Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дастурчилик ортидан миллионлар. Самарқандлик мактаб ўқувчилари даромад топа бошлади
Заршид Қамаров ҳамда Азизбек Юсупов мактабнинг 11-синфига ўтишди. Шунга қарамай улар аллақачон IT йўналишида маълум қадамларини ташлаб улгурди. Ҳозир улар топаётган маблағ катта бир оилани бемалол таъминлай олади.
IT – сўнгги йилларда айнан ушбу қисқартма ибора жуда оммалашди. Яъни ахборот технологиялари. Ёшларнинг аксарияти “айтишник” бўламан, деяпти. Соҳага катта ёшлилар ҳам қизиқа бошлади. Умуман олганда, ушбу соҳага замонавий, келажаги бор йўналиш сифатида қаралмоқда.
Айтиш мумкинки, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси қисқа вақт ичида ахборот технологияларига қизиқиши бўлган бир неча юз минглаб ёшларга ушбу соҳа билан шуғулланиш, махсус курсларда қатнашиш, бир қатор имтиёзлар ва касб-ҳунарли бўлиш имкониятини бермоқда.


Бизнинг суҳбатдошларимиз ҳам айнан шу лойиҳа ва ташаббус ортидан ўзини кашф қилаётган, келажагини белгилаб олаётган ёшлардир.
Самарқанд шаҳридаги 9-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби ўқувчилари Заршид Қамаров ҳамда Азизбек Юсупов аллақачон IT йўналиши бўйича маълум қадамларини ташлаб улгурди.

“Мен робототехника ҳамда радиотехникага қизиқаман. Дастлабки амалий ишимни мактабимизнинг ўзида қўллаб кўрдим. Одатда қўнғироқ чалиш учун ҳар куни бир ўқитувчи масъул бўлиб, танаффус ва дарс вақтида қўлда қўнғироқ чалиб, ҳаммани огоҳлантиради. Мен яратган “Ақлли қўнғироқ” ўқитувчиларимизни айнан мана шу юмушдан қутқарди. Махсус код киритилган ушбу қурилма керакли вақт давомида танаффус ва дарс вақтини билдирувчи қўнғироқ чалади. Шу учун ҳам кимдир банд бўлишига эҳтиёж қолмади. Буюртма асосида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига ҳам худди шундай “Ақлли қўнғироқ” ясаб бердим”, – дейди Азизбек Юсупов.
Азизбек ушбу қурилмани ясаш учун унча катта маблағ кетмаслигини айтмоқда. Барча таълим муассасаларига худди шундай “Ақлли қўнғироқ”ларни ўрнатиш мумкин.

Заршид Қамаров эса архитектура ва дизайн йўналишига қизиқади. Ҳозирги вақтда кўплаб хусусий фирмалар билан ҳамкорликда ишламоқда. Бино ва объектлар дизайни, макетини ясаб бериш орқали мактабданоқ қўшимча даромад қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
Заршид ва Азизбек биргаликда “Ақлли уй” лойиҳаси устида ишлаётганини маълум қилишди. Ушбу лойиҳанинг бир қатор афзалликлари ва ўзига хослиги бор. Биринчи навбатда, табиат неъматларидан тўғри фойдаланиш, сувни исроф қилмаслик, ёмғир сувини тўплаб, экинларни суғориш, ҳатто истеъмол қилиш ҳам мумкинлиги ҳақида бош қотиришмоқда. Ўз навбатида ўқувчилар амалга оширмоқчи бўлган лойиҳада барча хавфсизлик талабларига эътибор қаратилмоқда. Бегоналар бу уйга киролмайди, кимдир киришга уринса огоҳлантириш берилади. Шунингдек, ичкарида газ қопланиб, хавф пайдо бўлса, уй деразалари автомат тарзда очилади.
Ушбу ўқувчилар билан суҳбатлашиб, IT ҳақиқатан ҳам замонавий ва келажаги бор йўналиш эканига амин бўлдик. Улар ўқувчилик давриданоқ йирик лойиҳалар, жиддий режалар устида бош қотирмоқда. Бу дунёқарашларига ҳам ижобий таъсир қиляпти. Уларнинг фикрича, яқин келажакда Ўзбекистон ҳам шу соҳа эгаларига ниҳоятда эҳтиёж сезади. Зарурат бўлса, уйдан чиқмай туриб ҳам бутун дунёдан таклиф ва буюртмалар олиш имкониятига эга бўлишади.
Минг доллар ойлик ҳавойи гап эмаслигини исботлаган ўқитувчи
Бу каби ёшларни тарбиялаётган, уларга замонавий билим бераётган ўқитувчи билан ҳам суҳбатлашдик. Шаҳноза Аҳматова биз билан суҳбатда ҳозирги кунда минг АҚШ долларидан ортиқ ойлик олаётган ўқитувчилардан бири эканини яшириб ўтирмади.

Шаҳноза Аҳматованинг кўплаб шогирд-ўқувчилари “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси иштирокчиси.
“Маҳаллий ва халқаро танловларда иштирок этишдан ҳеч қачон қўрқмаганман. Кўплаб сертификатларим бор. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бўйича ҳам сертификатга эга бўлдим. Ушбу сертификат билан лойиҳа тингловчиларига тренерлик қилишим мумкин. Бир қатор устамаларим бор. Яширмайман, айни вақтда минг АҚШ долларидан ортиқ ойлик оламан. Заршид ва Азизбекка ўхшаган шогирдларимиз эса шу меҳнатларимизнинг энг яхши меваси, деб биламан. Уларнинг ютуғидан фахрланаман”, – деди Аҳматова.
Мазкур мактабда яратилган эркин ва замонавий муҳит ҳар йили Заршид ва Азизбекка ўхшаган йигит-қизларни тарбиялаш имкониятини бермоқда. Улар мактабни битирар-битирмас олий ўқув юртларига кириб, яхши бир касбга эга бўляпти. Айтиш мумкинки, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси айнан шу мактаб мисолида ҳам ўзини оқламоқда.
Мавзуга оид
10:01 / 07.01.2026
Самарқандда шифокорлар бемор қорнидан 200 грамм мих чиқариб олди
11:10 / 30.12.2025
Самарқанд вилоятини ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилинди
20:18 / 26.12.2025
IT соҳасидаги топ-10 миллиардернинг бойлиги сунъий интеллект туфайли кескин ошди
12:40 / 26.12.2025