Ўзбекистон | 18:20 / 20.12.2017
42318
4 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўринбосари: «​Инфляция даражаси 14 фоиз бўлиши кутилмоқда, келаси йил ҳам юқори бўлади»​

Молия вазири Жамшид Қўчқоров. Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Сенатининг XIII ялпи мажлиси биринчи иш куни ўз ниҳоясига етди. Бу галги ялпи мажлисда икки нафар янги сайланган сенатор, Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Илгизар Собиров ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Ўзбекистон Республикаси Сенатининг XIII ялпи мажлиси кун тартибига 26та масала қўйилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров 2018 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ ва бюджет сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги маълумотларни сенаторларга ҳавола этди.

Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, олиб борилган сиёсий ислоҳотлар натижасида, жорий йилда макроиқтисодий барқарорлик ва ривожланиш суръатлари ижобий кўрсаткични сақлаб қолмоқда.

«Жорий йил якунлари бўйича, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 5,5 фоизга, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 5,7 фоизга, қишлоқ хўжалигининг 3,5 фоизга, чакана савдо айланмасининг 5,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Товар ва хизматлар экспорти ҳажми эса 14 фоизга ўсиши кутилади. Инфляция кўрсаткичи 14 фоиз бўлиши кутилмоқда, аммо бундан аввалги маълумотларнинг шаффоф эканлигига Халқаро валюта жамғармаси ҳам шубҳа қилганди», дейди вазир.

Молия вазирининг фикрича, охирги пайтда статистик маълумотларни аниқлаштириш, уларни халққа тўғри етказиб беришга катта эътибор қаратилмоқда: қисқа муддат ичида Марказий Банк, Давлат Статистика қўмитаси, Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари Халқаро Пресс клубда иштирок этиб, ҳақиқий иқтисодий рақамларни ошкор этган.

«Бунга нима туртки бўлди? Ўзбекистонлик иқтисодчилар ривожланиш стратегияси нима, иқтисодиёт қай оқимга оғишмоқда, бу статистика халқаро талабларга жавоб берадими, деган саволларга жавоб бериши керак. Гапнинг индаллосини айтганда, минбарлардан туриб, айрим рақамларни айтганимизда жуда кўп одамлар мийиғида кулиб қўярди. Шунинг учун, инфляция ҳақида гапирганда айтиш жоизки, у жорий йилда ҳақиқатан юқори бўлиши кутиляпти. Кейинги йилда ҳам (инфляция) юқори даражада бўлиб, 12-13 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Президент мана шу ҳақда очиқ-ойдин гапиришни айтмоқда: келгуси йилда кузатилиши мумкин бўлган рақамларни ҳам ошкор этмоқдамиз. Шунингдек, республиканинг энг чекка ҳудудларигача ёйилган аҳоли вакилларига энг қулай нархда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш имкониятини яратиш кераклигига эътибор қаратиляпти», дейди Бош вазир ўринбосари.

2017 йилдаги давлат бюджетининг даромадлар бўйича ижроси шуни кўрсатяптики, барча солиқ турлари ва бож тўловлари режалар тўлиқ бажарилиши кутилмоқда, шунингдек, 2016 йилдаги рақамлар билан солиштирганда, даромадлар 8,3 триллион сўмга ёки 20 фоизга ўсиши кутиляпти. 

«​Бу ерда кўплаб ҳурматли ҳокимлар, вазирлар иштирок этмоқда. Аввалги йилларда, ғазначилик ҳаракати 15 декабрь кунидан бошлаб тўхтатилиши кузатиларди, бугунги кунга келиб, бирор соат ҳам харажатни тўхтатганимиз йўқ. Бу йилги профицит, ундан аввалги даврдан битта катта фарқи бор: айни вазиятда табиий профицитни кўрсатмоқдамиз. Биронта ишларни қолдирмасдан, тўлиқ молиялаштириб келяпмиз. Ваҳоланки, сунъий равишда ҳаракатларни чеклаш, тўхтатиб қўйиш ёки белгиланган муддатгача «​шартнома олиб келмадинг»​ каби ўйлаб топилган баҳоналарни такрорлаш ҳолатига чек қўйилди. Агар бирон бир вилоятда мана шундай воқеа юз берса, ўша ҳудуддаги Ғазначилик тармоғи раҳбарини лавозимидан олиб ташлашни илтимос қиламиз»​, деб қўшимча қилган Жамшид Қўчқоров.

Тайёрлаган:  Алишер Рузиохунов

Мавзуга оид