Ўзбекистон | 20:22 / 05.02.2020
44333
3 дақиқада ўқилади

Давлат идоралари ва ташкилотларида ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб қилишга барҳам берилади

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва вилоят ҳокимликларида ходимларнинг иш вақти тугагандан сўнг ва дам олиш кунлари ноқонуний ишлатилишининг олдини олишга қаратилган қарор ва фармойишлар чиқарилмоқда.

Фото: iStock

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан Ўзбекистонда давлат органларига меҳнат қонунчилиги ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқига риоя қилиш топшириқ қилинган.

Kun.uz таҳририятига келиб тушган ҳужжатлар нусхасига кўра, мазкур ҳужжатлар меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш, иш унумдорлигини ошириш, дам олиш кунлари ходимларнинг жисмоний-руҳий тикланиши ва оиласи даврасида фарзандлари тарбияси билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишига қаратилган.

Масалан, Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиевнинг 4 февраль кунги «Вилоятдаги давлат идоралари ва ташкилотларида меҳнат қонунчилигини таъминлаш тўғрисида»ги 38-қарорида жумладан шундай дейилади:

«…Вилоятдаги айрим давлат идоралари фаолиятида ходимларга дам олиш учун имконият бермаслик, иш вақти тугагандан кейин уларни ушлаб туриш, дам олиш кунлари тегишли ҳуқуқий асоссиз ишга жалб этиш ва меҳнат ҳуқуқини бошқача тарзда бузиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

Давлат хизматчиларининг руҳий ва жисмоний зўриқиш остида ишлашлари турли касалликларга, айниқса, кўз, юрак қон-томир ва асаб тизими касалликларига сабаб бўлмоқда.

Бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чораларни кўрмаслик оқибатида малакали кадрларнинг давлат идораларидан чиқиб кетишига ва ёш мутахассислар учун давлат хизматининг жозибадорлиги пасайиб боришига олиб келмоқда».

Жиззах вилояти ҳокими қарорига кўра, Дам олиш ва байрам кунлари ходимларнинг юқори турувчи органлар, бошқа давлат идоралари ва ташкилотлари биносига фақат мазкур идора раҳбарининг ёзма рухсати билан киритиш тартиби белгиланмоқда.

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановнинг 3 февраль кунги 28-Ф сонли фармойишига кўра, қонунчилик талабларини бузган ҳолда асоссиз равишда ишга жалб этиш оқибатида ходимларга тўланган қўшимча иш ҳақи ва бошқа харажатлар айбдор раҳбарлар ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Дам олиш ва байрам кунларида ходимларнинг ҳокимлик биносига фақат вилоят ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳининг ёзма рухсати билан кириш тартиби белгиланган.

Ҳафтанинг душанба куниларида белгиланган вилоятлардаги аппарат йиғилиши ва бошқа мажлислар ҳафтанинг бошқа иш кунига кўчирилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 129-, 130-моддаларига кўра, барча ходимларга дам олиш кунлари (ҳар ҳафталик узлуксиз дам олиш) берилиши, уларнинг дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланиши белгиланган.

Ходимларни улар дам оладиган кунлари ишга жалб этиш ушбу Меҳнат кодексининг 220-моддаси 5-қисмида ва 228-, 245-моддаларида белгиланган чеклашларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Кодекснинг 157-моддасида иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши, байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкинлиги қайд этилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид