Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аҳолини уй билан таъминлаш: давлат бу борада нималарни режа қилган?
Бугун Ўзбекистон – улкан қурилиш майдони. Президент фармонида бу йил 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш вазифаси қўйилган.
Йил бошидан буён давлат дастури асосида 45 минг хонадонли кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, янги тартиб асосида шаҳарларда 17 354 та, қишлоқ жойларда 9 260 та хонадонли кўп қаватли уйлар, шунингдек, 6 500 та якка тартибдаги уйлар қурилиши керак.
Бу борада Қурилиш вазирлигига қатор вазифалар юклатилган. Вазир ўринбосари Насрулло Бобоев билан суҳбатимизда уй-жой қуриш, унга бўлган талаб ва бошқа масалалар хусусида сўз борди.
— Ўзбекистон шароитида аҳолининг уй-жойга бўлган талаби ўрганилганми? Бир йилда қанча уй-жой керак бўлади?
— Бугунги кунда талабни қондириш учун ҳар йили 100-150 минг хонадон қуриб фойдаланишга топширишимиз зарур. Президент фармони билан соҳадаги ишлар тартибга олинди. 2020 йилда бир миллион метр квадратдан ошиқ уй-жойлар қурилди. Бу – олдинги йилларга солиштирганда катта кўрсаткич.
Жорий йилда эса 54 мингта уй-жой қурилиши белгиланган. Бу миқдордаги уй-жой янги тартибга биноан республика бўйлаб тақсимланган. Шундан 20 мингта кўп квартирали уйлар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган инсонларга берилади.
Шунингдек, қишлоқларда “Қишлоқ қурилиш инвест” иштирокида 8,5 мингта, шаҳарларда эса “Ўзшаҳар қурилиш инвест” буюртмачилигида 3,5 минг кўп қаватли, кўп квартирали уйлар қурилади.
Бундан ташқари, якка тартибдаги уй-жойларга ҳам талаб борлиги туфайли 6,5 мингта якка тартибдаги уйларга кредит ажратиш орқали аҳолига харид қилиш имконияти яратилди.
— Якка тартибдаги уй-жойни янги тартибда намунавий лойиҳа асосида қуриш нимани англатади?
— Қурилаётган кўп қаватли ёки якка тартибли уйлар массив шаклида бўлиши, унинг таркибида ижтимоий, маиший хизмат кўрсатиш объектлари бўлиши керак. Шунингдек, массив аҳолисини иш билан таъминлаш учун унинг атрофида ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш назарда тутилган.
Қурилиш вазирлиги кўп қаватли уйларнинг 9 турдаги намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқди. Унда асосий урғу биноларнинг энергия тежамкор бўлиши, уларнинг ёнғин, сейсмик ва бошқа жиҳатлардан хавфсиз бўлишига қаратилди.
— Тадбиркорлар кўп қаватли уйларни фақат намунавий лойиҳа асосидагина қура оладими? Ёки ўзлари бошқа лойиҳа ишлаб чиқиш учун буюртма бера оладими?
— Тартибга кўра, аукцион орқали тадбиркор аниқлангандан сўнг уй қуриш бошланади. Тадбиркор алоҳида ўзи учун лойиҳа ишлаб чиқиши, экспертизаси, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа талабларини бажаргунча кўп вақт кетади. Ундан кўра, тайёр ишлаб чиқилган лойиҳа асосида қурилишни бошлагани мақсадга мувофиқ бўлади.
Бундан ташқари, Қурилиш вазирлиги якка тартибдаги уй-жойларнинг ҳам 11 турдаги лойиҳа намуналарини тақдим этди. Бу вазирликнинг расмий веб-сайтида бепул жойлаштирилган. Агарда бу лойиҳалар фуқароларни қаноатлантирмаса, вилоятлардаги қурилиш бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.
— Президент фармони билан Қурилиш вазирлигига 5та вазифа юклатилган эди. Уларнинг ижроси қандай кетяпти?
— Вазирлик олдидаги биринчи вазифа сифатида кўп қаватли уйларни массив кўринишида шакллантириб олиш юклатилган эди. Вазирлик томонидан 175та массив танлаб олинди ва уларда 1048та бинони жойлаштириш лойиҳалари маҳаллий ҳокимликлар билан келишилди. Уларнинг намунавий лойиҳалари эса, кўп қаватли уйлар учун 9 турда, якка тартибдаги уйлар учун 11 турда ишлаб чиқилди.
Фармонда белгилаб берилганидек, металлопрокат ва цемент маҳсулотлари нархи ошиб кетмаслиги учун биржа савдоларида алоҳида портал яратилди. Қурувчилар тўғридан тўғри келиб, алоҳида платформадан харид қилишлари мумкин.
Кейинги вазифа ҳар битта қуриладиган массивда етарли назорат ўрнатишдир. Қурувчининг ўз ички назорати, лойиҳачининг муаллифлик назорати, буюртмачининг техник назорати йўлга қўйилади.
Энг катта масала – жамоатчилик назорати. Бу Шаҳарсозлик кодексида ҳам алоҳида боб билан кўрсатиб ўтилди.
Яна бир муҳим масала – қурилиш соҳасини рақамлаштириш. Бугунги кунда соҳадаги коррупция, сифат масалаларини рақамлаштириш орқали енгиб ўтиш, шаффофликни таъминлаш мумкин. Қурилиш вазирлигининг шаффоф қурилиш платформасида уй-жой қурилиш платформасини ишлаб чиқдик. Бу ҳозирда тест режимида ишлаяпти. Унда ҳар битта қурилаётган массивнинг лойиҳалари, техник ечимлари киритилган бўлади. Уйлар қурилиши жараёнини харидорлар бевосита онлайн кузата олади.

— Лойиҳада кўрсатилмаган ҳолатлар кузатилганда, масалан, 5 қаватли уйни 7 қават қилиб қуриш ёки лойиҳада кўрсатилмаса-да мансарда қуриб берилиши каби ҳолатларда вазирлик қандай чора кўра олади?
— Шу вақтга қадар вазирлик томонидан 1200 дан ортиқ шу каби ҳолатлар аниқланган. Кўпчилик қурувчилар бинонинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўшимча мустаҳкам қилиниши қўшимча қават қуриш учун эмаслигини тушуниб етишмайди. Улар яна бир-икки қават қурса бўлади, деган фикрга бориб қолган, албатта бу нотўғри.
Биз шундай вазиятларда тадбиркорларга тушунтириш бериб борамиз. Агар вазирлик мутахассислари лойиҳада кўрсатилган ишлар тўғри бажарилгани, лойиҳадан чиқиб кетилмаганига ишонч ҳосил қилмаса, объект фойдаланишга қабул қилинмайди.
— Инновацион қурилиш материаллари ҳисобланувчи енгил конструкциялар, базалт арматуралар, пластиналардан уй-жой қуришда қанчалик фойдаланиляпти?
— Ишлаб чиқилган намунавий лойиҳаларда базалт толалардан фойдаланилиши кўрсатилган. Базалт материаллар ёнғин хавфсизлиги жиҳатидан бардошли ҳисобланади, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёнмайди. Қолаверса, ушбу турдаги материаллар зараркунанда ҳашаротлар яшовчанлигига йўл қўймайди.
— Тошкент шаҳрида уй-жойга бўлган талаб кучлилигига қарамай, уй-жой қурилиши ривожланиб кетмаяпти.
— Шаҳарда уй-жой қурилиши борасида ишлар давом этяпти. Янгиҳаёт, Сергели туманларида янги уй-жойлар қурилмоқда. Шунингдек, эски, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган биноларни реновация қилиш орқали кўп қаватли уйларга айлантириш ишлари бўйича чет эл тажрибаси ўрганилди.
— Кўп қаватли уйларнинг хоналарини кўпайтириш масаласи ҳам кўриляптими?
— Янги барпо этилаётган уйлар биринчи навбатда уйга эҳтиёжи бор инсонлар учун мўлжалланган. Бир квартирада икки-уч оила бирга яшаётган ҳолатлар кўп, ана шундай оилалар учун субсидия бериш орқали уй-жойлар бериб борилади.
Фармонда 3 хонали уйларнинг умумий майдони 70 кв/метрдан ошмаслиги кўрсатиб ўтилган. Унинг ичида ётоқхона, меҳмонлар кутиш учун алоҳида ва фарзандлари учун хоналар бўлиши кўзда тутилган.
Ҳозирда тадбиркорлар томонидан қурилаётган баъзи уйларда ойлик даромади яхши оилалар учун ҳам кўп қаватли уйлардан майдони катта хонадонлар ажратиб берилмоқда. Лойиҳаларда бу нарсалар эътиборга олинган.
Толиб Раҳматов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
09:18 / 15.01.2026
Кўп квартирали уйларни қабул қилиш тартиби кучайтирилади
11:42 / 03.01.2026
Кўп хонадонли уй-жойлар майдони босқичма-босқич оширилади
16:45 / 02.01.2026
Ҳар йили камида 140 минг хонадонли уй-жой барпо этилади
20:59 / 29.12.2025