Ўзбекистон | 22:40 / 28.11.2019
12298
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича Speedtest Global Index рейтингида 7 ўрин пастлади

Ирландиянинг Ookla компаниясига тегишли Speedtest.net интернет-сервис 2019 йилнинг октябрь ойи якунларига тааллуқли маълумотларни эълон қилди. Унда жаҳондаги давлатларда мобил ва симли интернет тезлиги таққослаб чиқилган.

Ўзбекистон мобил интернет тезлиги бўйича 141 давлат ичида 136-ўринда қайд этилган — Интернетдан ўртача юклаб олиш тезлиги 9,48 Мб/сония, юклаш тезлиги эса 5,73 Мб/сония. Бу борада кўрсаткич сентябрь ойига нисбатан 7 ўринга пастлаган.

Симли интернет борасида Ўзбекистон 176 давлат орасида 119-ўринга жойлаштирилган — Интернетдан ўртача юклаб олиш тезлиги 18,90 Мб/сония, юклаш тезлиги эса 19,27 Мб/сония.

МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари ичида мобил интернет тезлиги бўйича Литва — 19, Эстония — 26, Молдова — 41, Латвия — 56, Арманистон — 57, Озарбойжон — 60, Гуржистон — 66, Украина — 88, Россия — 91, Қозоғистон — 99, Қирғизистон — 106, Беларусь — 118, Тожикистон — 132-ўринда жойлаштирилган.

Ҳозирча интернетнинг ўртача баҳосини билдирувчи Worldwide mobile data pricing рейтинги ўтган йилдан буён янгиланмасдан турибди. 2018 йил ноябрь ойига асосланган маълумотларга кўра, тадқиқотчилар Ўзбекистонни 230 давлат ичида 69-ўринга жойлаштиришган.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид