Ўзбекистон | 13:40 / 08.07.2022
4555
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик тадбиркорлар Туркиядаги "F-Istanbul" халқаро кўргазмасида иштирок этди

Фото: Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати

Туркия давлати пойтахтида жойлашган Ешилкўй туманидаги “Istanbul Expo markazi”да 5-7-июл кунлари "F-Istanbul" озиқ-овқат, ичимликлар, қайта ишлаш ва қадоқлаш кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Жазоир, Озарбойжон, Бангладеш, Босния, Бразилия, Болгария, Канада, Чехия, Миср, Эфиопия, Германия, Гана, Ҳиндистон, Ироқ, Иордания, Қувайт, Ливан, Малайзия, Саудия Арабистони, БАА, Буюк Британия, АҚШ, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Миср, Россия ва Грузия каби давлатлардан 268 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этди.

Кўргазма “Озиқ-овқат ва ичимликлар”, “Қадоқлаш ингредиентлари ва қайта ишлаш хизматларини кўрсатувчи провайдерлар”, “Қандолатчилик маҳсулотлари” каби уч павильонга бўлинган ҳолда ташкил этилди.

Мазкур кўргазмада мамлакатимиз тадбиркорлари ҳам фаол иштирок этди. Жумладан, унда Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси кўмаги остида "Sladus", "Mega", "Erfibless", "Tanho", "Rozmetov" каби бир қатор бренд компаниялар ўз маҳсулотлари билан қатнашди.

Фото: Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати

Ярмарка иштирокчиларининг фикрларига кўра, ушбу кўргазма тадбиркорларнинг экспорт имкониятларини кенгайтиришга самарали тарзда ҳисса қўшди, ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига катта туртки берди, шунингдек, халқаро майдондаги рақобат бозори, сўнгги ишлаб чиқариш тенденциялари билан танишиш ҳамда уларни таҳлил этиш имкониятини яратди.

Фото: Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати

Кўргазма иштирокчиларидан бири, " Erfibless" қандолатчилик компанияси Бош директори Рисхитилло Шукруллаев қуйидагиларни таъкидлади:

- Биз озиқ-овқат саноатининг барча манфаатдор томонлари, яъни қайта ишланган озиқ-овқат, ичимликлар, қандолат маҳсулотлари, қўшимчалар ва қадоқлаш соҳаларини қамраб олган муҳим кўргазмада иштирок этдик. 

"F-Istanbul" кўргазмаси янги тижорат алоқаларини ўрнатиш, ишлаб чиқарувчилар, экспортчилар, импортёрлар, улгуржи сотувчилар, дистрибьюторлар ва тармоқ бозорларининг бирлашишига хизмат қилди. Шунингдек, биз ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам бу кўргазма орқали экспонентлар ва ташриф буюрувчилар билан алоқа ўрнатиб, янги ҳамкорларга эга бўлдик.

Фото: Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати

Нилуфар Якубова, "Rozmetov Z.M" МЧЖ Маркетинг бўлими раҳбари:

-       Кўргазма жараёнида хорижий мамлакатлар компаниялари билан танишдик. Шунингдек, энг етакчи ишлаб чиқарувчилар қаторида биз ҳам иштирок этганимиздан хурсандмиз. Бу кўргазма ўзбекистонлик тадбиркорларга катта тажриба берди. Яна бир қувонарли ҳолат шундаки, бизнинг маҳсулотларимизга ҳам турли давлат вакиллари томонидан қизиқишлар билдирилди. Айтишим жоизки, 10 га яқин хорижий компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатиб, экспорт-импорт масалалари бўйича келишувларга эришдик.

Фото: Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати

Санжар Комилов, "Мега семичка" МЧЖ Бош директори:

-       Кўргазмаларда ўзбек компанияларининг фаол иштирок этиши мамлакатимизда тайёрланган маҳсулотларнинг хорижий давлатлар бозорларига экспортини янада оширишга хизмат қилади. Шу ўринда, "F-Istanbul" озиқ-овқат, ичимликлар, қайта ишлаш ва қадоқлаш кўргазмаси ҳам ана шундай вазифани бажарди, десак адашмаймиз. Яна бир эътиборли жиҳати, биз оддий кузатувчи сифатида ҳам турли давлатлар маҳсулотларини таққослаш, уларнинг таъми ва дизайнига баҳо бериш, шу билан биргаликда, етук мутахассислар билан фикр алмашиш имкониятига эга бўлдик. Бу эса фаолиятимиздаги натижаларнинг янада ўсишига, албатта, ўз таъсирини кўрсатади.

Фото: Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати

Равшан Дадабоев, "Tanho holding" МЧЖ Бош директори:

-       Ҳар бир маҳсулот ўзига хос ишлаб чиқариш жараёнига эга, ҳар бирининг ўз технологияси бор. Мамлакатлар ривожлангани сари, улардаги ишлаб чиқариш истиқболлари ҳам ўсиб бораверади. Ана шундай дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлган компаниялар билан бир қаторда кўргазмада иштирок этдик. "F-Istanbul" озиқ-овқат, ичимликлар, қайта ишлаш ва қадоқлаш кўргазмаси тадбиркорларни бир жойга жамлади. Бу ерда уларнинг фаолияти билан танишдик, мутахассислар билан фикр алмашдик, қолаверса, биз ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз маҳсулотларимизни чиройли кўринишда намойиш қилдик.

Фото: Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати

Абдусамад Абдуғаниев, “Sladus Produce” МЧЖ Бош директори:

-       Таъкидлаб ўтмоқчиман, биз мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ҳамда қўшни давлатларга 20 дан ортиқ турдаги қандолатчилик маҳсулотларини етказиб берамиз. Ушбу кўргазма эса бизга нуфузли чет давлатлар компаниялари фаолияти билан танишиш ва улар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятини яратди. Кўргазмада маҳсулотларимиз ўзгача таъми ва ёрқин, оригинал қадоқланиши билан ажралиб турганлиги алоҳида эътироф этилди. Ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйлаб 15 мингдан ортиқ дўконларимиз мавжуд бўлса, кейинги йилларда тармоқни янада кенгайтириш ва маҳсулотларимиз тури ва сифатини янада ошириш, хорижга ҳам ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни экспорт қилиш учун ҳаракат қилмоқдамиз.

Фото: Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати

"F-Istanbul" озиқ-овқат, ичимликлар, қайта ишлаш ва қадоқлаш кўргазмасида иштирокчилар фаолиятини кузатиб борган Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси Баҳодир Умиршайхов сўзларига кўра:

-       Кўргазма 40 дан ортиқ давлатдан келган кўплаб ташкилотларни жипслаштирди, унда турли географик соҳа вакиллари иштирок этиб, кучли синергия яратди. Мазкур жараён кўргазма қатнашчиларининг иш фаолиятида янги ғоялар ва бизнес битимларнинг пайдо бўлишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Ўйлайманки, ярмарка Европадан Марказий Осиёгача бўлган ўнлаб мамлакатларнинг саноат гигантларини ҳам бирлаштирди, ишлаб чиқарувчилар ва воситачи компанияларни экспортчилардан тортиб улгуржи савдогарларгача бўлган нуқтада юзлаштирадиган ноёб кўприкка айланди.

Фото: Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати

Умумий майдони 25 минг квадрат метр майдонда ташкил этилган мазкур кўргазма Туркияда ўтказилган энг катта ярмаркалардан бири сифатида тарихда қолди. Унда турли мамлакатларнинг 50 дан ортиқ шаҳарларидан келган 300 дан зиёд экспонентлар ўртасида ўзаро савдо битимлари, меморандумлар имзоланди, ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ярмарка шунчаки кўргазма майдони эмас, балки қайсидир маънода саноатнинг ҳозирги ҳолатлари тасвирланган, идрок этилган ва таҳлил қилинадиган майдон сифатида хизмат қилди.

 Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати

Мавзуга оид