Ўзбекистон | 15:37 / 16.10.2023
12743
4 дақиқада ўқилади

Ҳамид Олимжон майдонидаги уйлар ойнаванд кўринишга келтирилиши рад этилди

Ишлаб чиқилган лойиҳалардан бири (суратда) шу уйларда яшовчиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Пойтахт ҳокимлиги бу фақатгина пудратчининг таклифи экани, ҳокимлик уни кўриб чиқмаганини билдирди. Маълум қилинишича, шаҳарда фасади ва конструкциялари эскирган 70 та кўп қаватли уй реконструкция қилинади.

Фуқароларга кўрсатилган эскиз

Тошкентнинг Ҳамид Олимжон майдонида жойлашган, ягона ансамблни ҳосил қилувчи 8 та кўп қаватли уйлар фасадини янгилаш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳавий эскиз бу ерда яшовчиларнинг эътирозига сабаб бўлди.

18 қаватли уйларда яшовчи аҳоли вакиллари таъмирдан кейин уйлар фасадининг декоратив аспекти йўқолиши, уйларда ҳаво алмашинуви ёмонлашишидан хавотирда. Уларнинг қўлидаги эскизда тўртала бинонинг офисларга хос тарзда ойнаванд ва композит панеллардан иборат фасадга эга кўриниши акс этган.

Фуқароларнинг Gazeta.uz'га маълум қилишича, домкомлардан аҳолини реконструкция режаси билан таништириш сўралган. Реконструкция учун материалларнинг бир қисми олиб келиб қўйилган, лекин ишлар ҳали бошланмагани айтиляпти.

Ансамблнинг ҳозирги кўриниши / Фото: Kun.uz

Аҳоли вакилларига кўра, бу саккизта 18 қаватли уйлардан ташқари, уларга яқин жойда – Мустақиллик шохкўчасида жойлашган учта 9 қаватли уйларнинг ҳам фасади янгиланиши кўзда тутилган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг матбуот котиби Гулноза Қосимованинг Kun.uz сўровига жавобан айтишича, шаҳарда фасади эскирган, конструкциялари муддатини ўтаб бўлган 70 та кўп қаватли уй реконструкция қилинади. “Лекин тармоқларда тарқалган бу суратлар кўринишида эмас”, – деди у.

“Ҳамид Олимжон майдонидаги уйларнинг ташқи томонида металл конструкциялар бор. Бинолар баланд, шамолда шу конструкциялар учиб кетиб кимнидир майиб қилиб қўйиши ёки мол-мулкка зарар етказиши мумкин. Шунинг учун уларни ҳам янгиламоқчимиз, режалаштирилган. Ҳали бу борада ишлар бошланмаган.

Аҳоли билан шу ўзгаришлар борасида гаплашишни режа қилган вақтимиз 2-3 нафар пудратчилар ўз таклифини берганди, мана шу вақтда шу расмлар тарқаб кетган. Тартиби бўйича, уларнинг лойиҳаси аҳоли билан келишилади, шундан сўнг шаҳар ҳокимиятига берилади.

Тармоқларда тарқалган расмларни биз ҳали тасдиқламаганмиз, бу эскизлар бизга келгани ҳам йўқ ҳали. Кўп қаватли уйлар фасади янгиланиши аниқ, бу режамизда бор. Лекин бу кўринишда эмас. Пудратчиларга бино учун аҳолига ёқадиган эскизни тайёрлаш вазифаси берилган. Бу жараёнда бинонинг тарихий қиёфасини максимал даражада сақлаб қолишга ҳаракат қилинади, бизга шу талаб қўйилган”, – деди ҳокимлик расмийси.

Унинг қўшимча қилишича, бу биноларни янгиламасликнинг “иложи йўқ”, чунки фасад қисмидаги “конструкциялар жуда эскириб кетган”. Ҳозир туман ҳокимиятлари айнан нималар эскирганини ўрганиб чиқишяпти.

Фуқароларга кўрсатилган эскиз

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ҳам бу уйларнинг фасадини таъмирлаш ишлари фуқароларнинг таклифи ва розилиги асосида ташкил этилишини билдирди. Таъкидланишича, бунинг учун пудратчи ташкилотлар камида учта, ҳар хил кўринишдаги тақдимотлар ўтказиши керак.

Ҳамид Олимжон ҳайкали айни пайтда Миллий боғдаги Адиблар хиёбонига кўчирилган.

Блогер Никита Макаренконинг ёзишича, Ҳамид Олимжон майдонидаги кўп қаватли уйларда яшовчилар “факт қаршисида қолдирилган”: уларнинг фикри сўралмаяпти.

“Улар бизга реконструкция лойиҳасини кўрсатишмади ва буни муҳокама ҳам қилишмади. Фақатгина кондиционери бор хонадонларнинг рақамларини йиғиб чиқа бошлашди, реконструкция вақтида бу кондиционерлар ечиб қўйиларкан. Яъни шундай бўлиши кутилаётганини эканини айтиб, бизни факт қаршисида қолдиришди, ҳеч қандай муҳокама ёки саволлар бўлмади”, – дея қайд этади Ирода Азимова исмли фуқаро.

Блогернинг қўшимча қилишича, бу уйларда яшовчилар 3 йилдан бери эски лифтларни алмаштириш учун навбат кутиб келади.

Мавзуга оид