Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина бўйлаб ёпирилма ҳужум. Россия рекорд даражада кўп дрон учирди
Киевда турар жойлар вайрон бўлган ва ҳукумат биносида ёнғин чиққан.
Фото: Serhii Korovainyi / Reuters / Scanpix / LETA
РФ қуролли кучлари 7 сентябрга ўтар кечаси учувчисиз учар қурилмалар ҳамда ракеталар билан Украина бўйлаб навбатдаги йирик ҳужумни амалга оширди. Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотига кўра, Россия армияси Украина ҳудудлари бўйлаб 818 та ҳаво ҳужуми воситалари орқали ҳужум қилган: украин шаҳарларига 805 та дрон (бу миқдор «Shaheed» дронларини ҳам, имитатор дронларни ҳам ўз ичига олади), «Искандер-К» русумли тўққизта қанотли ракета, «Искандер-М» ёки KN-23 тизимларидан учирилган тўртта баллистик ракета.
Дастлабки маълумотларга кўра, Украина қуролли кучлари 747 та дрон ҳамда «Искандер-К» русумли ракеталардан тўрттасини уриб туширган ёки зарарсизлантирган. «37 та локацияда тўққизта ракета ва 56 та зарбдор дрон келиб урилиши, саккизта локацияда уриб туширилган дрон ва ракеталар қолдиқлари тушиши қайд этилди», – дейилган Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари хабарида.
Россиянинг бу ҳужуми фойдаланилган дронлар сони бўйича рекорд даражадаги ҳужум бўлган.
Энг жиддий оқибатлар пойтахт Киевда қайд этилган: бир неча турар жой биноси вайрон бўлиб, уч киши ҳалок бўлган, жумладан бир аёл ва эмизикли бола ҳам.
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA
Святошинский районида тўққиз қаватли уй кучли даражада зарарланган. Шаҳар мэри Виталий Кличко хабар беришича, бу бино тўртинчи қаватдан саккизинчи қаватгача қисман вайрон бўлган, ёнғин келиб чиққан. Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати ҳам тўққиз қаватли уйда ёнғин содир бўлгани ва ораёпмаларнинг қисман қулагани ҳақида хабар берди – аммо олтинчидан тўққизинчи қаватгача. Гап битта бино ҳақида кетяптими ёки йўқми, буниси аниқ эмас. Бундан ташқари, дрон парчалари 16 қаватли турар жой биносига тушиб, 15-16 қаватларда ёнғин келтириб чиқарган. Шунингдек, техник хизмат кўрсатиш станцияси ва омборлар яқинида автомобиллар ёниб кетган.
Дарницкий районида тўрт қаватли турар жой биноси шикастланган: учинчи ва тўртинчи қаватларда ёнғин рўй берган, учинчи қават қисман вайрон бўлган.
Печерск районида, Кличконинг хабарига кўра, ҳукумат биносида ҳам ёнғин чиққан. Телеграм-каналларда Украина ҳукумати аъзолари ўтирадиган бино томида ёнғин бўлаётгани акс этган кадрлар тарқалган. Мамлакат бош вазири Юлия Свириденко «душман ҳужуми натижасида биринчи марта ҳукумат биноси томи ва юқори қаватлари шикастлангани»ни тасдиқлаган.

Украина полициясига кўра, ҳужум оқибатида Киевнингда Святошинский районидаги тўққиз қаватли уйга зарба оқибатида икки киши ҳалок бўлган. «Харобалар остидан 32 ёшли аёл ва унинг икки ойлик ўғлининг жасади чиқди. Яна учта кўп қаватли бинода ҳам ёнғин рўй берган», – дейилади хабарда.
Оила бошлиғи оғир тан жароҳатлари олган.
Виталий Кличко Дарницкий районида ҳам бир кекса аёл ҳужум қурбони бўлгани ҳақида маълум қилган. Унинг маълумотига кўра, Святошинскийда вайрон бўлган уй ҳудудида яна қурбонлар аниқланиши мумкин.
Киев области ҳарбий маъмурияти бошлиғи Тимур Ткаченко шаҳар бўйлаб зарба оқибатларида яраланганлар сони 20 нафарни ташкил этаётганини хабар қилган.
Украинанинг бошқа ҳудудлари ҳам зарбалар остида қолган:

Киев области. Хусусий уйлар, омборлар, отхона шикастланган (етти от нобуд бўлган). Тинч аҳоли вакилларидан бир нафари яраланган.
Одесса. Кўп қаватли турар жой биносига зарар етган: ўт ўчирувчилар юқори қаватдаги ёнғинни ўчиришган. Шунингдек, тўққиз қаватли уйда, омборхоналарда ёнғинлар содир бўлган, Спорт саройи шикастланган. Уч киши жабрланган.
Кривий Риҳ. Транспорт ва шаҳар инфратузилмаси объектлари, корхона, таълим муассасаси, 10 га яқин кўп қаватли уйлар, хусусий сектордаги уйлар, савдо объектлари ва гаражлар шикастланган. Уч киши жароҳатланган.
Днипро шаҳри ва Днипропетровск области. Днипрода инфратузилма вайрон бўлган, област ҳудудида Кривий Риҳдан ташқари, хусусий уйлар, ёқилғи қуйиш шохобчалари, иссиқхона ва хўжалик бинолари шикастланган. Икки киши ҳалок бўлган, бир киши яраланган.
Полтава области. Фуқаролик инфратузилмаси объектларига зарар етган, ишлаб чиқариш биноларида ёнғинлар содир бўлган, электр таъминотида авариявий узилишлар юзага келган. Кременчуг шаҳрида Днипро дарёси устидаги кўприк шикастланган, кечувдаги ҳаракат тўсиб қўйилган. «Укрзалізниця» темирйўл инфратузилмаси шикастлангани ҳақида хабар берган.
Запорижжя области. Запорижжяда номи айтилмаётган бинога зарба келиб тушган. Цехлардан бири шикастланган. Шунингдек, 16 та кўп квартирали уйлар ҳамда 12 та хусусий уй шикастланган. Орихив обшчинасида авиабомба зарбаси икки киши ҳаётига зомин бўлган.
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA
«Дунё бу вайронгарчиликларга нафақат сўз билан, балки ҳаракат билан ҳам жавоб бериши керак. Санкциялар босимини кучайтириш керак – биринчи навбатда Россия нефти ва газига. Кремлнинг ҳарбий машинасига зарба берадиган янги чекловлар керак. Энг муҳими – Украинага қурол керак. Бу террорни тўхтатади ва Россиянинг ҳар куни украинларни ўлдиришга уринишига йўл қўймайди», – дейди Свириденко.
Мавзуга оид
11:48
РФнинг Запорижжяга зарбалари: турар жойлар шикастланди, яраланганлар бор
10:55
РФда Путин фигуралари сабаб ҳайкалтарош Тилли иши бўйича суд белгиланди
09:12
Рим папаси Россияни Рождествода ўт очишни тўхтатишга чақирди
08:42