Ўзбекистон | 09:55 / 08.03.2018
12939
3 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг катта кутубхонада Ўзбекистонда нашр этиладиган китоблар сақланадиган бўлди

Лондон шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий меросни тадқиқ этиш маркази ва Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази вакилларидан иборат делегация 5 март куни Британия кутубхонасининг маъмурияти билан учрашув ўтказди. Ўзбекистон делегациясини Британия кутубхонасининг тўпламлар раҳбари ва куратори доктор Кристиан Женсен, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё тўплами раҳбари доктор Колин Бекер, Осиё ва Африка тўплами раҳбари доктор Луиза Менгони, Европа ва Америка тўплами раҳбари Жанет Змрожек қабул қилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Британия кутубхонаси дунёдаги қўлёзма, китоб, харита, журнал ва бошқа манбаларнинг энг бой фондига эга кутубхона ҳисобланади. Кутубхонада 150 миллиондан зиёд манбалар сақланади. Унга ҳар йили 3 миллион янги адабиёт қўшилади, кутубхонага ҳар куни ўртача 16 000 китобхон ташриф буюради. Агар кунига Британия кутубхонасида сақланаётган 5 та китоб ўқилса, жами манбаларни ўқиб тугатиш учун 18 000 йил керак бўлади.

Фото: Британия кутубхонаси

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама этилди. Британия кутубхонаси расмийларига Ўзбекистонда буюк алломаларимиз меросини сақлаш, тадқиқ этиш, халқимиз, айниқса, ёшларимизга аждодларимиз асарларида тараннум этилган илм-маърифатга чорловчи ғояларни етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Британия кутубхонасида сақланаётган мамлакатимиз тарихига оид асарлар нусхаларини олиш, кутубхонанинг концепцияси, иш услуби ва методологиясини ўрганиш, мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Британия кутубхонасининг Осиё ва Африка тўплами раҳбари доктор Луиза Менгони ўз сўзида Британия кутубхонасида сақланаётган Ўзбекистон уламолари ва мутафаккирлари қаламига мансуб нодир қўлёзма ва тошбосма асарларни ўрганиш, каталогларини яратиш, факсимелье нусхаларини олишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди.

Фото: Британия кутубхонаси

Ушбу мақсадда қўлёзмаларнинг каталогини яратувчи шарқшунос, исломшунос олимлар, фото нусхаларни тайёрловчи мутахассисларни ёллаш, ҳамкор ташкилотларни белгилаш зарурлиги таъкидланди. Мазкур вазифалар муайян муддатни ўз ичига олган алоҳида лойиҳа доирасида бажарилиши ҳақида маълумот берилди.

Музокаралар натижасида Британия кутубхонасида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид ёзма манбаларнинг мавжуд нусхаларини олиш, ўрганилмаган асарларнинг электрон нусхаларини яратиш, Буюк Британияда ўзбек мутахассисларининг малака ошириш ўқувларини ташкил этиш ва мамлакатимизда нашр этиладиган тадқиқотларни Британия кутубхонасига тақдим этиш бўйича келишувга эришилди.

Британия кутубхонаси вакиллари мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюриш истагида эканини маълум қилдилар.