Ўзбекистон | 08:01 / 05.05.2021
14504
4 дақиқада ўқилади

Илмий унвонлар бериш тартибига ўзгартириш киритилади

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг “Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, низомнинг 29-банди янги таҳрирда баён этилади.

Унга мувофиқ, талабгорнинг аттестация иши низом иловасидаги рўйхат бўйича кенгаш томонидан илмий унвонга тақдим этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида Олий аттестация комиссиясига юборилади. Аттестация ишига киритилган ҳужжатларнинг, жумладан махсус имтиҳон гувоҳномаси, ўқув адабиётларига берилган гувоҳномалар ва нашр ишларининг ҳақиқийлигига кенгаш тақдимномасини (йўлланма хатини) тасдиқлаган раҳбар ва мазкур муассаса илмий котиби жавобгардирлар.

Шунингдек, кенгаш томонидан тақдим этилган аттестация иши ОАКда рўйхатга олинади ва етти кун ичида норматив-техник экспертизадан, унинг натижаси ижобий бўлган тақдирда, илмий экспертизадан ўтказилиб, якуний қарор қабул қилинади. Зарур ҳолларда (ҳар қандай маълумот келиб тушганида, шубҳа туғилганида) тақдим этилган аттестация ишига киритилган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш бўйича ОАК Тартиб-қоида комиссиясининг қарори билан аттестация ишини тақдим этган кенгаш расмий равишда хабардор қилинган ҳолда қўшимча текширув ўтказилиши мумкин. Мазкур текширув ўтказиладиган муддат аттестация ишини кўриб чиқиш муддатларида эътиборга олинмайди. Экспертиза жараёнида ОАК тегишли эксперт кенгаши томонидан аттестация иши мазмун-моҳияти ва унинг низом талабларига мувофиқлиги илмий экспертизадан ўтказилади.

Кўчирмачилик, сохта ҳужжатлар тақдим этилганлик, аттестация ишининг экспертизаси нохолис ўтказилганлиги каби ҳолатлар аниқланган тақдирда, шахс Олий аттестация комиссияси раёсатининг қарори асосида илмий унвондан маҳрум этилиши мумкин.

Маълумот учун, профессор, доцент ва катта илмий ходим илмий унвонлари ихтисослик бўйича берилади.

Профессор илмий унвони олий таълим ёки кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари ёки унга тенглаштирилган муассасалар ва ОТМнинг илмий-тадқиқот тузилмаларида, доцент илмий унвони ОТМда, катта илмий ходим илмий унвони ИТМда самарали илмий-педагогик ва илмий фаолият олиб бораётган, фаннинг муайян соҳасида чуқур касбий билим ҳамда ўз соҳасида муайян ютуқларга эришган юксак маънавиятли шахсларга берилади.

Катта илмий ходим илмий унвони ўз мақомига кўра, доцент илмий унвонига тенглаштирилади.

Илмий унвон тегишли илмий даражага, магистр даражаси, магистр даражаси жорий этилгунга қадар олинган олий маълумот ёки олий ҳарбий таълим дипломига ёки олий маълумотли мутахассис дипломига эга бўлган ёхуд клиник ординатурани тугатган (тиббиёт фанлари учун) шахсларга низом талабларига мувофиқ ОТМ кенгашлари ёки ИТМ илмий (илмий-техникавий) кенгашлари тақдимномасига асосан, ОАК раёсати қарори билан ОАК томонидан берилади. Тақдимнома талабгорнинг асосий иш жойидан берилади.

Илмий унвон берилган шахсларга аттестат берилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид