Ўзбекистон | 15:22 / 21.03.2022
11667
2 дақиқада ўқилади

Фото: Тошкентда Наврўз байрами тадбирлари бўлиб ўтди

Тошкент шаҳридаги “Humo Arena” мажмуасида 21 март куни Наврўз байрами шодиёнаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, халқни байрам билан табриклади.

“Наврўзда табиатда рўй берадиган уйғониш ва янгиланиш юртимиздаги ўзгаришларга уйғун. Сўнгги беш йилда Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳалар ривожлантирилди, ҳудудлар қиёфаси янгиланди. 

Бундай ишларни давом эттириш мақсадида жорий йилда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дастури қабул қилинди”, дейилади расмий хабарда.

- Меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз миллий ривожланишнинг янги даврига улуғвор мақсад ва амалий ишлар билан кириб бормоқда, - деган тадбирда давлат раҳбари.

Президент ўз табригида Наврўзнинг моҳияти, мамлакатдаги тинчлик-осойишталикнинг қадри ҳақида алоҳида тўхталган.

- Наврўзи олам бизни табиат фарзанди бўлиб, ватан тупроғини, она заминдаги ҳар бир гиёҳни, кўзимизга тўтиё қилиб яшашга ўргатади. Наврўз ҳаммамизга инсонийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фанидан сабоқ беради. Шу файзли лаҳзаларда барчамиз тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг қадр-қиммати ва аҳамиятини яхши англаймиз. Бугунги мураккаб дунёда халқимиз ҳаётини, фарзандларимиз келажагини, мусаффо осмонимизни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз масъул ва жавобгар эканимизни янада чуқурроқ ҳис этамиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари байрамда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларини, чет эллардаги ватандошларимизни ҳам табриклаган.

Шунингдек, 22 март куни нишонланадиган Маҳалла куни муносабати билан ушбу тизим фаоллари, оқсоқоллар, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари қутланган.

Маълум қилинишича, байрам тадбири концерт дастури билан давом эттирилган.

Қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёев Наврўз сайлида ҳам иштирок этиб, миллий маданият марказлари, фольклор-этнографик жамоалар чиқишларини кузатган.

“Президентимиз байрамга келган одамлар билан суҳбатлашиб, уларни табриклади”, дея якунланади расмий хабар.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид