Жаҳон | 23:47 / 13.07.2025
21941
2 дақиқада ўқилади

Францияда маҳбус сумка ичига яшириниб, қамоқхонадан қочиб кетди

Унинг йўқолиб қолгани орадан бир кун ўтиб маълум бўлган. Маҳбус озодликка чиққан камерадошининг сумкаси ичига яширинган ҳолда қочишга муваффақ бўлган.

Фото: Getty images

Франция жануби-шарқидаги қамоқхонадан 20 ёшли маҳбус қамоқхонадан қочиб кетди. У жазо муддати тугаган камерадошининг сумкасига яширинган ҳолда озодликка чиққан, деб хабар беради BFMTV канали.

Қайд этилишича, маҳбус қочиб кетгани қамоқхона раҳбарияти томонидан бир кун кейин, 12 июл куни аниқланган. Ҳозирда уни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Франциялик йигит одам савдоси ва ўғирлик каби қатор жиноятларни содир этгани учун жазо муддатини ўтаётган, шунингдек, уюшган жиноятчиликка алоқадорлиги бўйича тергов остида бўлган. У билан камерада бўлган икки маҳбусдан бири 11 июл куни озодликка чиққан.

Пенитенциар муассаса ҳолат бўйича ички терговни бошлаган. Қамоқхона бошлиғи Себастен Ковэлнинг маълум қилишича, бу «бир қатор жиддий қонунбузарликларни кўрсатиб берган камдан-кам учрайдиган ҳолатдир». Унинг сўзларига кўра, ушбу қонунбузарлик «тўпланиб қолган хатолар» натижасидир.

Тахминларга кўра, Корба коммунасида жойлашган қамоқхона маъмурияти маҳбуслар кўплиги боис қочоқни пайқамай қолган. Қамоқхона маъмурияти вакилининг маълум қилишича, муассаса 170 фоизга тўлган бўлиб, «бу ходимлар фаолиятини сезиларли даражада қийинлаштиради». Бундан ташқари, Рона департаменти Миллий полициясининг идоралараро бошқармаси топшириғи бўйича қочиш ҳолати юзасидан тергов ўтказилмоқда.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид