Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Францияда энг кам иш ҳақи миқдори оширилади
Фото: Laurent Cipriani / AP Photo
Франция президенти Эммануэль Макрон бир неча ҳафтадан буён давом этаётган «сариқ жилетлилар» намойишлари фонида мамлакатда фавқулодда иқтисодий ва ижтимоий ҳолат эълон қилди. У 10 декабрь куни BFMTV телеканали эфири орқали фавқулодда ҳолат ҳақида маълум қилган.
Давлат раҳбари намойишчиларни хотиржамлик ва тартиб сақлашга чақирган, зўравонликни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмаслиги ҳақида гапирган. Шу билан бирга у французларнинг ғазаби «адолатли» эканини қўшимча қилган.
Макрон 2019 йилнинг майидан мамлакатда энг кам иш ҳақи миқдори 100 еврога оширилишини, шунингдек, йил якунида бериладиган мукофот пуллари солиққа тортилмаслигини, энг камбағал қатламга солиқ имтиёзлари тақдим этилишини маълум қилган.
Бешинчи республика президенти, мамлакатдаги йирик корхоналар ва бадавлат фуқаролар иқтисодий инқирозни енгиб ўтишда кўмак бериши зарурлиги ҳақида тўхталган. У шу ҳафтада йирик компаниялар раҳбарларини йиғиб, бу масалаларда тегишли қарорлар қабул қилмоқчи.
11 декабрь куни унинг ташаббуслари бош вазир томонидан парламентга ўқиб эшиттирилади. Макрон бойлик учун солиқларни тикламасликка ваъда қилган — унинг фикрича, бундай йиғимлар туфайли мамлакатни бой кишилар тарк этиши ва иқтисодиётга инвестициялар киритилмаслиги мумкин.
Франциядаги тартибсизликлар ноябрь ойи ўрталарида бошланганди. Бензин нархлари оширилишига қарши бошланган акцияларда юз минглаб кишилар қатнашди. Асосан ҳайдовчилар иштирок этган дастлабки намойишлар иштирокчилар кийиб олган либослар туфайли «Сариқ жилетлилар» намойишлари номини олди.
Декабрь ойи бошига келиб ҳукумат ён берди. Францияда бензин нархи оширилмайдиган бўлди. Бош вазир «ҳеч бир солиқ миллат бирлигини хавф остида қолдиришга арзимаслиги» ҳақида маълум қилди.
Францияда 2019 йил 1 январдан бензин учун солиқ миқдорини 2,9 евроцентга, дизель учун эса 6,5 евроцентга оширилиши режалаштирилган эди. Ҳукумат шу йўл билан аҳолини жамоат транспортидан фойдаланиш ва электромобиллар сотиб олишга ундамоқчи эди.
Намойишлар фонида Франция иқтисодиёти жиддий зарар кўрди. Ҳисоб-китобларга кўра мамлакат иқтисодига етган зарар миллиард еврони ташкил қилди.
Мавзуга оид
14:41 / 31.12.2025
Актёр Жорж Клуни ва унинг оиласи Франция фуқаролигини олди
18:28 / 27.12.2025
Геология фанлари университети ва Франциянинг BRGM ташкилоти билан келишувга эришилди
23:22 / 25.12.2025
Жазоир француз мустамлакасини жиноят деб эълон қилди
10:00 / 25.12.2025