Жаҳон | 14:37 / 19.12.2025
3068
8 дақиқада ўқилади

Вақтинча тўхтатилган грин-карта, Украинага $100 миллиардлик қарз ва Австралияда қурол бўйича янги тартиб – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Грин-карта вақтинчалик тўхтатилди

18 декабр куни АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизматига грин-карта дастурларини вақтинча тўхтатишни буюрганини маълум қилди.

«Президент Трампнинг кўрсатмасига биноан, мен зудлик билан DV1 дастурини тўхтатишни буюрмоқдаман, токи бу ҳалокатли дастур сабаб яна бирорта америкалик зарар кўрмасин», – деди Кристи Ноэм.

Дастур тўхтатилишига сабаб сифатида Браун университетидаги отишмада гумон қилинаётган шахс – Клаудио Невес 2017 йилда АҚШга айнан грин-карта орқали киргани кўрсатилган.

Бир неча кун олдин АҚШдаги Браун университети ва Массачусетс технология институтида отишмалар юз берди. Браун университетида отишма оқибатида 2 киши, хусусан ўзбекистонлик талаба Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳам ҳалок бўлганди.

Иммиграцион хилма-хиллик визаси дастури – ҳар йили АҚШга келиш ва қонуний яшаш учун дунё бўйлаб 50 минггача кишига иммиграцион визани тақдим этган.

Украина учун 90 миллиард евролик қарз

Европа Иттифоқи етакчилари Украина мудофаасини молиялаштириш учун музлатиб қўйилган Россия активларидан фойдаланиш ўрнига қарз олишга қарор қилди.

«Бугун биз Украинага 90 миллиард евро ажратиш тўғрисидаги қарорни маъқулладик. Шошилинч тартибда Европа Иттифоқи бюджети билан таъминланган кредит ажратамиз», – деди Европа кенгаши раиси Антонио Кошта Брюсселдаги музокаралардан сўнг.

Аслида Европа томонидан қарз олиш ғояси ҳам амалга ошмайдигандек туюлганди. Чунки бу қарорга Венгриянинг Россияга мойил бўлган бош вазири Виктор Орбан қарши чиқиб келган. Энди эса Венгрия, Словакия ва Чехия – бу схема молиявий жиҳатдан уларга таъсир қилмаслиги шарти билан кредитга рози бўлди.

«Репарация кредити бўйича жуда кўп саволлар бор эди, шу сабабли биз «B» режага ўтдик. Европа тартибсизлик ва бўлинишдан қочди ва бирлашган ҳолда қолди», – деди Белгия бош вазири Барт Де Вевер.

АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган ҳафта Европа давлатларини «заиф» деб атаганидан кейин европаликлар кучи ва қатъиятини намойиш этишни кўрсатди, деб ёзмоқда Ғарб нашрлари.

Шунингдек, Еврокомиссия Россиянинг музлатилган пуллари асосида «репарация кредити» устида ҳам ишни давом эттиради. Россиянинг 210 миллиард евролик активлари – Украинага уруш зарарини тўламагунча музлатилган ҳолда қоладиган бўлди.

Австралия аҳолидан қуролларни қайта сотиб олмоқчи

Австралия ҳукумати Бонди пляжидаги ҳужумдан сўнг қуролларни давлат томонидан қайта сотиб олиш дастурини эълон қилди. Австралия бош вазири Энтони Албанезига кўра, мамлакат аҳолиси қўлида ҳозир 4 миллиондан ортиқ қурол бор.

«Агар қуроллар сонини камайтирмоқчи бўлсак, уларни қайта сотиб олиш дастури бу жараённинг муҳим қисми бўлиши шарт», – деди Австралия Федерал полицияси комиссари Крисси Баррет.

Янги дастур – ортиқча, энди тақиқланган ва ноқонуний қуролларни сотиб олишни назарда тутади. У федерал ҳукумат ҳамда штат ва ҳудудлар томонидан 50/50 нисбатда молиялаштирилади. Ҳукумат баҳосига кўра, юз минглаб қуроллар йиғиб олиниб, йўқ қилинади.

Шунингдек, бир шахс эгалик қилиши мумкин бўлган қуроллар сонига чеклов жорий этилади, муддатсиз қурол лицензиялари ва қурол турлари чекланади, фақат Австралия фуқаролари лицензия олиши мумкин бўлади.

Расмийлар якшанба кунги ҳужумни террорчилик ҳужуми деб эълон қилган. Ҳужум иштирокчиларидан бири ва ярадор ҳолда қўлга олинган 24 ёшли Навид Акромга 59 та айблов қўйилган. Унинг отаси Сажид ҳужум вақтида ҳалок бўлган.

