Спорт | 17:41 / 13.07.2025
10006
11 дақиқада ўқилади

Ёзнинг асосий ўйини: «ПСЖ» ва «Челси» клублар мундиали финалида тўқнашади

Янгиланган форматдаги турнир финали ҳақида асосий маълумотлар.

Фото: Getty Images

Бугун янги форматда илк бор ташкил қилинган ва бир ойдан бери давом этиб келган турнир ўз якунига етади. Мусобақа финалида «ПСЖ» ва «Челси» тўқнаш келади.

 Ғолиблар

Бу сафар бироз кенгроқ форматда ташкил қилинаётган бўлса-да, клублар бўйича жаҳон чемпиони деган ном аср бошларигача етиб боради ва анъанавий равишда 1960 йилдан буён Токиода ташкил этиб келинган қитъалараро кубок ўрнига пайдо бўлган. Аввалига фақат Либертадорес ва ЕЧЛ ғолиби ўртасида битта учрашув ўтказиш билан кифояланишган бўлса, кейин бошқа қитъалар вакиллари ҳам қўшила бошлайди.

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида энг кўп «Реал» ғалаба қозонган – 5 марта. «Челси» ҳисобида ҳам ушбу турнир ғолиблиги бор – 2021 йилда лондонликлар «Палмейрас» устидан 2:1 ҳисобида устун келишганди. Умуман олганда, охирги 11 турнирда, жумладан бу сафар ҳам шундай бўлади, бош соврин Европа клубига насиб қилиб келмоқда. Қизиғи, бошқа қитъа вакили ғалаба қозонган охирги финал 2012 йилда бўлганди ва айнан «Челси» «Коринтианс»га имкониятни бой берган.

Агар бугун «ПСЖ» ғолиб чиқадиган бўлса, клублар ўртасида жаҳон чемпионига айланган илк француз жамоасига айланади. Нафақат 2000 йилдан кейин пайдо бўлган турнир, умуман, 1960 йилдан бошланган қитъалараро кубок тарихини қўшадиган бўлсак ҳам, Франция клубларида ғолиблик йўқ. Эътиборли томони, 1993 йилда Марселнинг «Олимпик» жамоаси Чемпионлар Лигасини ютган бўлса-да, жаҳон чемпиони бўлиш насиб этмаган – молиявий қинғирликлар туфайли клуб дисквалификацияга учраган эди. Демак, Энрике шогирдлари тарихий воқеа бўсағасида туришибди.

Англиядан эса икки марта «Манчестер Юнайтед», шунингдек, бир мартадан «Манчестер Сити», «Ливерпул» ва юқорида айтилганидек «Челси» дунёнинг энг кучли жамоаси сифатида қайд этилиб, ушбу соврин эгасига айланган.

«ПСЖ» – яққол фаворит

Бемалол айтиш мумкинки, финал олдидан деярли ҳамма «ПСЖ»ни яққол фаворит сифатида эътироф этмоқда. Парижликлар бу мавсум ўзи қатнашган барча мусобақаларда ғолиб чиқмоқда, йўлидан чиққан барча топ-клубларни мағлуб этмоқда.

«Челси» эса ушбу турнирда тўрт йил олдинги ЕЧЛ ғолиблиги эвазига иштирок этаётгани, шунингдек, плей-офф сеткасида нисбатан осонроқ рақибларга дуч келгани гўёки финалнинг тасодифий иштирокчиси деб баҳоланишга ҳам асослар яратиши мумкин, аммо лондонликлар айнан мана шундай позицияда натижа кўрсата олишини ҳам яхши биламиз. Сўнгги 10-12 йилда «Челси» анча беқарор натижаларни қайд этиб, жуда кўп мураббийлар алмашган бўлса-да, айниқса халқаро майдонда жамоа Англиянинг энг муваффақиятли клуби ҳисобланади. «Челси» мана шу давр мобайнида икки марта Чемпионлар Лигасини, икки марта Европа Лигасини ютди, ҳатто яқинда ташкил этилган Конференциялар Лигасини ҳам ютишга улгурди.

ЕЧЛ финалларида «Челси» «Бавария» ва «Манчестер Сити»га қарши ўйнагани ва ўша ўйинларда ҳам рақиблар яққол фаворит сифатида қаралганини эслаш мумкин. Яъни «Челси»да ўз ҳолати ва таркибидан қатъи назар, керакли пайтда кучли рақибга муносиб туриб бера олиш хусусияти мавжуд.

Ўзаро ўйинлар

«ПСЖ»нинг «Реал» ёки «Бавария» билан ўйинлари каттароқ афишадек туюлиши мумкин, аммо ўтган ўн йилликда айнан «ПСЖ» ва «Челси» ўртасидаги плей-офф ўйинлар Чемпионлар Лигасининг классикалари қаторига кирган. Кўпчилик сўнгги дақиқаларда Демба Банинг голи ҳисобни 2:0 га етказгани (биринчи ўйинда 1:3) ва Жозе Моуринионинг майдон чети бўйлаб югурганини яхши эслайди. Бундан ташқари, кейинги мавсум нимчорак финалида икки дурангдан иборат ўйинлар сафардаги гол қоидаси бўйича парижликларни кейинги босқичга олиб чиққанди.

Умуман, агар ўртоқлик ўйинлари ҳисобга олинмаса, бу жамоалар ўзаро 8 марта тўқнаш келган ва барчаси Чемпионлар Лигасида. Икки марта лондонликларнинг қўли баланд келган бўлса, «ПСЖ» ҳисобида 3 ғалаба бор, уч ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати эса 11-10, «Челси» фойдасига.

Финалгача йўл

«Челси» турнирни D гуруҳида «Лос Анжелес» клубига қарши бошлади ва 2:0 ҳисобида (голларни Нету ва Фернандес урган) ғалаба қозонди. Аммо иккинчи ўйинда Бразилиянинг «Фламенго» жамоасига 1:3 (Нету) ҳисобида ютқазиб қўйди. Ўйин натижасига ҳисоб 1:2 эканида Николас Жексон майдондан четлатилиши ҳам таъсир кўрсатгани шубҳасиз. Гуруҳдаги сўнгги ўйинда «Эсперанс» устидан 3:0 (Тосин, Делап, Жорж) ғалаба лондонликлар 2-ўрин билан плей-оффга чиқишини таъминлади. Қайсидир маънода мана шу 2-ўрин ҳам «Челси»га финалгача йўл очиб берди дейиш ҳам мумкин. Сабаби, Мареска шогирдлари бироз кучсизроқ жамоалар тўпланган тарафга тушиб қолишди.

Нимчорак финалда «Бенфика» рўбару бўлди ва қўшимча вақтларда «Челси» 4:1 ҳисобида устун келди. Голларга бу сафар Жеймс, Нкунку, Нету ва Ҳолл муаллифлик қилишди. Чоракфиналда эса Палмернинг голи ва Уевертоннинг автоголи эвазига «Палмейрас» доғда қолдирилди. Ярифиналда «Челси» учинчи Бразилия клубига тўқнаш келди. Жамоа таркибига турнир давомида келиб қўшилган Жоао Педрунинг дубли «Флуминенсе» устидан ғалабани ва финал йўлланмасини таъминлади.

«Челси» 2025 йилги клублар мундиалида:

Гуруҳ босқичи

«Челси» — «Лос-Анжелес» — 2:0
«Челси» — «Фламенго» — 1:3
«Челси» — «Эсперанс» — 3:0

Плей-офф

1/8 финал. «Челси» — «Бенфика» — 4:1 қ.в.
1/4 финал. «Челси» — «Палмейрас» — 2:1
1/2 финал. «Челси» — «Флуминенсе» — 2:0.

«ПСЖ»нинг финалгача босиб ўтган йўли рақиби билан ўхшаш – гуруҳда икки ғалаба ва бир мағлубият. Парижликлар ҳам Бразилия клубига, «Батофого»га имкониятни бой берганди (0:1). Қолган барча ўйинларда «ПСЖ» ғалаба қозонди ва бирорта ҳам гол ўтказиб юбормади. «Атлетико» йирик ҳисобда тор-мор этилган (4:0) ўйинда Руис, Витиня, Маюлу ва Ли Кан Ин, «Сиэтл Саундерс»га қарши гуруҳдаги муҳим ғалаба (2:0) қайд этилган ўйинда Хвича ва Ҳакими голларга муаллифлик қилди, «Интер Майами»га қарши ўйинда Невеш иккита, Ҳакими битта гол урди, яна бир гол майамиликлар футболчиси номига автогол сифатида ёзилди (0:4).

Чоракфиналда «Бавария»га қарши ўйин «ПСЖ» учун энг қийини бўлди. Ўйиннинг сўнгги қисмигача дуранг сақланиб турди ва 78-дақиқадагина Дуэ ҳисобни очди. Кейин 82-дақиқада Пачо, 90+2 да Люка Эрнандес қизил карточка олиб майдонни тарк этишгач, немисларда ҳисобни тенглаштириш учун имкониятлар бўлганди. Аммо қарши ҳужумлардан бирида Дембеле иккинчи голни урди ва ўйин тақдирини ҳал қилди.

Финалдан олдинги финал деб эътироф этилган «Реал»га қарши ўйин эса кутилмаганда «ПСЖ»нинг осон ғалабаси билан тугади. 23-дақиқагача Руис иккита ва Дембеле битта гол уриб, ҳисобни йирик кўринишга олиб келиб қўйишганда финал йўлланмаси тақдири ҳал бўлганди. Ўйин охирларида Рамуш яна бир гол уриб, «ПСЖ» учун турнирда севимли бўлиб қолган ҳисобни таъминлади – 4:0.

«ПСЖ» 2025 йилги клублар мундиалида:

Гуруҳ босқичи

«ПСЖ» — «Атлетико» — 4:0
«ПСЖ» — «Ботафого» — 0:1
«ПСЖ» — «Сиэтл Саундерс» — 2:0

Плей-офф

1/8 финал. «ПСЖ» — «Интер Майами» — 4:0
1/4 финал. «ПСЖ» — «Бавария» — 2:0
1/2 финал. «ПСЖ» — «Реал» — 4:0

Иқтибослар

Луис Энрике:

«Демак, бизда яна битта ўйин бор ва ғалаба қозонсак, мавсумда иштирок этган барча турнирларда ғалаба қозонган жамоа сифатида номимизни тарихга ёзиб қўйишимиз мумкин. Бу биз учун ҳам, мухлислар учун ҳам аҳамиятли. Биз юздан ортиқ гол урдик, жуда кам ўтказиб  юбордик. Бизни финалда «Челси» кутиб турибди – турнирда яхши натижалар қайд этаётган кучли жамоа. Биз жиддий тайёрланишимиз ва тикланган бўлишимиз керак».

Энцо Мареска:

«Финал – катта натижа. Бу ажойиб мавсум. Биз жуда жуда бахтлимиз. Таркибимизда муҳим голлар уришга қодир бўлган футболчилар бор ва биз ишонамиз. Бутун жамоа бу футболчиларнинг керакли пайтда гол уриш имкониятига эга бўлиши учун ҳаракат қилиши керак».

Тахминий таркиблар

«ПСЖ»: Доннарумма – Мендеш, Пачо, Маркиниос, Ҳакими – Невеш, Витиния, Руис – Кварацхелия, Дуэ, Дембеле

«Челси»: Санчес – Гюсто, Чалоба, Адарабиойо, Кукуреля – Кайседо, Фернандес, Палмер – Нкаунку, Нету, Жоау Педру.

Ҳакам

Ўйинни келиб чиқиши эронлик бўлган австралиялик ҳакам Алиризо Фағоний бошқариб боради. У фаолиятини Эронда бошлаган, лекин 2019 йилда Австралияга кўчиб ўтиб, маҳаллий чемпионатда ишлаган. 2022 йил май ойида ФИФА Алиризони ЖЧ-2022 ҳакамлари рўйхатига киритди ва у Қатарда Бразилия – Сербия ҳамда Португалия – Уругвай учрашувларини бошқарди.

Ҳакам ёрдамчилари ҳам Австралиядан: Антон Шетинин ва Эшли Бичем.

Ўйин қаерда ва қачон бўлиб ўтади?

 Финал Ню Жерси штатидаги Ист-Рутерфорд шаҳрида, «Метлайф Стэдиум»да бўлиб ўтади. Ўйингоҳ 2010 йилда қурилган ва ўз бағрига 82 500 томошабинни сиғдиради.

Ўйинни ўзбекистонлик томошабинлар «Зўр ТВ» орқали тўғридан тўғри томоша қилиши мумкин. Трансляция бугун соат 23:50 да бошланади. Даврон Файзиев ва Ҳасан Турдалиев биргаликда мазкур баҳсни шарҳлаб боради.

Тайёрлаган:  Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид