Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бельгияда ҳибсга олинган Исроил аскарлари, кескинлашган Боку-Москва муносабатлари ва Бангладешда қулаган ҳарбий самолёт – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Исроил Ғазода қуруқлик ва ҳаводан янги амалиёт бошлади
Исроил қўшинлари Ғазо секторининг марказий қисмидаги Дайр-ал-Балаҳ шаҳрида – 20 ойдан ортиқ ҳарбий ҳаракатлар олиб борилмаган ҳудудда қуруқлик ва ҳаво орқали янги амалиёт бошлади.
Амалиёт душанба куни эрта тонгда, Исроил ҳарбийлари шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги олтита турар жой мавзеси аҳолисини эвакуация қилишни буюрганидан бир неча соат ўтиб бошланди. Исроил танклари ва ҳарбий машиналари артиллерия ва авиация ниқоби остида «Кисуфим» назорат-ўтказиш пункти орқали шаҳарга кирган. Ижтимоий тармоқларда Исроил қўшинларининг олдинга силжиши фонида портлашлар ва отишма овозлари акс этган видеоёзувлар пайдо бўлди.
Бу — деярли икки йилдан бери давом этаётган можаро туфайли илгари ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганлар орасида кўчишнинг янги тўлқинини келтириб чиқарди.
БМТнинг Гуманитар бошқармаси эвакуация буйруғини Ғазодаги гуманитар саъй-ҳаракатларга «яна бир қақшатқич зарба» деб атади. БМТ маълумотларига кўра, Дайр-ал-Балаҳда гуманитар омборлар, тиббиёт клиникалари ва сув таъминоти каби ўнлаб муҳим иншоотлар жойлашган.
Британия, Франция ва Канада жумладан 25 та Ғарб давлати душанба куни Исроилдан Ғазодаги урушни дарҳол тўхтатишни талаб қилди ва юзлаб фаластинликларнинг, жумладан, озиқ-овқат тарқатиш пунктлари яқинида ўлдирилишини «инсониятга зид қатлиом» деб танқид қилди.
Ушбу мамлакатлар биргаликдаги баёнотида Ғазо аҳолиси учун ёрдамнинг «томчилатиб етказилиши»ни қоралади ва 800 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ёрдам олишга уринган пайтда ўлдирилгани «даҳшатли» эканини таъкидлади.
Қурбонларнинг аксарияти АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланган Ғазо Гуманитар Жамғармаси (GHF) пунктлари яқинида ҳалок бўлган. Ушбу жамғарма илгари БМТ бошчилигидаги тармоқдан ёрдам тарқатиш вазифасини қабул қилиб олган эди.
Европанинг 20 га яқин давлати, шунингдек Канада, Австралия ва Янги Зеландия томонидан урушни тўхтатиш ва ёрдам етказишни талаб қилиш АҚШ ҳамда Исроил билан иттифоқдош бўлган мамлакатлар сафидан келмоқда. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бу баёнотни «ҳақиқатдан узилган» деб атади ва у «ҲАМАСга нотўғри сигнал беради», дея баёнот берди.
Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, уруш бошланганидан бери Исроил ҳужумлари натижасида 59 000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 100 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган.
Эрон ядро дастури бўйича музокаралар тикланмоқда
25 июль куни Истанбулда Эрон ҳамда учта Европа давлати — Буюк Британия, Франция ва Германия ўртасида янги ядро музокаралари бошланади. Бу маълумотни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бағоий тасдиқлади.
Бағоийнинг сўзларига кўра, музокараларни ўтказиш Европа томонининг сўрови асосида амалга оширилмоқда. Учрашув ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари даражасида ўтказилади. Музокараларда Эрон томонидан ТИВ раҳбари ўринбосарлари Мажид Тахт-Равончи ва Козим Гарибободи иштирок этади. Музокараларда 2015 йилда тузилган ядро дастури бўйича битимни тиклаш истиқболлари муҳокама қилинади.
Европа учлиги — Хитой ва Россия билан бирга Эрон билан 2015 йилги ядровий келишувнинг аъзоси бўлиб қолмоқда. АҚШ ундан 2018 йилда чиққан эди. Келишув Эроннинг ядровий дастури бўйича чекловлар эвазига унга нисбатан санкцияларни бекор қилишни назарда тутган эди.
Кремль: Россия ва Озарбойжон муносабатларида мураккаб давр бошланди
21 июль, душанба куни Кремль вакили Дмитрий Песков Озарбойжон билан Россия ўртасидаги муносабатлар «мураккаб даврга кирганини» билдирди. Бу баёнот Озарбойжоннинг ўтган йил охирида Қозоғистонда содир бўлган АЗАЛ авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати бўйича халқаро судларга мурожаат қилишини маълум қилганидан кейин янгради. Ҳалокатда 38 йўловчи ҳалок бўлганди.
«Баъзида икки давлат ўртасидаги муносабатларда мураккаб даврлар бўлади. Ҳозир айнан шундай палладаман», — деди Песков Москвадаги матбуот анжуманида.
У, шунингдек, бу ҳолат вақтинчалик эканига умид билдирар экан, икки томонлама муносабатлар мустаҳкам пойдеворга эга эканини айтди.
Озар самолёти ҳалокати ортидан ўтган ой Озарбойжон фуқаролари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида полиция рейдига учраган эди. Бу эса вазиятни яна кескинлаштириб, икки томонда мигрантлар овига айланганди.
Куни-кеча Илҳом Алиев Украинани таслим бўлмасликка чақиргани ва украиналик журналистдан Украина қуролли кучлари бригадалари шевронларини қабул қилиб олгани эса рус пропагандаси томонидан кескин қарши олинди.
Россиядаги ҳарбий мавзуга ихтисослашган фаоллар Илҳом Алиевнинг бу баёнотларини оғриқли қабул қилишди ва Боку «Украина изидан кетаётгани», Озарбойжон билан можаро «муқаррарлиги» ҳақида ёза бошлашди.
Telegram’га кўчган катта рус пропагандаси, хусусан Z каналлар Озарбойжон билан эҳтимолий урушга тайёрланишга чақиришни бошлади.
Бельгияда Исроил аскарлари Ғазодаги жинояти учун сўроқ қилинди
21 июль куни Бельгия ҳудудида ўтказилган фестивалда икки исроиллик аскар «ҳарбий жиноятлари» учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда Исроил ҳарбий хизматчиларини Ғазодаги геноцид учун суд жавобгарлигига тортиш билан шуғулланадиган нодавлат ташкилот «Ҳинд Ражаб» Фонди хабар берди.
Ташкилот расмий баёнотида айтилишича, Бельгия федерал полицияси ҳуқуқий сўровларга кўра, Ғазодаги ҳарбий жиноятларда асосли тарзда айбланаётган икки исроиллик аскарни ҳибсга олиб, сўроқдан ўтказган. Бу — халқаро жавобгарликни таъминлаш йўлидаги глобал ҳаракатларда бурилиш нуқтасига айланиши мумкин бўлган воқеа сифатида кўрилмоқда.
«Жуда кўп давлатлар сукут сақлаётган бир пайтда, ушбу ҳаракат аниқ сигнал беради: халқаро жиноятлар бўйича асосли далилларга ҳуқуқий жавоб берилиши лозим. Ғазодаги қурбонлар ва омон қолганларга шуни айтамизки: биз сизни кўряпмиз, эшитяпмиз ва адолат учун бўлган талабларингизни илгари суришда давом этамиз. Жазога тортилмаслик абадий бўлади, деб ишонаётганларга эса: бу лаҳза аксини исботлайди», дейилади ташкилотнинг расмий баёнотида.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Бельгия ҳудудида ЦАХАЛ аскари бўлган Исроил фуқаролари ҳибсга олиниб, сўроқ қилинганини тасдиқлади. Уларнинг иккаласи ҳам Бельгия ҳудудида таътилда бўлган. Сўроқдан сўнг тез орада озод этилган.
Исроил расмийлари сўроқ сабаблари ёки ҳибсга олиш тафсилотлари бўйича ҳеч қандай қўшимча маълумот бермаган.
АҚШ Британияда ядровий бомба жойлаштирди
Шу ҳафта АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Англия шарқидаги Саффолк графлигидаги Қироллик ҳаво кучлари авиабазасига бир нечта B61-12 термоядровий бомбаларини етказиб берди. Бу ҳақда UK Defence Journal хабар берди.
OSINTDefender очиқ маълумотлар таҳлилчиси сўзларига кўра, бомбалар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Ню-Мексикодаги Киртленд авиабазасидан келтирилган. 17 июл куни Ню-Мексикодан ҳарбий-транспорт самолёти учиб келди, унинг бортида Буюк Британияда жойлаштириш учун мўлжалланган биринчи B61-12 бомбалари бўлган.
АҚШ Мудофаа вазирлиги бомбаларнинг кўчирилиши ҳақидаги маълумотни расман тасдиқламади, Британия ҳарбий идораси эса, «одатда, муайян жойларда ядро қуроли бор-йўқлигига изоҳ берилмайди», деди.
Илгари Американинг ядровий бомбалари Совуқ уруш даврида Лейкенхит базасида сақланган. 2008 йилда улар қуролсизланиш жараёни доирасида олиб ташланди. Агар бомбаларнинг қайтарилгани ҳақидаги хабар тасдиқланса, бу Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви фонида — НАТО Европа минтақасидаги ядровий сиёсатида сезиларли ўзгариш ва Москвани тийиб туришга урғу кучайтирилганини англатади.
B61-12 АҚШ арсеналидаги биринчи бошқариладиган ядровий бомба бўлди. 2023 йилда Пентагон «эҳтимолий душманларнинг ўсиб бораётган таҳдидлари» туфайли ушбу бомбани B61-13 вариантига модернизация қилиш режаларини эълон қилди.
Бангладешда ҳарбий самолёт коллеж ҳудудига қулади, 27 киши ҳалок бўлган
Бангладеш пойтахти Дакка шаҳри шимолида мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ўқув самолёти қулаб тушди. F-7 BGI русумидаги самолёт талабалар имтиҳон топшираётган ва дарсларда қатнашаётган Milestone коллежи кампусига қулаган. Reuters нашрининг хабар беришича, натижада 27 киши ҳалок бўлди, 88 киши, жумладан болалар, касалхонада куйиш жароҳатлари билан даволанмоқда.
F-7 BGI русумидаги самолёт душанба куни маҳаллий вақт билан соат 13:06 да ҳарбий авиабазадан навбатдаги ўқув парвозига чиққанидан кўп ўтмай қулаб тушган. Ҳарбийлар воқеа сабабини техник носозлик билан изоҳлади.
Ҳукумат мамлакат бўйлаб мотам куни эълон қилди — барча давлат муассасаларида байроқлар туширилди. Ҳодиса юзасидан расмий тергов комиссияси тузилган.
F-7 BGI — бу Хитойнинг қирувчи самолётлари оиласининг технологик жиҳатдан илғор моделидир. Бангладеш 2011 йилда ушбу самолётларнинг 16 донасига буюртма берган ва уларнинг етказилиши 2013 йилда якунланган.
Мавзуга оид
14:05 / 10.01.2026
Венесуэлага $100 миллиард сармоя, Евроиттифоқ тасдиқлаган Mercosur ва Украинага отилган «Орешник» – кун дайжести
14:40 / 09.01.2026
Ғазода бузилаётган сулҳ, Россиянинг «қонуний нишонлари», Истанбулда кучли довул ва интернетдан узилган Эрон – кун дайжести
15:00 / 08.01.2026
Эронда кучайган намойишлар, Россия байроғи остидаги танкерни мусодара қилган АҚШ ва СДФга қарши амалиёт бошлаган Сурия – кун дайжести
14:10 / 07.01.2026