Жамият | 18:49 / 16.07.2022
16337
5 дақиқада ўқилади

“Ривожланишни истаган давлат борки, аввало университетларини ривожлантиради” – Акфа университети ректори билан суҳбат 

Дунёдаги ривожланган университетларда ер майдони ёки қандайдир мантиқсиз талабларга (форма, кўриниш, давомат ва ҳ.к) эмас, таълим сифати, амалиёт ва битирувчиларнинг келгусида қандай нуфузли корхоналарда ишлаб кета олиши каби кўрсаткичларга эътибор қаратилади. 

Хўш, Тошкентдаги Акфа университети мана шу талабларга қанчалик жавоб беради? Kun.uz таълим сифати ва бошқа жараёнлар ҳақида университет ректори Бекзод Жалилов ва муассасага хориждан келиб дарс бераётган қатор ўқитувчилар билан суҳбатлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Бекзод ака, интервью аввалида Акфа университети ва нафақат Акфа балки Ўзбекистондаги энг ёш ректор сифатида шахсан сизни мана шу вазифага тайинланишингиз ҳақида сўрамоқчиман.

Сизнинг 1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилганингиз, Вестминстер, ИНҲА каби университетлар ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ишлаганингизни биламан. Айримлар эса сизни Тошкент шаҳар ҳокими, Ўзбекистоннинг энг йирик тадбиркорларидан бири Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳам қариндошлигингиз ҳақида айтишади.

Хўш, ўзингиз янги ва йирик бир хусусий университет ректорлигига келишингиз жараёнларини қандай эслайсиз?

— 2018 йилда президент Шавкат Мирзиёев “Aкфа medline” тиббиёт марказига ташриф буюрганида у кишига шу тиббиёт маркази ҳузурида университет очиш бўйича маслаҳат берилган эди. Шундан кейин янги хусусий университет ташкил этиш бўйича президент қарори қабул қилинди.

Ўша пайтларда таълим тизимидаги устозим Козимжон Ҳасанов Akfa group’нинг таълим йўналишида ишлаб келарди. Устозимдан мана шу университет лойиҳа раҳбари сифатида кимни қўйиш мумкинлиги ҳақида сўрашган. 2011 йилда ўқишни битиргач, айнан таълим соҳасидаги қатор вазифаларда ишлаб келаётганим сабабли устозим бу вазифага мени тавсия қилган.

Ўша вақтда мен “Akfa medline” клиникасининг раҳбари Камола Мирзалиеванинг суҳбатидан ҳам ўтганман. Мана шу суҳбат давомида менга “лойиҳани охиригача етказадиган бўлсангизгина унга раҳбарлик қиласиз ва кейинчалик лойиҳа асосида ташкил этилган университетнинг ректори бўласиз”, – деб шарт қўйишган. Шу билан 2019 йил университетнинг ташкил этилиши бўйича ҳукуматнинг тегишли қарори чиққач, олдимдаги вазифаларни яхши бажарганим учун таъсисчи томонидан ректорликка тайинланганман.

—  Саволнинг биринчи қисмида бекорга Тошкент шаҳар ҳокимини ҳам тилга олмадим, бу лавозимга ўтиришингизда Ортиқхўжаевнинг ҳам ўрни борми?

— Очиқ айтадиган бўлсак, Akfa group’нинг 40 мингдан ортиқ ишчилари ва жуда кўплаб корхоналари мавжуд. Менинг университетга ректор бўлиб тайинланишимда Жаҳонгир Ортиқхўжаев тўғридан тўғри қатнашмаган. Чунки шахсан у кишининг суҳбатидан ўтмаганман. Бу жараёнда бевосита “Akfa medline” раҳбарияти қатнашган, улар билан суҳбат қилганман ва улар мени тайинлашган.

Бир қизиқ ҳолат бўлган, буни ҳали ҳеч қаерда айтмаганман. “Akfa medline”да ишлаб, Тошкент Акфа университетига тайинланган вақтимда Мирзо Улуғбек туманида депутат сифатида ҳам ишлаганман (ҳозир ҳам ишлайман). Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимлигига йиғилишга чақиришган ва уни Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўтказган. Ўша вақтда ҳоким ректор бўлишимга қарамай, мени танимаган. Менимча, шундан ҳам билса бўлади, бу лавозимга тайинланишимга уларнинг тўғридан тўғри алоқаси йўқ.

“Akfa medline” томонидан менинг олдимга қўйилган мақсад пул топиш эмас. Фақат сифатли кадрларни  бу ерга жалб қилишим керак. Биз бу борада чет элдаги нуфузли университетларда профессор даражасига етган ва ишлаб келаётган Ўзбекистон фуқароларини ўзимизга жалб қилишга ҳаракат қиляпмиз.

— Мана энди университет ва унинг йўналишлари ҳақида суҳбатлашсак. Таълим муассасаси бошқалардан нимаси билан фарқ қилади ёки аксинча?

— Ҳозирги кунда биз давлатга керакли йўналишларни очишга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, тиббиёт йўналишида даволаш иши, фармацевтика, ҳамширалик иши, бизнесда эса бухгалтерия ва молия, иқтисод, стартап, менежмент йўналишлари, шунингдек, инглиз тили, амалий математика бўйича педагогларни тайёрлаш ҳамда инженеринг йўналишида IT мутахассислик каби мактабларни очганмиз. Бу орқали мамлакатда етишмаётган сифатли кадрларни ўқитишга ҳаракат қиляпмиз.

Таълим борасида бошқалардан аниқ бир фарқли жиҳатимиз шундаки, биз биринчи кунданоқ университетдаги барча жараённи шаффоф қилишга ҳаракат қилганмиз. Айтайлик, биринчи кундан ҳужжатларни онлайн топшириш тизимини йўлга қўйдик.

Шунингдек, Акфа университетига дастлаб контракт асосида ўқишга кирган талаба билимига қараб, кейинчалик бюджетда ўқиши ёки аксинча, бюджетга кирган талаба контрактга тушиб кетиши мумкин. Бу ерда ҳаммасини талабанинг ҳаракати, билими ва изланиши ҳал қилади. Бу талабалар орасида рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. 

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Унда шунингдек, хориждаги нуфузли университетларда ишлаб, Ўзбекистонга қайтган ва ҳозир шу университетда дарс бераётган ўқитувчилар билан суҳбатлар ҳам  ўрин олган.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Муаллиф:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид