Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИИВ ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлардан ҳимояланиш усулларини очиқлади
Ахборот технологияларининг кенг миқёсда ривожланиши бир вақтнинг ўзида кўп турдаги жиноятлар содир этилишига имкон яратади. Бу, ўз навбатида, ушбу турдаги жиноятларни аниқлаш ва улар олдини олишда юқори билим ва касбий тайёргарликни талаб қилмоқда, деб ёзади Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати.
Фото: Zurich/GettyImages
Қайд этилишича, "ахборот технологиялари соҳасидаги жиноят" компьютерлар ва маълумотларни қайта ишлаш тизимларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноий қилмиш бўлиб, бунинг учун қонунчиликда жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Шу боис, фуқаролар ўртасида ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар тўғрисида маълумотлар тарқатиш ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш зарур.
ИИВга кўра, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг айрим турлари қуйидагича:
- вирусли дастурий таъминотни тарқатиш;
- фойдаланувчи махфий маълумотларини ўғирлаш;
- бошқаларнинг интеллектуал фаолият маҳсулотларини ўғирлаш;
- ижтимоий тармоқларда бошқалар аккаунтини бузиш;
- ёлғон маълумот тарқатиш, туҳмат қилиш;
- миллатлараро низо ёки динлараро адоватни қўзғатиш;
- банк пластик карталари (карта реквизитлари) билан ноқонуний операциялар;
- қимматли қоғозлар бозоридаги Интернет-фирибгарлик;
- Интернетдаги молиявий пирамидалар;
- мобил алоқа билан боғлиқ жиноятлар;
- электрон тижорат соҳасидаги бошқа жиноятлар.
Вазирлик Интернет фойдаланувчилари учун уларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган ноқонуний ҳуқуқбузарликлар олдини олиш бўйича баъзи тавсияларни берди.
Улар:
- Интернетга киришда зарарли фаолиятга қарши курашиш учун мўлжалланган махсус дастурий таъминотга эга қурилмалардан фойдаланинг, уларни ўз вақтида янгилаб туринг;
- хавфсизликка жавоб берадиган янгиланишлар ўрнатилган, бошқа дастурий таъминот жорий версияларига эга бўлган операцион тизимдан фойдаланинг;
- сайтлардан фойдаланганда улар ташқи кўринишига, веб-манзилига эътибор беринг, эҳтимол сиз унинг сохта нусхасига киргансиз;
- шахсий маълумотларни фақат хавфсиз протоколлардан фойдаланадиган веб-сайтларга киритинг (одатда, браузерда бундай сайт манзили ёнида яшил фонда блокировка белгиси кўрсатилади);
- турли хил сайтларда бир хил логин ва пароллардан фойдаланманг;
- жуда енгил ёки осонгина тахмин қилинадиган пароллардан фойдаланманг (туғилган сана, телефон рақамлари ва ҳоказо);
- имкон қадар фойдаланувчи номи ва паролни киритишдан ташқари, вақтинчалик код киритишни талаб этувчи, икки марталик аутентификациядан фойдаланинг, одатда SMS-хабар ёки “PUSH” хабарномаси шаклида мобил телефонингизга юборилади;
- кутилмаган ёки тасодифий келган электрон почта хабарларидан эҳтиёт бўлинг, ҳатто жўнатувчини билсангиз ҳам, ҳеч қачон ичидаги қўшимчаларни очманг ёки бундай электрон почта манзилидаги ҳаволалардан фойдаланманг;
- ҳисоб маълумотларини талаб қиладиган электрон почта хабарларидан эҳтиёт бўлинг (молия муассасалари деярли ҳеч қачон электрон почта орқали молиявий маълумотни сўрамайдилар), ҳеч қачон ҳимояланмаган Интернет каналлари орқали молиявий маълумотларни юборманг;
- дўстларингиздан молиявий операцияларни амалга ошириш ёки молиявий маълумотлар узатишни рағбатлантирувчи хабарлар олганингизда, ушбу маълумотни бошқа алоқа каналлари (шахсий учрашув, телефон қўнғироғи, овозли хабар йўллаш имконига эга мессенжер) ёрдамида текширинг ёки ўта оғир ҳолатларда жавобларини учинчи шахслар билиши мумкин бўлмаган назорат саволларини бериш орқали суҳбатдошингиз шахсига аниқлик киритинг;
- Интернет орқали тўловларни амалга оширишда, иложи бўлса, “Visa” ва “MasterCard” халқаро тўлов тизимлари учун “3D Secure” каби тўловларнинг қўшимча хавфсизлигини таъминлаш технологияларидан фойдаланинг;
- ўзини банк ходими деб таништирган ва банк картангиз маълумотларини беришингизни сўраган нотаниш одамлар билан ҳеч қачон телефонда гаплашманг;
- банк картангиз маълумотларини хавфсиз жойда сақланг, уларни ҳеч кимга айтманг, хабар берманг ёки СМС орқали юборманг;
- қайд этиш ёзувларингизнинг сақланиб қолиши учун дўстларингиз ва яқинларингиз доирасини чекланг. Шахсий маълумотларингизни ҳеч қачон янги онлайн дўстлар билан баҳам кўрманг. Туғилган сана, электрон почта манзиллари ёки пароль сифатида ишлатилиши мумкин бўлган уй ҳайвонлари исмлари ҳақидаги маълумотларни оммалаштиришдан сақланинг. Ушбу маълумотларнинг барчаси профессионал ҳакер учун жуда фойдали бўлиши мумкин;
- “Диққат! Сизнинг аккаунтингиз бузиб ташланди. Аккаунтингизни тасдиқлаш учун қўнғироқ қилишингиз керак. Бизга хабар юборинг, биз сизни қайта чақирамиз” каби хабарлардан эҳтиёт бўлинг;
- “Click jacking” қурбонига айланманг. Бу шундай турдаги киберҳужумки, биринчи қарашда улар зарарсиз контентга ўхшаб кўринадиган гиперҳаволаларни ўзида сақлайди. Бироқ, гиперҳаволани босиш зарарли дастур учун йўл очади, бу сизнинг компьютерингизга тажовуз қилиши ёки сизнинг шахсий маълумотларингизни четга узатиши мумкин;
- электрон почта манзилларида ва веб-сайтда, агар сиз улар билан иш олиб борадиган обрўли молиявий муассасалар номини ўз ичига олган бўлса ҳам, URL манзилларини диққат билан кўриб чиқинг. Энг кенг тарқалган ҳийла - бу қонуний веб-сайт номи ва сохта нарсалар комбинацияси. Ушбу манзиллар кўпинча қонуний кўринишда ҳакерлик фаолияти билан боғлиқлигини яширадиган нусха кўчирадиган сайтларга олиб келади. Баъзида URL қонуний бўлиши мумкин, аммо ҳаволани босганингизда у бошқа сайтга олиб боради.
Мавзуга оид
20:37 / 23.12.2025
Ўзбекистонликлар 11 ойда кибержиноятлардан 1 трлн 890 млрд сўм зарар кўрди
19:13 / 23.12.2025
“2025 йилда хизмат вазифасини бажариш чоғида 6 нафар ходим вафот этди, 131 нафари жароҳатланди” – ИИВ
18:38 / 23.12.2025
XCM молиявий пирамидаси ишида 5 ходим интизомий жазоланган, бири ишдан бўшатилган – ИИВ
13:51 / 11.12.2025