Жамият | 14:17 / 06.08.2025
3246
3 дақиқада ўқилади

Чилонзордаги ташландиқ кўча: Новзадаги қурилишда меъёрларга амал қилиняптими?

Тошкентнинг Новза кўчасида анчадан бери турар жой мажмуаси қурилиши давом этяпти. Шу кунларда қурилиш сабаб пиёдалар ўтадиган тротуарлар тўсилган, тупроқ уюми билан тўла. Майдондаги яшиллик эса йўқ қилингани айтилмоқда. Ҳолатдан туман ҳокимининг ҳам хабари бор.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Чилонзор тумани Новза кўчасида “Runa International Trading INC” МЖЧ шаклидаги хорижий корхонанинг “Novza Residence” турар жой мажмуаси барпо этилмоқда. Бўрижар канали рўпарасида қад ростлаётган бино қурилишида меъёрлар бузилган бўлиши мумкин.

Гап шундаки, майдон атрофи ўраб олинганига қарамай, пиёдалар ўтиб-қайтадиган тротуар тупроқ уюмлари, тахта ва симлар билан тўсиб ташланган, шу сабаб юришга ноқулай ҳолатда.

23 июл куни коммуникация тармоқларини янгилаш мақсадида кўчанинг бир қисмини қазиб ташлашганди. Жараён якунлангач, ковланган жойлар тупроқ, шағал билан ёпилиб, шу ҳолича ташлаб қўйилди. Натижада машиналар ўтганида ҳавога чанг кўтариляпти.

Қолаверса, Kun.uz ихтиёрида қурилиш майдонидаги яшиллик йўқ қилинганига оид маълумотлар ҳам мавжуд. Таҳририятга келиб тушган тасвирларда қурувчи кесилган дарахтларни кран орқали бир томонга олиб ўтгани кўринади. Ҳолат 18 июлда бўлган. Kun.uz мухбири январ ойида суратга муҳрлаган бир дарахт ҳам ҳозир жойида йўқ. У кесиб ташланганми ёки кўчириб ўтқазилганми, бу маълум эмас.

Google харитадан олинган тасвирларда қурилиш жойида яшиллик кўп бўлганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ҳозирга келиб шу яшилликдан қанчаси қолди? Бу ҳам бизга қоронғи.

Репортаж учун материаллар йиғиш чоғида қурилишда иш бошқарувчи бир кун ичида йўллар тозаланиб, пиёдалар учун очилишини маълум қилди. Аммо дарахтлар борасида бирор изоҳ бермади.

Маълумотларга кўра, айни ҳолатдан Чилонзор тумани ҳокимининг ҳам хабари бор. Умид қиламизки, бу вазиятга нафақат ҳокимият, балки экология бошқармасидагилар ҳам бефарқ қолишмайди. Биз эса вазиятни кузатишда давом этамиз.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 12 сентябрь куни айни шу қурилиш майдонида котлован сабаб маҳаллага кириб-чиқиш йўлининг бир қисми қулаб тушганди.

Шундан сўнг Қурилиш вазирлиги бу қурилиш тегишли тартибда хабардор қилинмасдан бошлаб юборилгани, Вазирлар Маҳкамасининг 200-сонли қарори талабларига зид эканини айтиб чиққан. Ва қурилишни тўхтатиш юзасидан огоҳлантириш хати юборилгани маълум бўлган.

Мавзуга оид