Жаҳон | 08:52 / 16.12.2024
14594
3 дақиқада ўқилади

WSJ: Асад оиласининг бойлиги 12 млрд долларга тенг бўлиши мумкин

Башар Асад оиласининг активлари қиймати 12 миллиард долларга етиши мумкин, деб ёзади WSJ. 2021 йилда Сурия ялпи ички маҳсулоти 8,98 миллиард долларни ташкил қилганди.

Фото: hassan_siala_official/Instagram

2021 йилда бутун Суриянинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) атиги 8,98 миллиард долларни (8,54 миллиард евро) ташкил этганига қарамай, Башар Асад оиласининг активлари қиймати 12 миллиард долларга (11,4 миллиард евро) етиши мумкин. Бу ҳақда Американинг The Wall Street Journal газетаси 15 декабр, якшанба куни хабар берди.

Асад режимининг қулаши билан Сурияда 50 йилдан ортиқ вақт давомида ҳокимият тепасида турган унинг оиласининг кўп миллиард долларлик бойлиги учун глобал ов бошланди, деб ёзади нашр.

«Инқилобдан олдин уларнинг пулларни ювиш учун кўп вақтлари бор эди, уларда ҳар доим »Б« режаси бўлган ва улар ҳайдалишга яхши тайёргарлик кўришган», деди Оқ уй Хавфсизлик кенгаши ҳузуридаги тузилмалардан бирида Сурия сиёсати учун масъул бўлган Эндрю Таблер.

Таблер - Вашингтон Яқин Шарқ сиёсати институти ходими. Илгари у Асад оиласи аъзоларига нисбатан санкциялар қўллаш учун уларнинг мол-мулкини аниқлаш устида ишлаган.

Башар Асад ва унинг отаси Ҳофиз қариндошлари ёрдамида бойликларини хорижда яширган, дея таъкидлади WSJ.

РФда кўчмас мулк, Венадаги меҳмонхоналар ва Дубайдаги самолёт

Асад кланининг бойлиги аниқ ҳажми ва қайси оила аъзолари қайси активларни назорат қилиши номаълум. Башар Асаднинг қариндошлари томонидан йиллар давомида амалга оширилган халқаро харидлар орасида: Россия Федерациясидаги ҳашаматли кўчмас мулк, Венадаги бутик меҳмонхоналар ва Дубайдаги шахсий самолёт бор.

2013 йилдан 2019 йилгача собиқ президентнинг қариндошлари Москва шаҳридан қиймати 40 миллион доллар (38 миллион евро) бўлган камида 20 та ҳашаматли квартира сотиб олишган, деб ёзади Financial Times.

АҚШ Давлат департаментининг 2022 йилдаги ҳисоб-китобларига кўра, Асадлар билан боғлиқ корхоналар ва активларнинг қиймати 1 миллиарддан 12 миллиард долларгача (950 минг евродан 11,4 миллиард еврогача) бўлиши мумкин.

Ушбу маблағлар кўпинча давлат монополиялари ва гиёҳванд моддалар савдоси, хусусан, Captagon савдо белгиси остида амфетамин бирикмаси орқали олинган ва кейинчалик қисман халқаро ҳуқуққа эга бўлмаган юрисдикцияларга қайта инвестиция қилинган, дея таъкидлайди WSJ.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид