Жаҳон | 16:30 / 02.04.2019
18792
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg рейтинги: Алишер Усмонов 16,3 млрд доллар билан 70-ўринни эгаллади

Фото: Andrey Rudakov/Bloomberg

Bloomberg 2 апрель куни дунёдаги 500 нафар миллиардер рейтингини эълон қилди. Рейтингга 4 миллиард доллар ва ундан ортиқ пулга эга шахслар кирди, улар орасида асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган икки киши бор.

Наманганда туғилиб, айни пайтда Россияда яшовчи Алишер Усмонов рейтингда 70-ўринни эгаллади. Унинг бойлиги 16,3 миллиард долларга баҳоланмоқда. Рейтинг муаллифларига кўра, миллиардернинг бойлиги бир йилда 2 миллиард долларга кўпайган.

Ўтган ойдаги рейтингда Усмонов 15,5 миллиард доллар билан 68-ўринни эгаллаганди.

1963 йилда Бухорода туғилган ва Урал тоғ-металлургия компанияси раҳбари бўлган Искандар Маҳмудов 4,8 миллиард доллар билан 385-ўриндан жой олди.

Искандар Маҳмудов
Фото: Дмитрий Духанин / «Коммерсантъ»

2018 йилда Bloomberg Искандар Маҳмудов 2,4 миллиард доллар йўқотгани ва Россиянинг 14 миллиардери орасида иккинчи ўринни эгаллагани ҳақида ёзганди.

Amazon электрон савдо сервиси асосчиси ва раҳбари Жефф Безос бу йил 150 миллиард доллар билан рейтингда биринчи ўринни эгаллади. Унинг бойлиги йил давомида 24 миллиард долларга кўпайди.

Microsoft асосчиси Билл Гейтс рўйхатда иккинчи ўриндан жой олди. Унинг бойлиги 101 миллиард долларга баҳоланмоқда. Учинчи ўринни Louis Vuitton Moet Hennessy эгаси, франциялик Бернар Арно эгаллади (89 миллиард доллар).

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид