Жаҳон | 19:41 / 17.12.2025
14427
4 дақиқада ўқилади

«У энди Путинга керак эмас». The Guardian Башар Асаднинг Москвадаги ҳаёти ҳақида ёзди

Журналистлар аниқлашича, Суриянинг собиқ раҳбари рус тилини ўрганмоқда, деярли ҳеч ким билан мулоқот қилмаяпти ва офталмология соҳасидаги билимларини чуқурлаштирмоқда.

Фото: Miguel Medina / AFP / Scanpix / LETA

Суриянинг собиқ президенти, бир йилдан буён Москвада яшаётган Башар Асад яна тиббиёт билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри Россия ва Суриядаги манбаларига таяниб хабар берди.

Асадлар оиласига яқин бўлган шахснинг журналистларга айтиб беришича, собиқ президент офталмология бўйича дарсларга қатнамоқда. «У пулга муҳтожлигидан бунга қўл ураётгани йўқ, у бу соҳага меҳр қўйган. Суриядаги урушдан олдин ҳам у Дамашқда мунтазам тарзда офталмология билан шуғулланар эди», – дея қайд этган у. The Guardian суҳбатдошининг сўзларига кўра, Башар Асад рус тилини ҳам катта иштиёқ билан ўрганмоқда.

Нашр мақоласида ёзилишича, Асадлар оиласи ҳашамат ичида ҳаёт кечирмоқда, аммо унинг ўзи иҳоталанган – унга Сурия ёки Россия элитаси вакиллари билан алоқа ўрнатишига рухсат йўқ. «Унинг ташқи дунё билан алоқаси жуда кам, агар шу ҳам бор бўлса», – дейди Асадлар дўсти ва у «фақат бир неча киши» билан гаплашишини айтади. Бундай одамлар орасида президент ишлари бўйича собиқ вазир Мансур Аззам ва собиқ иқтисодий маслаҳатчиси Яссар Иброҳим бор.

Кремлга яқин бўлган манбанинг нашрга айтишича, Россия президенти Владимир Путин Асадни энди муҳим фигура деб ҳисобламайди, чунки «ҳокимиятдан маҳрум бўлган етакчиларга унинг тоқати йўқ». Москвада суриялик собиқ диктаторни энди нуфузли шахс сифатида ҳам, ҳатто «кечки овқатга таклиф қилиш мумкин бўлган қизиқарли меҳмон» сифатида ҳам кўришмаяпти.

Сўнгги вақтларда Асадлар оиласи вакили фақат бир марта оммага кўриниш берди, шу йил ёзида унинг қизи – 22 ёшли Зейн Москва давлат халқаро муносабатлар институтини (МГИМО) тамомлаган ва битирув маросимида қатнашганди. У ерда собиқ диктаторнинг рафиқаси Асма ва унинг икки ўғли – 24 ёшли Ҳафиз ва 21 ёшли Карим ҳам бор эди. Оила аъзолари эътибор жалб қилмасликка ҳаракат қилишган, талабалардан бири бу борада шундай дейди: «Оила узоқ вақт қолмади ва бошқа оилалар каби Зайн билан саҳнада суратга тушмади».

Асаднинг фарзандлари Бирлашган Араб Амирликларига тез-тез ташриф буюришади. Таъкидланишича, оила ҳокимият тепасида бўлган даврда ҳам БАА уларнинг севимли дам олиш маскани бўлган. Аввалига Асадлар БААга доимий яшаш учун кўчиб ўтишга умид қилишган, чунки болалар Москвада мослашишда қийинчиликларга дуч келишган, аммо бу режалардан воз кечишга тўғри келган. The Guardian қайд этишича, ушбу мамлакат расмийлари жамоатчилик фикри ҳақида унчалик қайғурмаса-да, Сурия собиқ диктаторини қабул қилиш «ҳатто БАА учун ҳам ноқулай бўларди».

Асаднинг ўзи Россияга қочиб кетганидан кейинги дастлабки ойларда асосий эътиборини лейкемия ташхиси қўйилган рафиқасининг соғлиғига қаратган. У Сурия режими қулашидан олдин ҳам Москвада даволанганди. The Guardian манбасининг сўзларига кўра, у «Россия махсус хизматлари назорати остида ўтказилган экспериментал терапия»дан сўнг ўзини яхши ҳис қила бошлаган.

Энди, деб ёзади The Guardian, Башар Асад ОАВ билан гаплашиб, Сурияда содир бўлган воқеалар бўйича ўз версиясини баён қилмоқчи. У аллақачон Россиянинг RT пропаганда канали ва ўнг йўналишдаги америкалик подкастчилардан бири билан интервю ўтказишга келишиб олган (нашрда унинг исми айтилмаган). Бироқ, бу интервюлар амалга ошиши учун у Россия ҳукуматининг рухсатини кутмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид