Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа иқтисодиёти ўсишдан тўхтаб қолди. Стагнациядан чиқишнинг осон йўли йўқ
Европа Иттифоқи иқтисодиёти сўнгги йилларда ўсишдан тўхтаб қолди ва уни қайта тиклаш учун аниқ режалар йўқ. 2024 йилнинг охирги чорагида ҳам ҳеч қандай ўсиш қайд этилмади. Баъзи сиёсатчилар бу ҳолатни “ЯИМнинг барқарорлиги” деб атамоқда, лекин аслида минтақа иқтисодиёти бир жойда депсиниб турибди. Бу вазиятдан қандай чиқиш мумкинлиги эса ҳали аниқ эмас, деб ёзади The Economist.
Фото: Getty Images
Нашрнинг ёзишича, Европа иқтисодиёти ривожланишни таъминлаш учун бир нечта асосий омилларга суянарди, аммо ҳозир бу механизмлар ишламаяпти:
- Европада аҳоли қаримоқда, бу эса ишчи кучи камайиб бориши ва меҳнат бозорида ишчи қўллар етишмаслигига сабаб бўлмоқда;
- ташқи бозорларда талаб камайиб, Европа маҳсулотларини сотиб олувчи асосий бозорлар, масалан, Хитой ва АҚШ ўзларининг ички ишлаб чиқаришини ривожлантиришга эътибор қаратишмоқда;
- ички истеъмол ҳам иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватламаяпти: инфляция ва иқтисодий ноаниқлик сабабли одамлар пулларини тежашни афзал кўришмоқда. Бугунги кунда Европа аҳолиси ўз даромадининг 15 фоизини жамғараётган бўлса, пандемиядан олдин бу кўрсаткич 12 фоизни ташкил қилган.
Европа Марказий банки иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида фоиз ставкаларини 4 фоиздан 2,75 фоизга туширган ва яқин келажакда яна камайтириши мумкин. Бироқ, инфляция ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Хизматлар соҳасида нархлар йилига 4 фоизга ошиб бормоқда, бу эса пул-кредит сиёсатини кескин юмшатиш имконини чеклаб қўйяпти.
Баъзи сиёсатчилар давлат харажатларини ошириш таклифини илгари суришмоқда. Айниқса, мудофаа соҳаси ва янги инфратузилма лойиҳалари орқали иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мумкин. Германия каби давлатлар бу борада имкониятга эга, аммо Италия ва Франция каби қарзи юқори давлатлар харажатларини камайтиришга мажбур, шунинг учун Европа миқёсидаги умумий қўллаб-қувватлаш дастурини амалга ошириш эҳтимоли паст.
Европа иқтисодиётини ривожлантириш учун энг катта умид йирик корпорациялар ва бизнес сармояларига боғлиқ. Европа сунъий интеллект ва яшил технологиялар соҳасида катта имкониятларга эга, аммо корпоратив сармоялар сўнгги 5 йилда кескин камайган. АҚШдаги протекционистик сиёсатнинг кучайиши Европа компанияларининг сармояларини ўз ватанларига эмас, балки Америкага йўналтиришига олиб келиши мумкин.
Агар жиддий ўзгаришлар бўлмаса, Европа иқтисодиёти узоқ муддат давомида паст ўсиш даражасида қолиши мумкин. Бу ҳолат иқтисодий инқирозга олиб келмайди, лекин Европа иқтисодиётининг глобал рақобатбардошлигини чеклаб қўяди, ички сиёсий кескинликни кучайтиради ва аҳоли турмуш даражасини пасайтиради.
Бу эса узоқ муддатда Европани кучсизлантириши мумкин. Шунинг учун бугун минтақа нафақат ўз хавфсизлигини таъминлаш, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам ривожланиш стратегиясини қайта кўриб чиқиши керак.
Мавзуга оид
13:29
ЕИ Россиянинг музлатилган активларини муддатсиз блоклашга қарор қилди
22:29 / 10.12.2025
АҚШ Киевга Европа Иттифоқига қўшилишни ва «Корея сценарийси»ни таклиф қилмоқда
13:45 / 05.12.2025
Кипр: Украина ЕИ Кенгашига раислик даврида устувор йўналиш бўлади
16:03 / 04.12.2025