Жамият | 18:45 / 14.04.2020
114657
16 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда илғор кластер тугатилмоқда. Бу – «катталар»нинг ноқонуний талабини бажармаганлик учун жазоми?

Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги «SULTON TEX GROUP» хусусий корхонаси раҳбари Нурбек Эргашевдан мурожаат келиб тушди.

У бошига тушган кўргуликлар юзасидан президент Шавкат Мирзиёевга ҳам видеомурожаат йўллаган.

Бугунги кунда пахтачиликка ихтисослаштирилган кластер корхонаси ҳисобланадиган ушбу корхона 2011 йилда тўқимачилик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан ўз фаолиятини бошлаган.

Кластер Қарши туманида 15 минг гектар экин майдонида пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришни ташкил этган бўлиб, 500дан зиёд фермер хўжалиги билан пахта хом ашёси етиштириш бўйича шартнома имзолаган.

Корхона кластерга айлантирилган 2018 йил 13–14 декабрь кунлари президент Шавкат Мирзиёев корхонага ташриф буюриб, корхона томонидан фойдаланишга топширилган лойиҳа қиймати 17 млн АҚШ долларидан иборат ип йигирув фабрикаси ва Қарши туманида пахтани кластер усулида етиштириш бўйича ташкил этилган ишлар билан танишиб, юқори баҳо берган. Шунингдек, 2019–2020 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган трикотаж мато фабрикаси, тикув фабрикаси, пахта тозалаш заводи ва ёғ ишлаб чиқариш заводи лойиҳаларини маъқуллаб, тегишли топшириқлар берган.

Мурожаатда айтилишича, топшириқларнинг катта қисми ўтган давр ичида бажарилган.

Фото: Дарё

Бугунги кунга қадар 40 млн АҚШ доллари миқдоридаги 7та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 2280та иш ўринлари яратилган.

Жорий йил якунига қадар 24 млн АҚШ доллари миқдоридаги яна 4та лойиҳа ва 2021 йилда 36 млн АҚШ доллари миқдоридаги 4та лойиҳа ишга туширилиб, жами иш ўринлари сони 3700тани ташкил этиши кўзда тутилганди.

Аммо маҳаллий инвестор ва банк кредитлари эвазига ривожланиб бораётган ушбу корхона саноқли кунлар ичида жар ёқасига келтириб қўйилди.

Нурбек Эргашевнинг Kun.uz мухбирига ҳикоя қилиб беришича, барчаси Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари (яқингача Бухоро вилояти ҳокими) Ўктам Барноевнинг 2020 йил 20 март куни Косон туманида Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш хамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида ўтказган йиғилишидан кейин содир бўлган.

Пахта ҳисобидан ғалла

Йиғилиш баёнида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (З.Т.Мирзаев), «Агробанк» АТБ (Маматқулов) Марказий банк вилоят Бош бошқармаси (Ражабов) ва тижорат банкларининг ғаллани минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва кимёвий препаратлар билан ишлов бериш учун етишмайдиган маблағларни тижорат кредити, пахта-тўқимачилик кластерларига ажратиладиган пахта имтиёзли кредит маблағлари ва фермер хўжаликларининг устав фондига жамғариладиган маблағлар ҳисобидан (!) қоплаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин, дейилган.

(Қизиқ ҳолат: Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари давлат хариди фондидан ғалла етиштиришга ажратилган (кимё ва техника хизматларига) пулнинг ўзи қани?)

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (З.Т.Мирзаев) туманлар сектор раҳбарлари билан биргаликда беш кун муддатда устав фондига 16,6 млрд cўм маблағ жамғариш чораларини кўрсин;

(Яъни, шундоқ ҳам ҳоли вой бўлиб турган фермерлар беш кун муддатда ўз устав фондларини 16,6 миллиард сўмга оширади — топган-тутганини банкка олиб бориб топширади. Уларни бу ишга мажбурлаш жиноят эканини сектор раҳбарлари ҳисобланувчи прокурорлар билишармикан?)

«Агробанк» АТБ (Маматқулов) тижорат банклари билан биргаликда бир ҳафта муддатда фермер хўжаликларига ажратиладиган тижорат кредити, пахта-тўқимачилик кластерларига ажратиладиган пахта имтиёзли кредити ва фермер хўжаликларининг устав фондига жамғариладиган жами 73,8 млрд cўм маблағни иловага мувофиқ минерал ўғитлар ва кимёвий препаратлар харид қилиш учун йўналтирсин;

(Пахтачиликка ихтисослашган кластерлар ва фермерлар ўлпон тариқасида топширган пуллар ғалла учун минерал ўғитлар ва кимёвий препаратлар харид қилишга йўналтирилади. Эртага пахтага, масалан, ўғит керак бўлганда пул қаердан олинади?)

Молия вазирлиги (Эргашев), «Агробанк» АТБ (Маматқулов) ва тижорат банклари билан биргаликда ғалла ўриш комбайнларини таъмирлаш учун талаб этиладиган 7,8 млрд cўм маблағни 2020 йил пахта ҳосили учун ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан тўлаб бериш чораларини кўрсин.

(Ҳаттоки ғалла ўриш комбайнлари пахта ҳосили учун ажратилган имтиёзли кредитлар ҳисобидан тўлаб берилади — курсивдаги таъкидлар муаллифга тегишли).

Нурбек Эргашевнинг айтишича, унинг «чеки»га ғалла учун 5,8 миллиард сўм пул ўтказиб бериш тушган. У бундай қила олмаслиги, банк кредитидан мақсадсиз фойдалана олмаслигини айтганидан сўнг унда муаммолар бошланган.

Лекин, тадбиркор нега ўзи учун умуман фойдаси бўлмаган нарсага пул ўтказиб бериши керак? Битта «Султон текс» эмас, қолганлари ҳам. Нега?

Ўзининг айтишича, Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев вилоятга ташрифи чоғида уни чақириб, унга «менинг топшириғимни қилмайсанми ҳали, сен кластер сифатида тугатиласан», деган.

«Жазо» узоқ куттирмаган. 2020 йил 8 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари — кластерлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ўтказилган йиғилишда республикада самарасиз фаолият кўрсатаётган ва тугатилиши лозим бўлган 16та кластер корхоналари рўйхати тасдиқланган.

Уларнинг орасида Қарши туманидаги «Султон текс» МЧЖ ҳам бор.

Йиғилиш баёнида «Султон текс» МЧЖга қуйидагича айбловлар қўйилган:

1 . Пахта хомашёсини чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ циклни қамраб олган қайта ишлаш қувватлари мавжуд эмас.

2. 2020–2021 йиллар учун аниқ ҳисоб-китобларга асослаган лойиҳалар ишлаб чиқилмаган.

3. Агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга амалий ёрдам кўрсатилмаслиги оқибатида пахта етиштиришда ҳосилдорлик паст бўлиб 2019 йилда 19,4 центнерни ташкил этган ва 2018 йилга нисбатан 10,9 центнерга пасайтириб юборилган.

4. Фермер хўжаликларига етказилган моддий ресурслар ва кўрсатилган хизматлар нархларини оширилган қийматда тақдим этиб келган. Оқибатда, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги таъминланмаяпти.

Хулоса: Пахта-тўқимачилик кластери фаолияти тўхтатилсин, ўрнида фермер хўжаликлари кооперацияси ташкил этилсин.

Ишлар бошлаб юборилган: айни пайтда Қарши туманидаги фермерларга ички ишлар ходимлари томонидан бўш шартномага имзо ва муҳр қўйдириб олинмоқда. Яъни, 5,8 миллиард сўмни тўлаб берса — «Султон текс»да гўёки ҳали ҳам имкон бор. Тўламаса — фермерлар етиштирган пахтасини бошқа ташкилотларга топширишади.

Аммо, Нурбек Эргашевнинг тушунтиришича, корхонада пахтани чуқур қайта ишлашнинг барча босқичлари мавжуд. Жумладан, пахта тозалаш заводи, ёғ ишлаб чиқариш заводи, ип йигирув фабрикасининг 1-босқичи, трикотаж мато фабрикаси, тайёр кийим кечак тикувчилик фабрикаси, пахта зараркунандаларига қарши курашиш бўйича биолаборатория, қолаверса 8,5 млн. АҚШ долларига харид қилинган 330та замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари.

2020–2021 йилларда 60 миллион долларлик 8та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган ва амалга ошириш бўйича ишлар бошланган. Улар орасида замонавий уруғчилик цехи, сифат сертификат лабораторияси, асал тайёрлаш ва қадоқлаш-қурилиш ишлари якунланган, ускуналар олиб келинган, ип йигирув фабрикасининг иккинчи босқичи, тўқима мато фабрикаси, бўёқ фабрикаси, чорвачилик лойиҳаси, сут ва гўштни қайта ишлаш кабилар бор.

Нурбек Эргашев бу кўргуликларнинг ортида Қарши тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Акром Арипов гавдаланиб турганини айтмоқда. Чунки Н.Эргашев аввалдан бу раҳбар билан келишмай келади. Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевга ҳам сохта ва нотўғри ахборотларни айнан у тайёрлаб бергани айтилди.

Акром Арипов ҳақида икки оғиз. У Қарши тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига ўтишдан аввал вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган.

У шу йил январида Нишон туманида вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг топшириғига кўра фермер даласига кириб, ғаллани пайҳон қилган қўйларни сўйдириб ташлагани билан интернетда машҳур бўлган эди.

Акром Арипов (ўнгда).

Бу борадаги фикрлари билан танишиш учун унга қўнғироқ қилдик. Акром Арипов матбуотга бу борада ҳеч нарса дея олмаслиги, барчаси бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев имзолаган баённомаларда акс этганини айтиб ўтди.

Шунингдек, у кластер Қарши туманига ҳеч нарса қилиб бермаётгани, бу корхонадан туманга фойда йўқлигини ҳам қўшимча қилди.

Бироқ Нурбек Эргашевнинг айтишича, корхонада ишлаётган ишчиларнинг 80 фоизи Қарши туманидан бўлиб, хориждан келиб ишлаётган ишчилар ҳам бор.

Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинади. Жумладан, 2019 йилда 15,2 млн АҚШ доллари миқдорида, 2020 йилнинг I чорагида 4,1 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилган.

2019 йил пахта ҳосили бўйича Қарши туманидаги фермер хўжаликлари томонидан 21,5 млрд сўм ҚҚС, 3,5 млрд сўм ягона ер солиғи, 3,6 млрд сўм иш ҳақига тегишли тўловлар, жами 28,6 млрд сўм Қарши тумани бюджетига тўланган.

Бундан ташқари, корхонанинг Қарши туманидаги ер ва мулклари бўйича солиқлар ҳам туман бюджетига тўланади. Корхона солиқ тўловчи сифатида йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекциясида рўйхатга олинган.

«Агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга амалий ёрдам кўрсатилмаслиги оқибатида пахта етиштиришда ҳосилдорлик паст бўлгани» ҳақидаги даъволар ҳам ёлғон. Қарши туманида 2018 йилда 15 минг 700 гектар ер майдонига пахта экилган бўлиб, 30895,5 тонна пахта етиштирилган ёки 19,6 центнер ҳосилдорликка эришилган.

2019 йил кластер тизими жорий этилгандан сўнг 15 минг гектар ер майдонига пахта экилган бўлиб, 30647,3 тонна пахта етиштирилган ёки 20,4 центнер ҳосилдорликка эришилган. Яъни, ҳосилдорлик 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 0,8 центнерга ошган.

«Фермер хўжаликларига етказилган моддий ресурслар ва кўрсатилган хизматлар нархларини оширилган қийматда тақдим этиб келган. Оқибатда, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги таъминланмаяпти», деган важни кўрсатишмоқда.

Аммо корхона томонидан қишлоқ хўжалиги техникалари билан фермер хўжаликларига кўрсатилган механизация хизматлари нархи вилоят ва туман «Машина трактор парклари» томонидан белгиланган нархлардан паст қилиб белгиланган.

Фермер хўжаликларига етказиб берилган минерал ўғитлар ва бошқа моддий ресурслар нархи ҳам туман ва вилоят агрокимётаъминот корхоналари томонидан белгиланган нархлардан паст қилиб белгиланган.

Бу борада гўёки Нурбек Эргашевдан «азият» чеккан бир гуруҳ фермерларнинг ҳам видеомурожаати чиқди. Улар ҳаттоки, «Султон текс» бизни эзиб юборди, агар бизни эзмаганида мана бу карантин кунларида халқимизга кўпроқ хайрия қилиб ёрдам қилган бўлар эдик», дея блогер Ақида Хонимга ҳам қўнғироқ қилиб айтишибди.

Энг қизиғи, фермерлар Нурбек Эргашевнинг тумандаги селектор йиғилишларига келмайди, деб айблашмоқда. Бу айбловлар фермерлардан кўра кўпроқ туман ҳокимлигининг айбловига ўхшаб қолмоқда. Яъни, уларга гап ўргатилган. Эргашев селектор йиғилишига келиш-келмаслигининг фермерга нима қизиғи бўлиши мумкин?..

Тўғри, ҳозир карантин чоғида бориб, кластер билан шартнома имзолаган фермерларнинг барчаси билан битта-битта гаплашиб, уларнинг ҳақиқий фикрини тўплаб чиқиш имконсиз. Лекин кимлардир мана шу ҳолатдан ўз манфаати йўлида ҳам унумли фойдаланаётганга ўхшаяпти.

Нурбек Эргашевнинг бу борадаги фикри билан ҳам қизиқдик:

«Мен 570 фермер билан ишлайман. Уларнинг орасида ҳар қанақаси бор. Шу 10–15 фермер туман ҳокимлигининг буюртмасини бажармоқда. Менинг фермерлардан бир тийин қарзим қолмаган. 2019 йил 31 декабргача барчаси билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиб бўлганман. Уларга байрам ҳам ташкил қилиб берганман. Вилоят ҳокими ҳам келиб иштирок этиб, совғаларни топширган эди.

Лекин айрим фермерлар борки, сифатсиз уруғини олиб келиб топшириб, эвазига икки баробар кўпроқ ҳақ олишни истайди. Мен ўзим уруғчиликни ривожлантириш мақсадида қўлидан иш келадиган фермерлар билан сифатни қаттиқ назорат остида олиб бориб ишламоқдаман».

Маълум бўлишича, Нурбек Эргашев бу пахтачилик соҳасида дийдиёларга илк марта дуч келаётгани йўқ. Аввал ҳам уруғчилик масаласида можаролар чиққан. Сифатсиз уруғни қабул қилишдан бош тортгани учун ўша вақтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Муҳиддин Эсонов (бу шахс ҳам Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими) томонидан босим уюштирилаётгани ҳақида журналистларга гапириб берган эди.

Энди нима бўлади?

Кластерлар республика президенти ташаббуси билан пахтачилик соҳасида мажбурий менатга барҳам бериш, пахтани ўзи етиштириб, маҳаллий бозорга таннархи арзон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хорижга экспорт қилиб валюта тушумини кўпайтириш мақсадида ташкил этилган эди.

«Султон текс»да шу ишлар йўлга қўйилган, замонавий технологиялар билан қуролланган корхона энди биржадан қиммат нархга пахта сотиб олиб, рентабеллиги паст маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ёки фаолиятини тугаллашга мажбур қилинмоқда.

Хўш, кластер ёпилди ҳам дейлик. Фермерлар кооперацияси нима қилади? Пахтасини пахта тозалаш заводларига топширади. Улар — биржага чиқаради. Бундан ким ютади? Албатта, сифати паст уруғчилик пахтаси учун икки баробар кўп ҳақ оладиган фермерлар ва ортиқча пулни улар билан «арра» қиладиган «катталар».

Ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлар, халқ, давлат бюджети эса, одатдагидек, ютқазади. Бу тескари селекция оқибати бўлмасдан нима?

Энг ёмони — кластер раҳбари, ерга меҳр бериб ишлаш учун, пахтани замонавий усулда йиғиб териб олиш учун 8,5 миллион долларга замонавий тракторлар ва пахта териш машиналари харид қилган. Улар нима бўлади?

Фото: Дарё
Фото: Дарё
Фото: Дарё

Сармоядор бир ишни бошлаш учун улкан сармоя киритар экан, нега унга давлат ерни кафолатлаб бера олмаяпти? Бунақада одамларда давлатга ишонч қоладими?

Кластер қандайдир хатоларга йўл қўйган бўлса унга йўл-йўриқ кўрсатиб, унга ёрдам бериш эмасми давлатнинг вазифаси? Уни ноқонуний топшириқни бажармагани учун жазолаб, 2 мингдан зиёд одамни ишсиз қолдиришдан нима наф?

Фермерда президентга мурожаат қилиш, дардини журналистларлар орқали халққа айтишдан бошқа имконият йўқ. Соҳадаги раҳбар ходимлар эса президентга вазиятни ўзи истагандек, тадбиркорнинг зарарига сўзлаб бера олади.

Ё биз қонун билан ишлашимиз керак ёки қонун йўқлигини тан олишимиз лозим.

Вазият ўта ва ўта жиддий. Лекин нима бўлганда ҳам, гуллаб-яшнаётган, яқин келажакда улкан режаларни амалга ошираман, деб турган корхонага бульдозер солиб, вайрон қилмаслик керак. Бундай ишлар янги иш бошламоқчи бўлиб турган маҳаллий тадбиркорларга, қолаверса, Ўзбекистонга инвесторларнинг қизиқишини сўндиришга хизмат қилади-ку, ахир?!

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz махсус мухбири.

P/S: Таҳририятга маълум қилишларича, Қашқадарёда «SULTON TEKS» МЧЖ корхонасининг қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган енгил машиналарга «сизлар энди кластер эмассизлар», деган важ билан «ов» бошланган ва хизматдаги машиналар ёппасига жарима майдончаларига қўйиш бошланган.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид