Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АПЛда дерби, Италияда грандлар тўқнашуви. Уикенддаги асосий ўйинлар анонси
Англияда Ҳусанов Манчестер дербисида, Туркияда эса Шомуродов ва Файзуллаев Истанбул дербисида майдонга тушиши мумкин.
Фото: Getty Images
Кичик танаффусдан сўнг яна клублар футболи қайтди. Табиийки, ҳар доимгидек, бу дам олиш кунлари ҳам мухлисларни бир қатор қизиқарли тўқнашувлар кутмоқда. Ҳаби Алонсо бошқарувидаги «Реал» Испанияда дастлабки жиддий синовга дуч келса, Италияда навбатдаги «класико», Англияда Манчестер дербиси. Албатта, бошқа учрашувлар ҳам назардан четда қолмаслиги керак, зеро келаси ҳафта бошланадиган Чемпионлар Лигаси олдидан топ-клублар сўнгги репетицияни амалга оширади. Қуйида энг эътиборли беш ўйин ҳақида батафсил.
«РЕАЛ СОСИЕДАД» – «РЕАЛ» МАДРИД (13 сентябр, 19:15)
Ла Лигада фақат икки жамоа уч турдан сўнг 100 фоизлик натижани қайд этган ва улардан бири Мадриднинг «Реал» клубидир. Жамоа мавсумни оғир бошлаган бўлса-да, ҳозиргача очко йўқотмади. Тўғри, тақвим ҳам «Реал» учун анча қулай келгани, ҳозирча ягона сафар ўйини ҳам лига дебютанти «Овиедо»га қарши кечганини таъкидлаш керак. Айтиш мумкинки, Ҳаби Алонсонинг Испаниядаги илк жиддий синови Сосиедадда бўлади ва қизиғи, Алонсонинг ўзи футболчи сифатида фаолиятини айнан мана шу клубда бошлаган ҳамда жамоа сафида юздан ортиқ учрашувда иштирок этган. Қайсидир маънода бу учрашувни Ҳабининг ўз уйига қайтиши деб ҳам айта оламиз.
Жиддий синов дейилганининг сабаби, «Эстадио Мунисипал де Аноэта» – гранд клублар учун доим қийин стадион бўлиб келган. Мадридликлар бу ерда охирги икки ўйинни ўз ҳисобига ёзиб қўйган бўлса-да, минимал ҳисоб қайд этилган, ҳеч қачон осон бўлмаган. Шунингдек, мухлислар жамоалар ўртасидаги сўнгги Испания кубоги яримфиналини ҳам яхши эсласа керак. Ўз майдонида 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган басклар Мадридда шоу уюштиришган – қўшимча бўлимларнинг охирида Рюдигер урган голгина ҳисобни (4:4) тенглаштириб, мезбонларни финалга олиб чиққанди. Хуллас, «Сосиедад» топ-рақибларга қарши қандай ўйнашни яхши билади.
Бунинг устига анъанавий равишда терма жамоалар билан боғлиқ йиғинлардан кейинги тур етакчи клубларга ноқулайлик туғдириши маълум. Чунки ўртамиёна жамоаларда турли терма жамоа аъзолари нисбатан камроқ бўлади ва навбатдаги ўйинга кўнгилдагидек тайёргарлик кўриш мумкин. «Реал» эса деярли ҳамма футболчисини терма жамоалар ихтиёрига жўнатганди. Яхшики, жамоанинг собиқ устози Карло Анчелотти «Реал»га яна бир кичик яхшилик қилди – бирорта собиқ шогирдини Бразилия йиғинига чақирмади. Шунингдек, бу учрашувдан уч кун ўтиб «Реал» Чемпионлар Лигаси доирасидаги илк ўйинини «Марсел»га қарши ўтказишини ҳам эслатиб ўтиш керак.
Жароҳатларга келсак, мезбонлар таркибида «Жирона»дан яқинда транфсер қилинган Янхел Эррера янги шерикларига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, Орри Оскарссонда ҳам кичик жароҳат бор. Алонсо эса Камавинга ва Беллингҳэмнинг ёрдамидан фойдалана олмайди.
Уч турдан сўнг янги мураббий Серхио Франсиско қўл остида ҳали бирорта ҳам ғалаба қозона олмаган «Сосиедад» кучли рақибни мағлуб этиб, ўзига бўлган ишончни қайтариб оладими ёки «Реал» ғалабали юришини давом эттирадими?
«ЮВЕНТУС» – «ИНТЕР» (13 сентябр, 21:00)
«Ювентус» икки учрашувда ҳам ўз дарвозасини дахлсиз сақлаган ҳолда ғалаба қозонди ва турнир жадвалини бошқариб бормоқда. Бу сизга ниманидир эслатмаяптими? Ўтган мавсумда ҳам «Ювентус» илк голини 7-турга келибгина ўтказиб юборган, ҳатто январ ойигача мағлубият нималигини билмаганди. Аммо жуда кўп дуранглар туринликларни чемпионлик пойгасидан эрта чиқариб юборди. Бу сафар ҳам шундай бўладими ёки Тюдор Моттанинг хатоларидан керакли сабоқ чиқарганми? «Интер»га қарши ўйин кўп саволларга жавоб беради, зеро таркиб ва салоҳият бўйича миланликлар барибир А Сериянинг энг кучли жамоаси саналади.
«Интер» мавсумни Туриннинг бошқа бир жамоаси «Торино» устидан йирик (5:0) ғалаба билан бошлаган бўлса-да, кутилмаганда ўтган турда «Удинезе»га ўз майдонида ютқазиб қўйди (1:2). Ҳаммаси осон бошланган ўйин кутилмаганда меҳмонларнинг голлари билан давом этди ва ҳисобни тенглаштиришни Киву шогирдлари уддалай олмади.
Бу бир кутилмаган қоқилишмиди ёки жамоада ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар борми, буни «Ювентус»га қарши ўйинда билиб оламиз. Одатда мураббий алмашганда ҳар бир муваффақиятсиз ўйиннинг салбий таъсири одатдагидан кўпроқ бўлади, футболчиларда шубҳалар пайдо бўлишни бошлайди. Ўзи катта футболда мураббийлик фаолиятини шу йил февралида бошлаган Кристиан Киву учун албатта, ҳар бир натижа босим нуқтайи назаридан жуда аҳамиятли бўлиши табиий.
Тахминий таркибларга келсак, «Интер»да йўқотишлар йўқ, жанговар таркибда. Ҳатто сўнгги трансфер сифатида олиб келинган Мануэл Аканжи ҳам муҳим ўйинда дебют қилиши мумкин. «Ювентус» эса Консейсау ёрдамидан фойдалана олмайди. Ўтган йилги шу рақиблар ўртасида Туринда кечган учрашувда айнан Чико масалани ҳал қилган ягона голни урганди. Шунингдек, Андреа Камбиасо «Парма»га қарши ўйинда ҳакам томонидан четлатилганди. У ҳам дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборади. Аркадиуш Милик эса доимгидек жароҳатда.
Ўзаро ўйинларга қаралса, Туриндаги учрашувлар «Интер» учун осон кечмаслигини кўрамиз. А Серия доирасидаги сўнгги 15 ўйинда «Интер» фақат икки марта ғалаба қозона олган. Уларнинг ҳам биттаси 2012 йилга тўғри келади. Юқорида эсланган Чико ягона голни урган учрашувдан аввалги икки тўқнашув бир хил – 1:1 ҳисобида якунига етган. Ўтган мавсум Миланда бўлиб ўтган ўйинда эса 4:4 ҳисоби қайд этилганди.
Бу учрашувдан кейин ҳар икки жамоани келаси ҳафта Чемпионлар Лигаси кутиб турибди. «Интер» Нидерландияда «Аякс» меҳмони бўлса, «Ювентус» Туринда «Боруссия»ни қабул қилади.
«БЕШИКТОШ» – «ИСТАНБУЛ БОШОҚШЕҲИР» (13 сентябр, 22:00)
Бирданига икки ўзбекистонлик трансфер қилинган жамоа мамлакатнинг энг кучли клубларидан бирига қарши дербида тўп суради. Афсуски, «Бошоқшеҳир» мавсумни кутилганидек бошлай олмади, акс ҳолда нафақат биз учун, балки Туркия Суперлигасининг ҳам марказий ўйини бўлиши мумкин эди.
«Истанбул Бошоқшеҳир» мавсум стартидаги икки ўйинини ҳам ўз майдонида дуранг билан якунлади. Рақиблар «Қайсериспор» ва «Эюпспор» бўлгани эътиборга олинса, қониқарсиз старт. Ҳаммасидан ҳам Руминиянинг «КСУ Крайова» жамоасига қарши плей-офф ўйинларини бой бериб, Конферециялар лигаси кубоги йўлланмасидан қуруқ қолиши ҳам мухлисларни ранжитди. «Бешиктош»га қарши ўйин ўзига яраша принципиал, ҳам дерби сифатида, ҳам ниҳоят жамоа ўзини кўрсатиб, мақсадлари жиддий эканини нафақат трансферлар билан, балки муносиб ўйин билан ҳам исботлаши керак.
Катта клуб сифатида «Бешиктош»нинг муаммолари ҳам каттароқ. Аввал жамоа «Лозанна»га қарши жавоб ўйинида ютқазиб, еврокубоклардан чиқиб кетди ва Оле Гуннар Сулшерни истеъфога чиқарди. Одатда мураббий алмашиши ҳеч бўлмаса илк ўйинларда эмоционал кўтарилишга сабаб бўлади ва кўп жамоалар шу даврда ижобий натижалар қайд этишади. Аммо жамоа Серген Ялчин қўл остига ўтганидан кейин ҳам тузалмади – «Аланияспор» майдонидаги ўйин мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Хуллас, «Бешиктош»да ҳам мухлислари қаршисида ўз айбини ювишга имконият – «Истанбул» устидан чиройли ғалаба.
Ҳамюртларимизга келсак, Элдор Шомуродов сўнгги беш ўйинда мунтазам равишда бошланғич таркибда тушди ва охирги уч ўйинни тўлиқ ўтказди. Аббос Файзуллаев эса ниҳоят «Эюпспор»га қарши ўйинда биринчи марта асосий таркибдан жой олди ва 70-дақиқада алмаштирилди. Аббос ҳам, Элдор ҳам ушбу ўйинда илк дақиқалардан майдонга тушмаслиги мумкин, зеро ҳар иккиси ҳам Ўзбекистон таркибида ўртоқлик ўйинларида ҳаракат қилишди. Дэви Зелке, Брнич, Туруж каби ҳужумчилар терма жамоалар йиғинларида иштирок этишмаган. Шундай бўлса-да, ҳамюртларимизга ишонч билдирилишини кутиб қоламиз.
«АТЛЕТИКО» – «ВИЛЯРРЕАЛ» (13 сентябр, 23:55)
Распадори, Алмада, Баэна, Руджери каби анча қизиқарли харидларни амалга оширган «Атлетико» кутилмаганда Симеоне давридаги энг ёмон стартни қайд этди – 3 ўйин, 2 очко. Ҳолбуки, рақиблар анча осонроқ эди – «Эспанйол», «Элче» ва «Алавес». Ундан ҳам аламлиси, ҳар уч ўйинда ҳам «Атлетико» тезкор гол уриб ҳисобни очганди. Лекин Симеоне қўлёзмаларига терс равишда устунликни сақлаб қолиш амалга ошмай қолди.
«Вилярреал» эса аксинча. Агар «Селта»га қарши ўйиннинг 90+4-дақиқасида мезбонлар ҳисобни тенглаштирмаганда, айни пайтда жамоа 100 фоизлик кўрсаткич билан бирорта ҳам гол ўтказмаган ҳолда турнир жадвали пешқадами бўлиб турган бўларди. Дастлабки икки ўйинни жамоа умумий 7:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилганди. Албатта, бошқа томонини ҳам айтиш керак, «Вилярреал» дастлабки турларни ўз майдонида ўтказган, илк сафар ўйини эса юқорида эсланган «Селта»га қарши учрашув эди.
Бу сафар ҳам «Вилярреал» сафарда тўп суради. Аммо айтиш мумкинки, «Метрополитано» ушбу жамоа учун у қадар қўрқинчли эмас. Аввалги натижалар бундан далолат қилиб турибди. Айнан Мадридда ўтган охирги 14 учрашувнинг ярмидан кўпида меҳмонлар очко олиб кетишга муваффақ бўлган. «Атлетико» ушбу рақибга қарши охирги беш уй ўйинида атиги бир марта ғалаба қозона олган, холос. «Вилярреал» ҳисобида ҳам битта ғалаба бор, уч учрашув дуранг билан якунига етган. Ўтган мавсумда жамоалар ўртасидаги иккала ўйин ҳам дуранг билан тугаган.
Таркибларга тўхталадиган бўлсак, Диего Симеоне янги трансфери Алекс Баэнанинг ёрдамидан фойдалана олмайди. 24 ёшли яримҳимоячи дастлабки турда «Эспанйол»га қарши ўйинда жароҳат олиб майдонни тарк этганди. Шунингдек, Тиаго Алмаданинг ҳам иштироки сўроқ остида. Меҳмонлар таркибида Жерар Морено тўлиқ тикланиб улгургани йўқ.
«Атлетико»ни келаси ҳафтада ҳам муҳим ўйин кутиб турибди. Мадридликлар ЕЧЛ 1-тури доирасида «Ливерпул» майдонига сафар қилади.
«МАНЧЕСТЕР СИТИ» – «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» (14 сентябр, 20:30)
Манчестер дербиси ҳар қандай мавсумда АПЛ марказий учрашуви саналса-да, турнир жадвали нуқтайи назаридан яна бироз сояда – жамоаларнинг биргаликда тўплаган очколарини қўшсак ҳам «Ливерпул»никидан кам бўлиб чиқади. «МЮ»нинг муваффақиятсиз старти аввалдан тахмин қилинган бўлса, 1-турдан кейин «Манчестер Сити» анча яхши таассурот қолдирган, мавсумнинг асосий фаворитларидан бири сифатида тилга олинаётганди.
Бундай ҳолат аслида бу учрашувга қизиқишни янада оширади. «МЮ»нинг яхши ўйини ва салбий натижалари орасидаги мувозанат қаерда? «Манчестер Сити»нинг инқирози бу мавсум ҳам давом этадими? Ўзаро ўйин йўл-йўлакай мана шу саволларга ҳам жавоб ахтариш билан бирга, муваффақиятсизликка учраган мураббийга босимни кучайтириб юборади. Пеп Гвардиоланинг курсиси Аморимники каби қимирламаётган бўлса-да, қаторасига учинчи муваффақиятсиз ўйин «Пепнинг даври ўтдими?» қабилидаги саволларни кучайтириб юбориши табиий. Сўнгги саккиз ой давомида 10 нафарга яқин янги футболчиларни таркибига қўшиб олган «Манчестер Сити»нинг қайта қуриш ишлари қай шаклда давом этиши албатта, натижаларга ҳам боғлиқ. Қаторасига икки йил чемпионлик пойгасида бўлмаслик Пепнинг мураббийлик тарихида илк марта содир бўлади.
Янги футболчилар ҳақида айтдик, аммо жароҳатлар тўлқини бошланганини ҳам қайд этиш керак. Атиги икки ҳафта олдин жамоада футболчи ҳаддан ташқари кўплигидан нолиган Пеп Гвардиола энди матбуот анжуманида ихтиёрида жуда кам футболчи қолганини айтмоқда. Терма жамоалар йиғинларидан олдин кичик жароҳатлар олган Гвардиол, Ҳусанов, Фоден, Ковавич каби футболчиларнинг таркибга қайтгани билан бирга, масалан, Омар Мармуш терма жамоадаги ўйинида жароҳат олди ва бир неча ҳафтага сафдан чиқди. Шунингдек, Райан Шерки ва Айт-Нури ҳам дербида жамоадошларига ёрдам бера олмайди. Стоунзнинг ҳолати сўроқ остида турибди. Демак, Йошко Гвардиол қайтган бўлса-да, у жароҳатланган Айт-Нурининг ўрнини тўлдириши эҳтимолини тахмин қилсак, Абдуқодир Ҳусановда ниҳоят Манчестер дербисида дебют қилиш имконияти бор. Апрел ойида «Олд Траффорд»да ўтган баҳсда Ҳусанов майдонга туширилмаганди.
Меҳмонлар таркибида Мейсон Маунт ва Матеус Куня майдонга туша олишмайди. Улар «Бёрнли»га қарши баҳсда жароҳат туфайли майдонни эрта тарк этганди. Маълум бўлишича, ҳар иккиси ҳам бир неча ҳафтага сафдан чиққан. Шунингдек, Диогу Далот терма жамоа йиғинларидан кичик жароҳат туфайли қайтиб келганди – у ҳам дербига тайёр бўлмайди. Қизиқ томони, ҳар икки жамоада ҳам дербида янги дарвозабонлар дебют қилиши мумкин эди. Аморим Ламменс учун бироз вақт борлигини айтган бўлса, Пеп Гвардиола Жанлуижи Доннарумма ушбу ўйинда асосий таркибда бўлиши мумкинлигига ишора қилди.
Бевосита, ўзаро ўйинларга тўхталадиган бўлсак, қаторасига тўрт ўйиндан бери «Сити» «МЮ» устидан асосий вақтда ғалаба қозона олмаяпти. Кубок финалида «қизиллар» устун келган бўлса, уч ой ўтиб Англия Суперкубоги учун баҳснинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунига етганди. АПЛ доирасидаги ўйинларда эса «Этиҳад»да меҳмонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган, «Олд Траффорд»даги баҳсда ҳисоб очилмаганди.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
13 сентябр. АРСЕНАЛ – Ноттингҳем Форест (16:30), Ҳайденҳайм – БОРУССИЯ Д (18:30), НЮКАСЛ – Вулверҳэмптон (19:00), Вест Ҳэм – ТОТТЕНҲЭМ (21:30), БАВАРИЯ – Ҳамбург (21:30), АТЛЕТИК – Алавес (21:30), Фиорентина – НАПОЛИ (23:45), Брентфорд – ЧЕЛСИ (23:55)
14 сентябр. РОМА – Торино (15:30), Бёрнли – ЛИВЕРПУЛ (18:00), АТЛАЛАНТА – Лечче (18:00), ПСЖ – Ланс (20:15), МИЛАН – Болоня (23:45), БАРСЕЛОНА – Валенсия (23:55).