Ултра-ортодокс яҳудийлар яна полиция билан тўқнашди

Қуддусдаги ултра-ортодокс яҳудийлар маҳалласида Исроил ҳукумати расмийлари билан юзага келган тўқнашувда 13 нафар полициячи ҳужумга учраб, жароҳат олди.

Полициянинг маълум қилишича, можаролар инспектор автомобилларни жойлаштиришдаги қоидабузарлик учун жарима ёзмоқчи бўлиши ортидан бошланган. Полиция бир кишини қўлга олган. Шундан сўнг юзлаб ултра-ортодокс намойишчилар етиб келиб, гумонланувчини озод қилишга уриниб, полициячиларнинг машиналарига зарар етказган.

Ижтимоий тармоқларида тарқалган видеоларга кўра, полиция шовқинли гранаталар қўллаган, сув пуркагичлардан фойдаланган ва намойишчиларни таёқлар билан калтаклаган.

Маҳалла аҳолиси полицияни ўз аъзоларидан бирини ҳарбий рўйхатдан ўтмагани учун ҳибсга олишга уринишда айблаган. Полиция эса бу айбловни рад этган.

Пайшанба куни ултра-ортодокс намойишчилар соҳил бўйлаб ўтувчи йирик автомагистраллардан бирини тўсиб қўйди.

Тахминан 1,3 миллион ултра-ортодокс яҳудийлар – Исроил аҳолисининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Улар Ғазодан урушдан кейин мажбурий ҳарбий хизматга чақириш билан боғлиқ можаролар туфайли ҳукумат билан тўқнаш келмоқда.

RSFʼнинг жиноятлари

Суданлик яримҳарбий гуруҳ — RSF апрел ойида Дарфур минтақасида кўчирилганлар лагерини эгаллаб олганида оммавий қатллар уюштирган. Бу ҳақда пайшанба куни эълон қилинган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси ҳисоботида сўз боради.

Ҳисоботда айтилишича, ҳужумдан бир неча ой олдин Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари — ярим миллион киши бошпана топган Замзам лагерига озиқ-овқат ва бошқа таъминот воситаларининг киришини тўсиб қўйган.

Лагерни эгаллаб олиш жараёнида оммавий қотилликлар, зўрлаш, қийноқлар ва одам ўғирлаш ҳолатлари ҳақида хабар берилган. Камида 319 киши лагер ҳудудида ёки қочишга уринган пайтда қатл этилган.

Хулосалар 2025 йил июл ойида Чад давлатига қочиб ўтган 155 нафар гувоҳ билан ўтказилган суҳбатларга асосланган. Улардан бирининг кўрсатмасига кўра, лагер ичидаги бир хонада яширинган саккиз киши RSF жангчилари томонидан ўлдирилган — жангчилар деразадан милтиқларини тиқиб, хонадаги одамларга қарата ўқ узган.

Октябр охирида эса гуруҳ ал-Фашир шаҳрига ҳужум қилиб, яна минглаб одамларни судсиз қатл этиш ва ўғирлашда айбланмоқда.

Францияда кема кузатув тизими можароси

Франциянинг ички разведка хизмати мамлакат жанубидаги Сет портида тўхтаб турган кемада аниқланган кузатув қурилмаси юзасидан тергов бошлади.

Anadolu'нинг ёзишича, операция ўтган ҳафта Париж прокуратураси кўрсатмаси билан амалга оширилган ва 2 минг кишини ташишга қодир «Fantastic» йўловчи кемаси нишонга олинган.

Италия компаниясига тегишли кемада ўтказилган тинтув давомида икки нафар гумонланувчи — бири Латвия, иккинчиси Болгария фуқароси — кузатув қурилмасига ноқонуний аралашувда гумон қилиниб қўлга олинган.

Контрразведкачилар тергов давомида кема бортида қўшимча материаллар аниқлаган. Франция ички ишлар вазири Лоран Нюнес ҳодисани «жуда жиддий» деб атади. «Баъзи шахслар кеманинг маълумотларни қайта ишлаш тизимига бузиб киришга уринган», — деди у. Бундай хорижий аралашувлар эса — бугунги кунда деярли ҳар доим «битта мамлакат»дан келиб чиқади.

Энг асосий хавф шундаки, Европада кучайиб бораётган хорижий кибер-разведка ва аралашувлар занжири — ҳарбий тузилмалардан фуқаролик объектларига ўта бошлаган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид