Жамият | 20:00 / 14.12.2021
11218
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникаси давлат тиббиёт муассасалари орасида биринчи бўлиб ISO сертификатини олди

Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникаси – болалар хирургияси марказига Ўзбекистондаги давлат тиббиёт муассасалари орасида биринчи бўлиб ISO сертификати топширилди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

Айтиш жоиз, мазкур клиника жаҳон андозаларига мос инновацион ва юқори технологияли хирургик даволаш усулларини амалиётга киритиш, илмий кадрларни тайёрлаш, ҳудудлардаги даволаш-профилактика муассасаларига амалий ёрдам кўрсатиш борасида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Марказ жами 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда кеча-ю кундуз болалар хирургияси бўйича ихтисослашган хирургик ёрдам кўрсатилади. Болалар хирургиясининг барча йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган бўлимлар мавжуд.

Ўтган ўттиз йил давомида марказда жами 230 мингдан ортиқ бемор даволаниб чиққан ва 150 мингдан ортиқ операциялар ўтказилган.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

Марказга ISO сертификатини G-CERTI халқаро сертификатлаштириш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Дилшод Муйдинов топширди. Муйдинов ISO сертификати одатда бирор ташкилотнинг мижозларга кўрсатилаётган сифатли хизмати учун берилишини билдирди. Хусусан, СамДТИ 2-клиникасининг фаолияти G-CERTI халқаро ташкилоти томонидан ўрганилгани ва эътироф этилганини маълум қилди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

“Марказимизда бугунги кунда нафақат Самарқанд, балки қўшни Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларидан хирургик касалликларга чалинган беморларни қабул қиляпмиз. Ўртача бир йилда 20 мингта мурожаат бўлса, шундан 10 минг нафар бола даволанишга ётқизилади. Олти мингта мураккаб операциялар ўтказилади. Биргина урология соҳасида ҳам каттагина ютуқларга эришдик. Ушбу йўналишда республикада биринчи бўлиб эндоурологик операцияларни амалга оширдик”, дейди СамДТИ болалар хирургияси кафедраси мудири Шуҳрат Юсупов.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, болалар хирургияси маркази ҳозирги кунда тиббиёти ривожланган кўплаб давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Клиника шифокорларидан 30 нафари Осиё эндоскопик ва лапароскопик хирурглар уюшмаси аъзоси ҳисобланади.   

Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникаси – болалар хирургияси маркази Ⓣ

Мавзуга оид