Ўзбекистон | 13:28 / 20.02.2020
13710
12 дақиқада ўқилади

Сув ресурсларини бошқаришнинг самарали тизимини ярата оламизми? Янги концепция лойиҳаси тўғрисида

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистоннинг сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди. Ўйлаймизки, бу сув соҳасида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган жуда муҳим ҳужжат.

Хатар ва муаммолар 

Сув – бу аҳоли, иқтисодиёт ва айниқса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳаёти ва фаолияти, шунингдек экологик мувозанатни сақлаш учун зарур табиий ресурс ҳисобланади.

Ўзбекистон сув ресурсларининг келгуси балансига минтақанинг асосий дарёлари шаклланадиган музликларнинг жадал эриши, иқлим ўзгаришининг бошқа жиҳатлари, шунингдек аҳолининг сувга ортиб бораётган эҳтиёжлари ва саноатнинг ривожланиши таъсир кўрсатади.

Бутун Марказий Осиёдагидек, Ўзбекистонга ҳам иқлим ўзгариши аввало, ҳудуднинг асосий дарёларини шакллантирадиган тоғ музликларининг эриши билан таҳдид солади. Сўнгги 50-60 йил давомида музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Тахминларга кўра, ҳарорат 2 даражага ортганда музликлар ҳажми 50 фоизга, 4 даражага исиганда – 78 фоизга камаяди.

Сув тақчиллиги билан боғлиқ вазият қўшни мамлакатлардан сув етказиб берилишига ниҳоятда боғлиқ эканлиги билан янада мураккаблашади (истеъмол қилинадиган сувнинг 80 фоизи мамлакатга ташқаридан келади).

Сўнгги йилларда Ўзбекистон томонидан фойдаланиладиган сув ресурсларининг йиллик ҳажми ўрта ҳисобда 51-53 км3.ни ташкил этади ва бу умумий олинган сув ҳажмининг ўтган аср 80-йилларига нисбатан жиддий тарзда (20 фоиз) қисқарганини кўрсатади (шу билан бирга, мамлакат аҳолиси бир ярим - икки бараварга кўпайган). Келгусида вазият фақат ёмонлашади. 

Мавжуд сув ресурсларидан фойдаланишнинг асосий муаммоси – қишлоқ хўжалигида сув ресурсларини етказиб бериш ва истеъмол қилишда улардан самарасиз фойдаланиш. Кўрсатиб ўтилган муаммо институционал, технологик ва кадрларга оид сабабларга эга.

Ўзбекистон сув хўжалигининг асосий институционал муаммолари – сув истеъмолчилари (аввало, агро ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли томонидан), сув инфратузилмаси учун масъул бўлган шахслар ва ташкилотлар томонидан сувдан самарали фойдаланиш бўйича таъсирчан рағбатларнинг йўқлиги, шунингдек соҳанинг етарли даражада молиялаштирилмаслиги. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун сув етказиб бериш бўйича асосий харажатлар давлат бюджетидан қопланади. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сув етказиб бериш бўйича тўловлари унинг истеъмоли ҳажми билан тўғридан тўғри боғланмаган. Уларнинг миқдори самарали ва тежамкор сув истеъмолини рағбатлантириш учун етарли эмас.

Шу кунга қадар аграр соҳани сув билан таъминлашни бошқаришда, умуман бутун қишлоқ хўжалигида бўлгани каби маъмурий (бозорга оид бўлмаган) усуллар ҳукмронлик қилди. Шу пайтгача сув тақсимлашнинг асосий воситаларини ихтиёрий тарзда тайинланадиган квоталар ҳамда экинларнинг маҳсулотга оид таркиби устидан маъмурий назорат ташкил этди. Пахта ва буғдой етиштириш режаларини бажариш бўйича вазифалар иқтисодий фойдани максимал даражага етказиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари даромадларини ва сув тежамкорлигини ошириш, сув етказиб бериш харажатларини қисқартириш вазифалари билан боғланмаган эди.

Маълумки, жорий йилда жумладан, фермерлар учун мажбурий режалаштиришдан босқичма-босқич воз кечиш кўзда тутилган кенг кўламли аграр ислоҳот бошланмоқда. Шунга мувофиқ, сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиляпти.

Сув ресурсларидан фойдаланишда биринчи навбатдаги технологик муаммолар эскирган ва яроқсиз инфратузилма билан боғлиқ. Ўнлаб йиллар давомида фойдаланилган суғориш тизимлари ва гидротехник иншоотларнинг эскириши, юқори энергия сарфи ва технологик асбоб-ускуналар ҳамда иншоотларнинг паст маҳсулдорлиги сувнинг сезиларли даражада йўқотилишига ва уни истеъмолчиларга етказиб беришда юқори харажатларга олиб келмоқда. Мамлакатдаги магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг 66 фоизи фильтрацияга қарши қопламаларга эга эмас, яъни тупроқли ўзандан оқади. Бундан ташқари, магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг 44 фоизида таъмирлаш ва тиклаш ишларини, 16 фоизида реконструкция ишларини олиб бориш зарур. Сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари балансида бўлган хўжалик ва ички хўжалик тармоқларининг 42 фоизи таъмирлаш ва тиклашга, 10 фоиздан кўп қисми эса реконструкцияга муҳтож. Мавжуд лоток тармоқларининг асосий қисми қарийб 30 йилдан буён техник хизмат кўрсатилмасдан фойдаланилмоқда, шу сабабли лоток тармоқларининг 70 фоизи қониқарсиз ҳолатда ҳамда уларни реконструкция қилиш ва алмаштириш талаб қилинади. Бундай ҳолатда манбалардан насос станциялари ёрдамида олинадиган ёки ўзиоқар сувларнинг 35-40 фоизи суғориш тизимлари (тармоқлари)да йўқотилади.

Сув хўжалиги балансида бўлган насос ускуналарининг 60 фоизидан кўп қисмининг фойдаланиш муддати аллақачон ўтиб бўлган. Насос станциялари ва таркибий қисмларининг жисмоний ва маънавий эскирганлиги электр энергиянинг катта миқдорда йўқотилиши асосий сабабидир.

Сувдан нооқилона фойдаланиш унинг истеъмолчиларга етказиб берилганидан сўнг ҳам кузатилмоқда. Ҳозирги пайтда 3 фоизгина суғориладиган ерларда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган.

Соҳанинг Концепцияда тилга олинган бошқа муҳим муаммолари қуйидагилар:

- сув хўжалиги ташкилотлари ходимларининг ўртача иш ҳақи мамлакатдаги ўртача иш ҳақига нисбатан паст;

- хўжалик ички суғориш тармоқларида сувни бошқаришни ва уни тақсимотини самарали амалга ошириш учун ташкил этилган Сув истеъмолчилари уюшмалари сув хўжалиги тизимида сув истеъмолчиларининг ўзини ўзи бошқариш бўйича барқарор тузилмасига айлана олмади;

- сув ресурсларини бошқаришда турли идоралар ўртасида масъулиятнинг сочилиб кетиши ва тегишли мувофиқлаштиришнинг мавжуд эмаслиги;

- соҳада таълим ва фаннинг ривожланиш даражаси етарли эмаслиги.

Кўзланган ислоҳотлар

Концепция лойиҳасида сув хўжалигини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган. Биз фақат ўзимиз учун энг муҳим кўринган йўналишларни қайд этмоқчимиз.

1. Сув хўжалигида бозор тамойилларини жорий этиш, сув хўжалиги ташкилотлари фаолиятини тижорийлаштириш, давлат-хусусий шерикчилик механизмларини ва аутсорсингни жорий этиш ҳисобига сув хўжалигининг молиявий барқарорлигини ошириш. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритиш учун шароитлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда, хўжалик ички суғориш-дренаж тармоқларини бошқаришнинг универсал моделини яратишни уринишдан янада мослашувчан ва хилма-хил механизмларига ўтиш кўзда тутилади.

Ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, сув хўжалиги хизматларининг кадрлар салоҳияти ва хусусий секторнинг давлат-хусусий шерикликда қатнашишга тайёрлигидан келиб чиққан ҳолда маҳаллий суғориш-дренаж тармоғини бошқариш функцияларини:

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва бошқа сув истеъмолчиларининг ихтиёрий бирлашмаларига;

хусусий компанияларга (танлов асосида);

қишлоқ хўжалиги кластерларига (улар жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёр жойларда) бериш;

сув инфратузилмасини бошқариш ва унга хизмат кўрсатиш, хизматлар кўрсатиш соҳасидаги хўжалик функцияларини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) ва аутсорсингнинг бошқа кўринишлари доирасида ўзга ташкилотларга бериш.

Аутсорсинг учун қуйидагиларни ўтказиш режалаштирилмоқда (хизмат кўрсатиш ташкилотларининг мулкини бошқаришнинг вақтинча, доимий ва бошқа шаклларига ўтказиш имконияти билан):

-         сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш ва уларни техник жиҳатдан таъминлаш;

-         сув хўжалиги иншоотларини таъмирлаш, қуриш ва модернизация қилиш;

-         сув соҳасига кўрсатиладиган бошқа хизматлари.

Бу ишлаб чиқариш жараёнларини мақбуллаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ресурслардан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш орқали сув етказиб бериш харажатларини камайтириш ва сув истеъмоли самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

2. Сувдан фойдаланувчиларнинг сув етказиб бериш харажатларини қоплаш даражасини босқичма-босқич ошириш. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сув етказиб бериш хизматлари учун тўловлари унчалик катта эмас (улар етказиб бериш харажатларининг бир қисминигина қоплайди) ва уни истеъмол қилиш ҳажми билан бевосита боғлиқлик йўқ.

Магистрал ва хўжаликлараро тармоқлар даражасида бунга сув солиғи ставкаларини ошириш ва дифференциациялаш орқали эришилади. Маҳаллий суғориш тармоқлари даражасида эса сув истеъмолчиларининг молиялаштиришдаги иштирокини кўпайтириш сув етказиб бериш учун тўлов механизмларини такомиллаштириш орқали амалга оширилади. Сув етказиб бериш харажатларини сув солиғига киритишда сув истеъмоли ҳажми ва сув етказиб бериш харажатларига қараб, сув учун дифференциациялашган солиқ ставкаларини ҳисоблаш услубияти ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

3. Сув хўжалиги соҳасида маъмурий ислоҳотлар ўтказилиши, замонавий, бозор тамойилларига мос бошқарув усулларининг жорий этилиши, сув хўжалигини бошқаришда сув истеъмолчилари, бошқа манфаатдор томонлар ва жамоатчиликнинг роли ва иштирокини ошириш. Ҳар бир давлат органининг вазифалари, функциялари ва ваколатларини аниқ белгилаш кўзда тутилмоқда.

Қарор қабул қилишда давлат томонидан тартибга солиш самарадорлигини ошириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш учун қуйидагиларга боғлиқ бўлган функцияларни аниқ чегаралаш талаб этилади: 

давлат томонидан тартибга солишнинг асосан маъмурий усулларини қўллашдан бозор иқтисодиёти тамойилларига йўналтирилган усуллар ва механизмларга ўтиш, шу жумладан сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, хусусий ташаббусларни жонлантириш ва соҳага нодавлат молиявий ресурсларни жалб қилиш учун иқтисодий рағбатлантириш тизимини яратиш;

барча сув ресурслари, шу жумладан ер усти, ер ости ва қайтар сувларни бошқариш сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

турли соҳаларда (қишлоқ хўжалиги, коммунал хўжалиги, саноат, энергетика ва бошқалар) сув ресурслари тақсимлаш ва фойдаланишни тартибга солиш;

сув хўжалиги инфраструктурасидан фойдаланиш ва сув хизматларини кўрсатиш функцияларини амалга ошириш;

сув олиш лимитлари, шунингдек сув истеъмоли ва сувдан фойдаланишнинг тартиб-қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилиш.

Қарор қабул қилишда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш учун бу функциялар турли ташкилотлар томонидан амалга оширилиши лозим.

4. Сувдан иқтисодий жиҳатдан самарали фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалигининг маҳсулдорлигини янада ошириш талабларига жавобан сув ҳуқуқлари ёки унинг қисмлари билан алмашишнинг адолатли ва шаффоф тизимини яратиш кўзда тутилган. Захираларнинг (жумладан, қор қоплами) сув таъминотига асосланган сув тақсимлаш режалари йил ва фасл ўртасида вазият ўзгарувчанлигини ҳисобга олган ҳолда шаффоф ва адолатли ёндашув асосида тузилади. Сувни тақсимлаш ва сувга бўлган ҳуқуқни сотиш бўйича шаффоф ва самарали қоидалар Концепциянинг кейинги босқичларида якунланади.

5. Гидротехник иншоотлар ва насос станцияларини модернизация қилиш ва техник ҳолатини яхшилаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, суғориш тизимларида сув йўқотилишини камайтириш, сувни етказиб беришга сарфланадиган энергия харажатларини қисқартириш. Бу давлат бюджети ва хусусий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилади.

6. Сувдан оқилона фойдаланиш, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш, сув истеъмолини мақбуллаштириш, қайтар сувлардан фойдаланиш тизимини жорий этиш бўйича таъсирчан рағбатлантириш механизмларини яратиш, сув тежайдиган замонавий технологияларни жорий этишга йўналтирилган илмий-тадқиқот ва консалтинг ишларини молиялаштириш манбаларини рағбатлантириш ва кенгайтириш механизмларини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

7. Сув хўжалиги соҳасига кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалигида илмий ва инновацион салоҳиятни ривожлантириш.

8. Сув ресурсларини башорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, самарали қарорлар қабул қилиш учун маълумотлар сифатини ва улардан фойдаланиш имкониятини ошириш.

Бизнингча, Концепция лойиҳасида сув соҳасида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш учун тўғри чоралар таклиф этилган. Ушбу кўзланган мақсад амалга ошади деган умиддамиз.

Юлий Юсупов

Мавзуга оид