Ўзбекистон | 15:11 / 07.05.2022
68779
6 дақиқада ўқилади

Бугун грин-карта натижалари эълон қилинади. Қанча одамга ютуқ чиқади?

АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи DV дастури натижалари бугун, 7 май куни Тошкент вақти билан соат 21:00да эълон қилинади. Натижаларни дастур расмий сайтида (dvprogram.state.gov), “Check Status” бўлимига кириш, сўнг “Continue” тугмасини орқали текшириш мумкин.

Фото: Photographer is my life / Getty Images

Одатда ҳар йили натижалар эълон қилинганидан кейинги соатларда дастур расмий сайтига бутун дунё бўйлаб жуда кўп инсонлар бир вақтда киришга уринади, натижада сайт ишида техник муаммолар кузатилиши мумкин.

Аризачилар ўз аризаларининг жавобини 2022 йил 30 сентябрга қадар юқоридаги манзил орқали кўришлари мумкин. Бунда қуйидагиларни киритиш зарур:

  1. Аризанинг тасдиқ коди (онлайн анкета тўлдирилганидан кейин берилган 16та белги (ҳарф ва рақамлар)дан иборат код);
  2. Аризачининг фамилияси (фақат фамилия, анкетада ёзилгани билан бир хил шаклда бўлиши лозим);
  3. Аризачининг туғилган йили (фақат йил кўрсатилади);
  4. Сайтда кўрсатилган суратдаги ҳарф ва рақамлар (сайтдан компютер-робот фойдаланмаётганини тасдиқлаш учун).
Ариза натижасини текшириш учун dvprogram.state.gov сайтига кириб, бош саҳифадаги "Check Status" бўлимини очиш, шундан сўнг "Continue" тугмасини босиш зарур.
Тўртта пунктга маълумотлар киритилгач, "Submit" тугмаси босилади

Юқоридагилар киритилганидан кейин очиладиган саҳифада, агар аризачи ғолиб деб топилган бўлса: “You have been randomly selected…” (Сиз ... учун тасодифан танлаб олиндингиз) деб бошланувчи матн кўринади.

Саҳифада бош ҳарфлар билан “… HAS NOT BEEN SELECTED” ([аризангиз] танлаб олинмади) деган ёзув чиқса, бу аризачининг лотереяда омади чопмаганини билдиради.

DV-2023 дастури учун аризалар 2021 йил 6 октябрдан 9 ноябргача қабул қилинган эди.

Бу кунни миллионлаб ўзбекистонликлар кутади

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – аҳолиси энг кўп грин-карта ўйнайдиган давлатлар рўйхатида туради. 2017 йилда Ўзбекистоннинг 1,8 миллион фуқароси DV дастурида қатнашган.

2016 йил май ойида 4501 нафар, 2017 йил майида 4494 нафар ўзбекистонликка ютуқ чиққан. Аммо ғолибларнинг барчасига ҳам грин-карта насиб этавермайди. 2017 йилда 3199 нафар, 2018 йилда 2058 нафар, 2019 йилда 823 нафар Ўзбекистон фуқароси DV дастури орқали АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритган.

2010-2019 йилларда (10 йил ичида) 27 563 нафар ўзбекистонликка грин-карта берилган, бу йилига ўртача 2755 киши демакдир (бу ерда айнан DV лотереяси орқали олинган грин-карталар ҳақида гап кетмоқда; маълумот учун, грин-карта олишнинг бошқа йўллари ҳам бор).

Лотерея ғолиби бўлиш грин-карта оласиз дегани эмас

АҚШда доимий яшаш гувоҳномасининг ранги яшил бўлгани учун лотерея норасмий равишда "грин-карта" номини олган.

2021 йилда дастурга ариза берган, 2022 йил 30 сентябргача натижаларни текширган ва танланган номзодлар 2023 йилнинг 30 сентябрига қадар виза расмийлаштириб улгуриши керак. Аммо шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ютуқ чиққанларнинг ярмигача қисми грин-картани қўлга кирита олмайди.

Бунга сабаблар – ҳужжатлардаги хатолар; виза олиш харажатлари ва АҚШга етиб бориб у ерда дастлабки ойларда яшаш учун етарли маблағнинг йўқлиги; энг охирги босқичда эса суҳбатдан ўта олмаслик ва ҳоказо.

Яна бир сабаб – шунчаки кеч қолиш. Ҳатто барчасини тўғри қилган тақдирингизда ҳам, суҳбатга кириш навбатингиз келгунича сизнинг давлатингиз учун ажратилган квота тўлиб қолиши мумкин. Чунки АҚШ Давлат департаменти турли сабаблар билан кейинги босқичдан ўта олмайдиган номзодлар ҳам бўлишини инобатга олиб, ажратилган квотадан икки баробаргача кўпроқ кишини ғолиб деб эълон қилади.

Ғолиблар АҚШга ўзи билан бирга кимни олиб кетиши мумкин?

Танланган номзодларнинг қонуний эри ёки хотини, шунингдек 21 ёшга тўлмаган ва ҳали оила қурмаган болалари ҳам ғолиб билан бирга АҚШга йўл олиш учун консулхонага ариза бериш ҳуқуқига эга.

Ғолибларнинг ота-онаси, ака-укаси ёки опа-синглисида бундай ҳуқуқ бўлмайди.

DV – қанақа дастур ўзи?

Diversity Visa Program – Америка жамиятида миллатлар хилма-хиллигини таъминлашга қаратилган виза дастури. Дастур АҚШда 1990 йилда қабул қилинган қонун асосида йўлга қўйилган. Ундан кўзланган мақсад – АҚШга тарихан иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган миллатлар вакилларига Америкада яшаш ҳуқуқини беришдир.

Ғолиблар кейинги жараёнлардан муваффақиятли ўтган тақдирда, АҚШда доимий яшаш, қонуний ишлаш ва 5 йилдан сўнг АҚШ фуқаролигини олиш учун ариза бериш имкониятига эга бўлади. Грин-карта эгалари фуқаролик олгунга қадар сайловда овоз бериш ҳуқуқидан ташқари, АҚШ фуқароларига берилган аксарият ҳуқуқлардан фойдалана олади.

Дастур орқали ҳар йили 55 минг кишига АҚШда яшаш ҳуқуқи тақдим этиш кўзда тутилган. Дастур ғолиблари компьютер ёрдамида тасодифий танланади.

2020 йилда дунё бўйича 13 191 296 киши лотереяда қатнашган (“dependent” – ҳамроҳ сифатида қайд этилганлар ҳам шулар жумласидан). Улардан 119 021 нафари танлаб олинган – юқорида айтилганидек, танлаб олинганларнинг ярмигача қисми турли сабаблар билан виза ололмайди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мавзуга оид