Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Муаммонинг илдизи – фискал сиёсатда». Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати амалга ошадими?
Ўзбекистон Марказий банки кейинги уч йил учун ишлаб чиқилган пул-кредит сиёсати ҳақида батафсил маълумот берди. Регуляторнинг мақсади — инфляцион таргетлаш сиёсатидан оғишмай ҳаракатланиш. Бир хонали инфляцияга эришиш орқали макроиқтисодий барқарорликка етишиш кўзланмоқда.
Марказий банк олдига нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича қўйилган мақсадлар ҳамда пул-кредит сиёсатини инфляцион таргетлаш стандартларига мувофиқлаштириш, инфляциянинг 2021 йилда 10 фоиздан паст ва 2023 йилда 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришиш бўйича вазифалардан келиб чиқиб, пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022-2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларини ишлаб чиқди.
Ҳеч кимга сир эмаски, 2020 йил дунё мамлакатлари иқтисодиётига кутил(ма)ган зарбаларни беришда давом этмоқда. Мазкур ноаниқликлар даражаси ва таъсир каналлари хусусиятларини инобатга олиб, Марказий банк макроиқтисодий ривожланиш прогнозларини 3 хил – асосий, тезкор иқтисодий тикланишга (оптимистик) ва ташқи иқтисодий хатарлар кучайишига (хатарли) асосланган муқобил сценарийлар асосида ишлаб чиқди.
Асосий сценарий. Унга кўра, пандемия билан боғлиқ вазият босқичма-босқич яхшиланиб бориши бўйича кутилмалар, аҳоли ва бизнес вакиллари ўз фаолиятларини пандемия ва ундан кейинги шароитларга мослашган ҳолда давом эттиришлари асосий шартлардан қилиб олинган ҳамда ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг бир маромда тикланиши ҳисобига ташқи талаб 2022 йил иккинчи ярим йиллигидан инқироздан олдинги даражасига етади. Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил охирида инқироздан олдинги кўрсаткичларга яқинлашади.
Бюджет даромадлари тикланиб бориб, 2023 йилда йиғма бюджет дефицити (Ўзбекистон Тараққиёт ва тикланиш жамғармасини ҳисобга олмаганда) 2,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.
Асосий сценарийга мувофиқ, пул-кредит сиёсатининг жорий «нисбатан қатъий» шароитлари 2021 йил охиригача сақланиб қолинади.
Оптимистик сценарий. Пандемия билан боғлиқ вазиятнинг нисбатан тез суръатларда яхшиланиши, келгусида карантин чоралари жорий этилмаслиги ҳамда жаҳонда вирусга қарши вакцина ва дорилар 2021 йилнинг иккинчи ярмидан кенг татбиқ қилиниши шароитларини ўз ичига олади. Унда ташқи талаб 2021 йил иккинчи ярим йиллигида инқироздан олдинги даражасига етиши ва жаҳон иқтисодиёти тикланиб боргани сари олтин нархи пасайиб бориши прогноз қилинмоқда.
Ушбу сценарий шароитларида ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил ўртасида инқироздан олдинги даражага яқинлашиши, иқтисодиёт ўзининг потенциалига 2022 йилнинг охирида етиши кутилмоқда. Бунда, асосий сценарийдан фарқли равишда транспорт, хизматлар ва туризм соҳаларида ҳам ўсиш суръатлари жонланади. Айни пайтда, тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёнининг 2022-2023 йилларда мантиқий якунига етказилиши ва ушбу соҳаларга тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан қилиб олинган.
Хатарли сценарий. Ушбу сценарий жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашиб бориши ва «глобал ёпилиш» 2021-2022 йилларда ҳам давом этиши эҳтимолларини кўзда тутади. Хатарли сценарийда ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб фақатгина 2022 йил охирига бориб инқироздан олдинги даражага яқинлашиши, иқтисодиёт ўзининг потенциали даражасига 2023 йил охирига бориб етиши ва бюджет харажатлари юқорилигича сақланиб қолиши шароитида йиғма бюджет дефицити 6-7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
Ушбу сценарийда талаб омиллари томонидан инфляцияга босим пасаяди, инфляциянинг прогноз траекториясидан пасайиш томонга оғиши пул-кредит шароитларини бироз юмшатиш имкониятини яратади.
Учала сценарий шароитида ҳам Марказий банк инфляциянинг 2023 йил охирида 5 фоизлик таргет доирасида бўлиши ҳамда банк ва тўлов тизимлари барқарорлигини таъминлаш бўйича доимий мақсадлари ўзгаришсиз қолади.
Барча сценарийларни ишлаб чиқишда ўрта муддатли истиқболда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришишнинг асосий шарти сифатида таркибий ислоҳотларнинг самарали олиб борилиши, трансформация жараёнлари ҳамда ички ва ташқи хусусий инвестициялар жалб этилиши жадаллаштирилиши каби омиллар олинган.
Марказий банк таклиф этаётган асосий ва оптимистик сценарийда ҳам монетар сиёсатнинг «нисбатан қатъий» шароитлари сақланиб қолиниши, яъни фоиз ставкалари юқорироқ бўлиши таъкидланган.
Твиттерда «the_MacroBS» никида фикр қолдирган иқтисодчи мана шундай монетар-фискал сиёсат шаклланишига ҳукуматнинг самарасиз фискал харажатлари туртки бўлмоқда, деб ҳисоблайди.
«Негаки, ҳукумат чекланган ресурсларга хусусий сектор билан тенг шароитда (crowding out) кураш олиб бормайди. Фискал харажатларни амалга оширишда кўпинча турли имтиёзлар тақдим этилади. Монетар сиёсат бўйича белгиланган мақсадга эришишда фискал харажатлар қанчалик самарали ишлатилаётганини баҳолаш ва самарасиз харажатларни кескин камайтириш талаб этилади.
Бошқача айтганда, Ўзбекистон шароитида монетар сиёсат фискал сиёсат билан ҳамоҳанг олиб борилмаса, инфляция бўйича қўйилган мақсадга эришиб бўлмайди. Агар бюджет харажатларидаги самарасиз харажатлар камайса, монетар сиёсатнинг «нисбатан қатъий» позициясидан қочиш мумкин бўлади», — дейди у.
2021 йилда консолидацияланган бюджет харажатлари 203,8 триллион сўмни ташкил этди. 2020 йил давлат бюджетида жами консолидацияланган харажатлар 162,4 триллион сўм эди, яъни келаси йили бюджет харажатлари ўтган мос даврга нисбатан 25,5 фоизга ўсмоқда.
Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, консолидациялашган тақчиллик 37,4 триллион сўмни ташкил этса, сўмнинг қадрсизланишини инобатга олганда ҳам бу жуда катта рақам.
«Ўзбекистон иқтисодиёти ҳозир реал рецессия, расман эса турғунлик ҳолатида бундай гигант харажатларни кўтаришга қанчалар қодир, билмайман. Юз бераётган ва юз бериши мумкин бўлган воқеликлар таъсирида Макроиқтисодий ривожланишнинг хатарли сценарий прогнозлари асосийга айланиши эҳтимоли баландроқдек кўринади», — деб ёзади у.
Марказий банкнинг «Пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022-2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари» лойиҳаси билан ушбу ҳаволага ўтиб, ўқиш мумкин.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
20:45 / 28.12.2025
2025 йилнинг III чорагида бўш иш ўринлари сони ошди – Марказий банк
13:27 / 27.12.2025
Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши минтақа давлатларига нисбатан тезлашди – Марказий банк
15:30 / 25.12.2025
Марказий банк молия ташкилотларида олдиндан огоҳлантирмасдан текширув ўтказади
18:43 / 23.12.2025