Жамият | 08:08 / 08.08.2025
3619
3 дақиқада ўқилади

Айрим оилалар фарзандини қабул қилган боғчаларга ота-оналар тўлови бир қисми қоплаб берилади

Айрим тоифадаги оилалар фарзандларини қабул қилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ушбу болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш тўғрисида низом лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Низом оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган айрим тоифадаги оилалар фарзандларининг бола таъминоти учун ота-оналар тўловининг 40 фоизини давлат бюджетидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.

Айрим тоифадаги оилалар фарзандларини нодавлат таълим ташкилотларига жалб қилишнинг мақсади – мазкур тоифадаги оила фарзандларини мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичларини янада яхшилашдан иборат.

Айрим тоифадаги оилаларнинг фарзандлари тўғрисидаги маълумотлар «Болалар боғчаси» мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали шакллантирилади ва «Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш» ахборот тизимига узатилади.

Компенсация тўланадиган айрим тоифадаги оилалар фарзандлари рўйхати ахборот тизими томонидан автоматик равишда қуйидаги тартибда аниқланади:

  • нодавлат таълим ташкилотида қабул қилинган айрим тоифадаги оилалар фарзандлари сони белгиланган миқдордан кўп бўлганда айрим тоифадаги оилаларнинг «қизил», «сариқ» тоифасига қараб устуворлик берилади;
  • бир хил тоифадаги оилалар фарзандлари сони нодавлат таълим ташкилотида белгиланган миқдордан кўп бўлганда, уларнинг нодавлат таълим ташкилотига қабул қилинган санасига қараб устуворлик берилади;
  • айрим тоифадаги оилалар фарзандлари назарда тутилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиб, рўйхатдан чиқарилгандан сўнг, уларнинг ўрнига юқоридаги банд талаблари асосида айрим тоифадаги оилалар фарзандлари учун компенсация белгиланади.

Компенсация тўлаб берилиши белгиланган айрим тоифадаги оилалар фарзандлари тўғрисидаги маълумотлар нодавлат таълим ташкилотининг ахборот тизимидаги шахсий кабинетида акс этади.

Айрим тоифадаги оилалар, фарзандларининг бола таъминоти учун компенсация белгилангани ёки тўхтатилгани ҳақида қуйидагича хабардор қилинади:

  • шахсий телефон рақамига смс-хабар юборилади ёки мобил илова орқали маълумот тақдим этилади;
  • нодавлат таълим ташкилоти раҳбари томонидан оғзаки ёки ёзма шаклда хабардор қилинади.

Айрим тоифадаги оилаларнинг ота-оналар бадали тўловларини қоплаш учун нодавлат таълим ташкилотига компенсация тегишли ҳудуддаги 9 соатлик иш режимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган ота-оналар бадали тўловлари миқдоридан келиб чиқиб белгиланади:

  • компенсация нодавлат таълим ташкилотига қабул қилинган айрим тоифадаги оилалар фарзандларининг бола таъминоти учун ота-оналар тўловининг 40 фоизи миқдорида ажратилади;
  • компенсация нодавлат таълим ташкилотига ҳақиқатда қатнаётган айрим тоифадаги оилалар фарзандлари сонидан келиб чиқиб, бироқ Мактабгача ва мактаб вазирлиги билан нодавлат таълим ташкилоти ўртасида тузилган битимда белгиланган ўринларнинг 15 фоизидан кўп бўлмаган қисмига ажратилади;
  • компенсация нодавлат таълим ташкилотининг ҳисобварағига уларга ажратиладиган субсидиялар билан бирга тўлаб борилади.

Компенсациянинг ойлик тўлови суммаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида тарбияланувчининг ҳақиқий давоматидан келиб чиққан ҳолда ахборот тизимида ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид