Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Панда дипломатияси»: Хитой АҚШга пандаларни қайтаради
Хитой ёввойи ҳайвонларни ҳимоя қилиш ассоциацияси Вашингтон миллий ҳайвонот боғи билан АҚШга кўпроқ пандаларни қайтариш бўйича музокара ўтказмоқда. Бу дунёнинг икки энг йирик иқтисодиёти ўртасидаги дипломатик алоқалар яхшиланишига сигнал деб ҳисобланмоқда.
Фото: Reuters \ Вашингтон ҳайвонот боғидаги панда айиғи
Дунёдаги барча пандалар Хитойники бўлгани боис чин ўлкаси бу кам учровчи жониворларни анчадан буён «панда дипломатияси» доирасида ўзи дўст деб билган давлатларга бериб келади.
«Хитойдаги тегишли ташкилотлар Испаниядаги Мадрид ҳайвонот боғи ва АҚШдаги Сан-Диего ҳайвонот боғи билан гигант пандаларни ҳимоя қилиш бўйича шартнома имзолади», деди Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нин.
«Шунингдек, АҚШдаги Вашингтон ҳамда Австриядаги Вена ҳайвонот боғлари билан ҳамкорликнинг кейинги босқичлари борасида ишлар олиб борилмоқда», деб қўшимча қилган вазир. Баъзи нашрларга кўра, бу борада музокараларга Байден маъмурияти вакиллари ҳам қатнашган.
Аввалроқ Хитой ёввойи табиатни асраш ассоциацияси Wechatʼдаги саҳифасида гигант пандаларни ҳимоя қилиш доирасида бир қатор зоопарклар билан келишув имзолаганини эълон қилганди.
Сиёсий совуқлик фонида АҚШдаги пандалар Хитойга қайтарилганди
Ўтган йил ноябр ойида икки давлат ўртасидаги сиёсий муносабатлар ёмонлашгани фонида Хитой Вашингтондаги ҳайвонот боғидан пандаларни қайтариб олганди. Улар 50 йилдан буён АҚШ пойтахтида сақланаётган пандалар авлодидан эди.
Шу тариқа ҳозир АҚШда фақат Атлантадаги зоопаркда панда қолган. Жоржия штатидаги ушбу ҳайвонот боғида сақланаётган 4 панданинг ижара муддати жорий йил якунига етади. Агар уларнинг ижара муддати узайтирилмаса ёки мамлакатдаги бошқа ҳайвонот боғларига пандалар берилмаса, АҚШда 1972 йилдан буён илк марта умуман панда қолмайди.
АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсон 1972 йил совуқ уруш вақтидаги Хитойга тарихий ташрифи доирасида чин ўлкаси ҳукумати АҚШга илк марта иккита гигант панда жуфтлигини совға қилганди.
«Биз гигант пандалар ва бошқа турларни асраш бўйича илмий тадқиқотларни кучайтирадиган давлатлар билан гигант пандалар муҳофазаси бўйича халқаро ҳамкорликнинг янги раунди бошланишини интизорлик билан кутяпмиз», деган Хитой ТИВ вакили.
«Панда дипломатияси» нима ўзи?
Чинликларнинг бу ҳаракатларини АҚШ билан муносабатларни илиқлаштиришни исташидан далолат деб қабул қилишмоқда. Чунки Хитой анчадан буён «панда дипломатияси» орқали давлатларга, айниқса Ғарб давлатларига ўзларининг сиёсий мақсадлари ҳақида сигнал бериб келади. Масалан, чинликлар кимгадир панда беряптими – демак ўша давлат билан кекларни унутиб, муносабатларни яхшиламоқчи. Қайсидир давлатдан пандалар қайтиб олиняптими – демак ўша давлат билан Хитойнинг алоқаси ёмонлашган.
Сиёсатчилар Хитойнинг ташқи сиёсатдаги режаларидан бохабар бўлиш учун катта пандалар қаерларга юборилишини кузатишни тавсия қилади. Фақат Хитойда учрайдиган бу ювош айиқдан чинликлар VII асрданоқ дипломатик алоқалар йўлида фойдалана бошлаган. Ўшанда мамлакат тарихидаги ягона аёл император Ву Зэтиен Япония императорига бир жуфт панда совға қилиш орқали муносабатларни яхшилаш истагини билдирган.
Ўтган асрнинг 50-йилларида Хитой давлати қайта барпо этилгач, «панда дипломатияси»га айниқса жиддий эътибор бера бошланди. Аммо 1957 йилдан 1983 йилгача Хитой атиги 9 давлатга 23 та панда туҳфа қилади. Бундан ташқари чинликлар Қизил китобга киритилган ушбу ноёб айиқни фақат дўст социалистик давлатларга беришга қарор қилади. Бу эса АҚШ ва Британия каби капиталистик давлатларнинг панда олиш учун ҳеч қандай имконияти йўқ дегани эди.
1958 йил австриялик ҳайвоншунос брокер Ҳейни Деммеру учта жирафа, иккита каркидон, иккита ҳиппопотам ва иккита зебрани Пекин зоопаркидаги битта пандага алмашади. Брокер катта машаққат эвазига қўлга киритган Чи-Чи исмли айиқни АҚШдаги ҳайвонот боғларидан бирига топширмоқчи бўлади, аммо Хитой томонининг чеклови сабаб бунга рухсат берилмайди. Шу сабаб Чи-Чини Лондондаги зоопаркка юборишади.
Британия тарихидаги илк панда Лондонда чинакам машҳурликка эришади ва айнан шу айиқ кейинчалик Бутунжаҳон ёввойи табиатни қўриқлаш фонди рамзига айланади.
Бир жуфт панда учун миллион доллар
80-йилларга бориб Хитой пандаларни бепул ҳадя қилишни тўхтатади. Ўшандан бошлаб пандани қўлга киритмоқчи бўлган давлатлар бир жуфт оқ-қора паймоқ айиқ учун йилига 1 миллион доллар ижара пули тўлаши белгилаб қўйилди. Шунда ҳам қайси давлатга панда беришни Хитой томони ҳал қилади. Етмаганига айиқлар нобуд бўлса, ўша давлатдан катта миқдорда товон пули олинади.
Маълумот учун, илк марта катта пандалар Шарқий Осиёдаги бамбук ўрмонларида учрагани айтилади. Ҳозирги Мянман ва Ветнам ерларида ҳам пандалар яшаган. XX асрга келиб дунёдаги барча пандалар қирилиб кетиши ҳам тахмин қилинган.
Аммо Хитой пандаларни асраш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиб, уларни сақлаб қолишга эришган. Хитойда пандалар учун 30 дан ортиқ қўриқхоналар қурилган, бу айиқ турини кўпайтириш устида ишловчи бутун бошли илмий марказ бор.
Хитой дунёдаги барча пандалар мамлакатга тегишли эканини эълон қилган. Бу қайсидир давлат Ер юзида учрайдиган барча турига эгалик қиладиган дунёдаги ягона ҳайвондир.
Мавзуга оид
10:30
Лукашенко Трампнинг “Тинчлик кенгаши”га қўшилишга рози бўлди
10:00
АҚШ Кариб денгизида еттинчи танкерни ушлади
16:12 / 20.01.2026
Олтин ва кумуш нархи тарихий энг юқори кўрсаткичга кўтарилди
13:50 / 20.01.2026