Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
WSJ: АҚШ Киевга Россия ичкарисига зарбалар бериш учун разведка маълумотларини тақдим этади
АҚШ Киевга чегарадан узоқда жойлашган Россия энергетика инфратузилмасига узоқ масофали ракета зарбалари бериш имконини яратувчи разведка маълумотларини топширишга рози бўлди, деб хабар бермоқда WSJ манбаларга таяниб.
Фото: Jens Buttner/Reuters
Трамп маъмурияти чегарадан узоқда жойлашган Россия энергетика инфратузилмасига узоқ масофали ракета зарбалари учун разведка маълумотларини Украинага топширишга рози бўлди. Бу ҳақда 1 октябр, чоршанба куни The Wall Street Journal интернет-нашри номи ошкор этилмаган икки америкалик мулозимга таяниб хабар берди.
Муаллифларнинг қайд этишича, бу қадам АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Украинани узоқ масофага учувчи қуроллар билан таъминлаш масаласини кўриб чиқаётган бир пайтда юз берди.
Reuters хабар беришича, Вашингтон узоқ вақтдан бери Киев билан разведка маълумотларини бўлишиб келади. Бироқ, WSJ мақоласига кўра, «янгилик Украинага Кремлни даромад ва нефтдан маҳрум қилиш мақсадида нефтни қайта ишлаш заводлари, қувурлар, электр станциялари ва бошқа инфратузилмаларга зарба беришни осонлаштиради».
WSJ маълумотларига кўра, АҚШ НАТО иттифоқчиларидан Украинага ҳам худди шундай ёрдам кўрсатишни сўраган. Аввалроқ Доналд Трамп Европа давлатларини Россия нефтини харид қилишни бутунлай тўхтатишга чақириб, буни ўз маъмуриятининг Россияга нисбатан қаттиқроқ санкциялар қўллаши учун шарт қилиб қўйган эди.