Технология | 11:20 / 30.09.2018
4987
5 дақиқада ўқилади

«IT-Life» − биз билан ахборот технологиялари янада яқин!

Маълумки, дунё миллионерларининг 30 фоизидан ортиғини ахборот коммуникациялари ва технологиялари билан шуғулланувчи кишилар ташкил этади. Ўзбекистонда ҳам замонавий технологиялар ва инновацияларга қизиқувчи ёшлар жуда кўп. Уларни соҳага қизиқтириш, мотивация бериш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Йил бошида мамлакатимиз президенти ҳузурида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарларининг ҳисоботида ахборот-таҳлилий интернет каналини яратиш вазифаси белгилаб қуйилган эди. Ушбу интернет каналини ташкил этишдан мақсад ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ошириш ва тарғиб қилиш, миллий интернет сегментини холис ва ишончли ахборот билан таъминлаш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, ахборот хуружларига қарши «Жаҳолатга қарши маърифат» тамойили асосида ягона тизимни яратиш ҳисобланади.

Фото: IT-Lifе

Ушбу вазифани бажариш мақсадида ҳам «IT-Lifе» номи остида янги интернет канал ташкил этилди ва жорий йилнинг 10 мартидан бошлаб ушбу каналнинг синов эфири ишга туширилди.

Бугунги кунда онлайн телеканал ўз фаолиятини мустақил равишда бошқариб келмоқда. Ўтган вақт мобайнида каналнинг ижодий гуруҳи томонидан ахборот коммуникациялари ва технологиялари соҳасига оид 50дан ортиқ кўрсатувлар, 10дан ортиқ ижтимоий сўровномалар, кўплаб ҳужжатли фильм ва қисқа метражли медиамаҳсулотлар, шунингдек, туркум лавҳа ва репортажлар тайёрланди. Жумладан, қонунчилик вакиллари иштирокидаги «Тет-а-тет» кўрсатувида ахборот коммуникациялари ва технологиялари мавзусига доир кўплаб суҳбатлар ташкиллаштирилди.

Фото: IT-Lifе

Айни дамда «Мен дастурчиман», «Пешқадам ёшлар», «Газеталар шарҳи» сингари кўплаб туркум кўрсатувлар тайёрлаб келинмоқда. Улардан мақсад − ёш дастурчиларни қўллаб-қувватлаш, замонавий технологияларга оид янги ишланмаларни оммага таништириш, томошабинларнинг ахборот коммуникациялари ва технологиялари соҳасига бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда ёшларнинг билим ва салоҳият даражасини юксалтириш ҳисобланади.

Бундан ташқари, сўнгги вақтларда ахборот коммуникациялари ва технологиялари оламида бизнеснинг ўрни ва аҳамиятини очиб беришга мўлжалланган «IT-Biznes» кўрсатувини тайёрлаш ва уни такомиллаштириш устида ҳам ижодий изланишлар олиб борилмоқда.

Фото: IT-Lifе

Хорижий телеканаллар томонидан суратга олинган ва телетомошабинлар томонидан севиб кўриладиган «Муҳандислик ғоялари», «Мега иншоотлар», «ХХI аср мўъжизалари» сингари ҳужжатли фильмлар, «Роботлар жанги», «Ақлли шаҳарлар» каби туркум кўрсатувлари ўзбек тилига таржима қилиниб, томошабинлар эътиборига ҳавола этиб келинмоқда.

Маълумки, «IT- Life» интернет телеканали ўзининг илк ривожланиш босқичида турибди. Айни дамда телеканални мазмунан бойитиш, унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва кўрсатувларнинг ранг-баранглигини таъминлаш мақсадида қатор ташкилот ва блогерлар томонидан таклиф этилаётган ҳамкорлик лойиҳалари устида ҳам иш олиб борилмоқда. Ушбу ҳамкорликнинг натижаси сифатида «MY5» телеканалининг «XashTag» ҳамда Жанубий Кореядаги ўзбек блогери Муҳаммад Раҳимовнинг «Anyong Uzbekistan» сингари қизиқарли кўрсатувларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Фото: IT-Lifе

Ахборот коммуникациялари ва технологиялари соҳасига оид эксклюзив янгиликлар, шунингдек, маҳаллий ва хорижий янгиликлар мунтазам равишда «IT-Life» ахборот-таҳлилий дастури орқали ёритиб борилмоқда. Оммавий ахборот воситалари соҳасидаги бу каби изланишлар, тақдим этилаётган ижодий намуналар «Фаол табиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»га айнан мутаносибдир.

Фото: IT-Lifе

«IT- Life» канали айни пайтда синов эфирини тайёрлаб, интернет фойдаланувчилари эътиборига тақдим етиб келмоқда. Бугунги кунга қадар телеканал дастурлари умумий миқдорда 1 000 000 марта кўрилган.

Фото: IT-Lifе

Каналимизни www.itlife.uz сайти орқали кузатиб боринг.

Шунингдек, сизга қулайлик тақдим этиш мақсадида дастурчиларимиз «Android» ва «iОС» версиялари учун каналимизнинг мобил иловаларини ишга туширишди. Сиз мазкур иловаларни «Play Market» ва «APP Store»да мутлақо бепул юклаб олишингиз мумкин. Ушбу илованинг хизматларидан фойдаланиб, сиз каналимизни онлайн тарзда юқори сифатда томоша қилиш имконига эга бўласиз. Шу билан бирга, ўзингизга ёққан кўрсатувни «Tанланганлар» бўлимига қўшиш орқали cиз уни куннинг исталган вақтида, исталган ерда томоша қилишингиз мумкин бўлади.

«IT- Life» − биз билан замонавий технологияларга оид янгиликларга яқинроқ бўлинг!