Жаҳон | 21:10 / 19.10.2017
8473
1 дақиқада ўқилади

Москва вилоятида ўзбеклар ва тожиклар учун газеталар нашр қилинади

Москва вилоятининг ахборот сиёсати бўйича бош бошқармаси раҳбари Анастасия Звягина хабарига кўра, оммавий ахборот воситаларида миллатлараро муносабатлар ва миллий маданиятларга бағишланган махсус рукнлар пайдо бўлади. Бундан ташқари, мигрантларни ҳудуднинг ижтимоий ҳаётига жалб қилиш мақсадида, ўзбек ва тожик тилларида газеталар чоп этилади.

«Газеталарнинг махсус сонларини ўзбек ва тожик тилларида чоп этишни режалаштирганмиз. Бу бошқа миллий маданият вакилларини ҳудуднинг ижтимоий ҳаётига жалб этиш имкониятини беради», — деди Звягина Москва вилояти ҳукумат уйида ўтказилган матбуот анжуманида.

Айни пайтда, вилоят губернатори Андрей Воробьёв оммавий ахборот воситалари олдига миллатлараро зиддиятларнинг юзага келишини олдини олиш вазифасини қўйган.

Хабарда, мигрантлар учун чоп этиладиган газеталарга сарфланадиган бюджет харажатларининг миқдори ҳақида маълумот берилмаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид