Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Юриспруденция, қўшма факультетлар ва математика фанига эътибор – НамДУ бўлажак абитуриентлар учун барча шароитларни тайёрлади
Наманган давлат университети 2020-2021 ўқув йиллари учун керакли мутахассис кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратиб, юриспруденция, биотехнология, мевачилик ва узумчилик, сабзавотчилик ва полизчилик, картошкачилик ҳамда иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш, сиртқи таълимда филология ва тилларни ўқитиш: рус тили, математика, география каби янги йўналишларни очди.

Юриспруденция факультетига 50 та қабул қилиш квоталари мавжуд. Бу йўналишга ўқиш истагини билдирган 4429 нафар талаба онлайн тартибда ўз ҳужжатларини топширган. Бу албатта соғлом рақобат муҳитини яратиши шубҳасиз.
Шунингдек, Президентнинг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг В.И. Романовский номидаги математика институти Наманган давлат университетида ўз ҳудудий бўлинмасини ташкил этди. Бу водий вилоятларидаги 13 та Олий ўқув юртлари ва филиаллар математика кафедраларининг 220 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилари, докторант ва мустақил изланувчиларни қамраб олди.

Математика йўналишида магистратурага 30 нафар бакалавр йўналишини тамомлаган иқтидорли ёшлар тўлиқ давлат гранти асосида қабул қилиниши белгиланган. Аввалги йилдаги қабулларда бундай имконият мавжуд бўлмаган. Давлат гранти квоталари оз миқдорни ташкил этган. Бунда, албатта, ҳукумат томонидан истеъдодли ёшларга чуқур билим бериш, математика фанини ривожлантириш, университет обрў ва нуфузини янада ошириш каби мақсадлар мужассам.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, университет хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастури асосида очилган факультетларига эга. А.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Урал давлат тиббиёт университети, Қозон давлат университети ҳамда Москва давлат озиқ-овқат технологиялари университети шулар жумласидан. Бу таълимдаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бир қаторда ёшларни олий таълимга кенг қамраб олиш имкониятини яратади. 2019-2020 ўқув йилида А.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан қўшма таълим дастури бўйича психология, дефектология, информатика ва информацион технология факультетлари фаолият бошлади.
Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастури асосида очилган факультетда эса даволаш, педиатрия, стамотология, фармацевтика йўналишлари ташкил этилиб, 104 талабалар таҳсил олиб келмоқдалар. 2020-2021 ўқув йилида ҳам ушбу факультетларга абитуриентлар онлайн тартибда ўз ҳужжатларини топширдилар.

22 август куни Наманган давлат университетида Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастури асосида ташкил этилган факультетнинг тест имтиҳонлари онлайн тартибда бўлиб ўтди. У карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда очиқ майдонда ўтказилди. Университетнинг 45 нафар алоҳида, ҳар бирининг оралиқ масофаси 2,5-3 метр ташкил этувчи стол ва стуллар жойлаштирилди. Энг сўнгги русумдаги замонавий компьютер билан тўлиқ жиҳозланди. Антисептик воситалар, қўлқоплар, ниқоблар билан таъминланди. Имтиҳонга вилоят халқ таълими, соғлиқни сақлаш, миллий гвардия вакиллари жалб этилди. Барча харажатлар университети ҳисобидан амалга оширилди.

“Тест жараёни мени ҳаяжонга солмаяпти. Чунки ўзимни эркин ҳис қилишим учун менда билим етарли деб ҳисоблайман. Бу ерда яратилган шароит ҳам жуда маъқул келди. Карантин қоидаларига тўлиқ амал қилинган. Бизга мана шундай шароитларни яратиб беришгани учун катта раҳмат. Мен албатта тест имтиҳонини муваффақиятли топшириб, талаба бўламан”, - дейди университетга ҳужжат топширган абитуриент Ким Ксения.
Дарҳақиқат, тест имтиҳонларини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли йиғилиш баёнлари асосида ташкил этилди. Адолат, шаффофликни таъминлаш, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш муҳим вазифадир. Абитуриентнинг асосий мақсади эса ўзи танлаган мақсадига эришиш, орзуларини рўёбга чиқариш. Ёшларимиз ана шундай эзгу мақсадлар йўлида дадил қадам ташламоқда. Уларга фақат омад тилаб қоламиз. Ватанига садоқатли, фидойи инсон бўлиб яшаш бахти насиб этсин.
Мавзуга оид
16:49 / 17.04.2023
“Коррупция – фаровон ҳаёт пойдевори” номли танлов фейк экани айтилди
20:13 / 26.12.2020
НамДУ ректори йил якуни бўйича ҳисобот берди. Университетда тиббиёт йўналиши ҳам очилиши мумкин
07:33 / 17.09.2019
НамДУда Россия университети билан ҳамкорликда қўшма тиббиёт факультети очилди
19:35 / 13.06.2019