳолати ва унинг профессионал қатнашчилари тўғрисида инвесторлар ва жамоатчиликни хабардор қилиш;
  • қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчилари ва қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал иштирокчилар фаолиятини, шунингдек, букмейкерлик ва лотереяларни ташкил этиш фаолиятини тартибга солиш;
  • қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш, профессионал иштирокчилар мутахассисларини аттестациядан ўтказиш ва малака гувоҳномаларини бериш;
  • қимматли қоғозларни чиқариш ва рўйхатдан ўтказиш, улар юзасидан ҳисобот бериш ҳамда қимматли қоғозлар эгалари реестрларини ва қимматли қоғозларга доир битимларни ҳисобга олиш реестрини юритиш талабларини белгилаш;
  • ўз маблағлари етарли даражада бўлишига доир мажбурий нормативларни ва қимматли қоғозларга доир операциялар бўйича таваккалчиликларни чекловчи кўрсаткичларни ўрнатиш;
  • қимматли қоғозлар бозори ҳолати ва унинг иштирокчилари ҳақида, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган маълумотлар ошкоралигини таъминлаш орқали жамоатчиликни хабардор қилиш;
  • капитал бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш масалалари бўйича хорижий ва халқаро институтлар билан самарали ҳамкорлик қилиш.

Тугатилаётган Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг жами 110 нафар штат бирлиги (шундан, 90 нафар бошқарув ходими) ҳисобидан Молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимлари чекланган сони 54 нафардан (шундан, 16 нафар ҳудудларда фаолият кўрсатувчи марказий аппарат ходимлари) иборат Капитал бозорини ривожлантириш департаменти ташкил этилади.

Бундан олдин, Kun.uz Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилиши ҳақида хабар берганди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид