Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чеченистонда Европадаги энг катта масжид очилди
23 августда Чеченистоннинг Шали шаҳрида Европадаги энг катта – Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) номидаги “Мусулмонлар фахри” масжиди очилди. Масжидни шаҳар аҳолиси қарори билан Рамзон Қодиров номига қўйиш режалаштирилганди, бироқ Қодировнинг ўзи масжид очилиши вақтида барча учун кутилмаганда масжид Муҳаммад пайғамбар номи билан аталишини маълум қилди.
Шунингдек, Қодиров республика аҳолисидан унинг вафотидан кейин унинг номига кичкинагина масжид қуришни илтимос қилган.
“Бу масжидни қуришни бошлаганимизда, менга уламолар, дўстларим, яқинларим мурожаат қилиб, уни менинг номимга аташни сўрашганди. Мен ўшанда бунга рози бўлгандим, бироқ ич-ичимда қурилиш якунлангандан кейин масжидни севимли пайғамбаримиз номи билан аташ истаги бўлганди. Мен Тангри ҳаққи хизмат қиладиган севимли ҳалқимдан бу дунёдан ўтганимда, йиғилишиб менинг номим билан аталадиган кичик масжид қуришларини сўраб қоламан. Бу мен учун катта совға бўлади”, деб айтган Қодиров журналистларга.
Қодиров охирги фурсатгача масжид номини сир сақлаганини, чунки унинг қурилишини якунлашнинг уддасидан чиқилмай қолишидан хавотирланганини таъкидлаб ўтган.
Чеченистон раҳбари янги масжид кўринишидан карахт ҳолдалигини айтган.
“Бу ерда улкан иш қилинган, ҳар бир деталнинг ўз тарихи бор. Ниятларимиз холис эди ва Тангри бизга ёрдам берди. Кайфиятимни сўз билан ифодалаб бўлмайди, ҳали ҳам карахт ҳолдаман”, деб айтган Қодиров.
Шалида очилган масжид ўз ичига 30 минг кишини сиғдира олади. Бундан ташқари, ён атрофдаги ҳудудга яна 70 минг киши жойлашиши мумкин. Масжид қурилишида оқ мармар, соф олтин қўлланган. Девордаги ёзувлар қўлда бажарилган. Масжид очилиши Чеченистоннинг биринчи президенти, Рамзон Қодировнинг отаси Аҳмад хожи Қодиров туғилган кунига тўғриланган.
Масжид очилишида юқори мартабали сиёсатчилар, 40 дан кўпроқ мусулмон давлатдан меҳмонлар ва ислом уламолари, жумладан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам иштирок этди. Улар масжидда жума намозини биргаликда адо этишган.
Масжид қурилиши 2012 йил декабрда бошланган. Масжид “Шали-сити” мажмуаси олдида қадр ростлаган бўлиб, 5 гектардан кўпроқ жой эгаллаган. Масжиднинг тўртта минораси 63 метр баландликка эга бўлиб, марказий гумбази 40 метрдан баландроқ. Масжид ҳудудини 12 та фаввора безаб туради.
Мавзуга оид
14:47 / 12.01.2026
Украина разведкаси: Қодировнинг соғлиғи ёмонлашгани туфайли Кремл унга ворис изламоқда
17:10 / 08.01.2026
2025 йил Ўзбекистонда 3 та масжид ва 1 та черков рўйхатдан ўтказилди
19:43 / 04.01.2026
Қодиров омма олдида ҳасса тутган ҳолда кўриниш берди
02:36 / 06.12.2025